Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

Ўтунбаева ҳам "ЕХҲТ полициячиларининг жанубга киришига қарши"


Германия парламенти депутати Виола фон Крамонга кўра, қирғиз президенти Роза Ўтунбаева ЕХҲТ полициячилари жанубга кирса миллатчилар ҳуруж қилишидан ҳайиқмоқда.
Германия парламенти депутати Виола фон Крамонга кўра, қирғиз президенти Роза Ўтунбаева ЕХҲТ полициячилари жанубга кирса миллатчилар ҳуруж қилишидан ҳайиқмоқда.

ЕХҲТ полиция кучларининг Қирғизистон жанубига кириши савол остида қолмоқда. Бундестаг депутати Виола фон Крамон Озодлик билан суҳбатда ЕХҲТ полиция кучлари Қирғизистон жанубига умуман киритилмаслиги мумкин дея баён қилди.


Германия парламенти депутати Виола фон Крамон (Viola von Cramon) Озодлик билан суҳбатда ўтган ҳафта Бишкекда Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаева билан учрашганидан сўнг шундай xулосага келганини айтади.

- Мен жума куни Ўтунбаева билан Бишкекда учрашганимда у аниқ тиниқ қилиб "ЕХҲТ полиция кучлари жанубга кирмайди", деган гапни айтди. Жума куни кечки суҳбатимиз мобайнида Ўтунбаева ҳали меморандумга имзо чекмагани ва бу юзадан масъулиятни ўз зиммасига ололмаслигини билдирди. Ўтунбаева хоним ўз фикрини мамлакат жанубида полиция кучларининнг хавфсизлигини таъминлай олмаслиги билан изоҳлади.

Озодлик:
Мамлакат жанубида Бакиевнинг одами дея кўрилган Ўш мери, ультрамиллатчи Мелис Мирзақматов мавқеининг мустаҳкамлангани ЕХҲТ полицияси киришига тарафдор бўлган Ўтунбаевани ўз қароридан қайтишга мажбур қилдими?

Виола фон Крамон: Афсуски, шундай манзара келиб чиқмоқда. Жанубда миллатчи кучларнинг алоҳида мустақил қудрат манбаига айланаётганига оид таҳликали ҳолат юзага келган. Бу марказий ҳокимият учун жиддий муаммодир. Бу жуда даҳшатли бир ҳолат. Агар Қирғизистон демократияга интилса, этник озчиликлардан бири бўлган ўзбекларнинг ҳам бу жараёнларда иштирокини таъминлаш учун барча чораларни кўриши ва уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя этилиши лозим, бироқ бундай бўлмаяпти.

Полиция кучларининг Қирғизистон жанубидаги хавфсизлиги масаласи ҳам Ўтунбаева назарида ЕХҲТ кучларини жойлаштириш борасидаги меморандумни имзоламаслик учун муҳим омил, деб кўрилган.

ЕХҲТнинг Бишкекдаги идораси матбуот вакили Озодлик билан суҳбатда Бундестаг депутати фон Крамон хоним билдирган фикрлар билдан танишганлигини айтиш баробарида ўз ташкилотининг кўз қарашини баëн қилди.

- ЕХҲТ учинчи томон суҳбатини изоҳлай олмайди. Дипломатик каналлар орқали ЕХҲТга бундай маълумот (полиция кучлари жанубга кирмайди деган маълумот назарда тутилмоқда) етиб келмади. Айни пайтда Бишкекда жаноб Маркус Мюллер Қирғизистон ҳукумати билан ЕХҲТ полиция кучларини жойлаштириш борасидаги меморандумни имзолаш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

Озодлик: Билишимизча, Ўтунбаева хоним меморандумни ўтган пайшанбада имзолаши керак эди. Ўтунбаева хоним немис депутати билан суҳбатда бу меморандум остига имзо қўйиш масъулиятини ўз зиммасига ола олмаслигини айтган. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Пайшанба кунига келсак. Пайшанба куни меморандумнинг имзоланиши... (бироз жим қолиб) Билишимча, меморандум фалон куни имзолансин деган келишув йўқ эди, чунки музокаралар давом этмоқда.

Озодлик: ЕХҲТ полиция кучлари Қирғизистон жанубига кирадими ë йўқми? Шу ҳақда аниқ айта оласизми?

- Биласизми, айни пайтда маслаҳатлашув ва тайëргарлик ишлари кетмоқда. Бу лойиҳанинг икки тарафлама экани Қирғизистон ҳукумати фикрини ҳам билишимизни тақозо қилади. Мен ҳозир шуни айта оламанки, меморандум бўйича маслаҳатлашувлар кетмоқда.

Озодлик: ЕХҲТ айнан ким билан маслаҳатлашмоқда, Ўтунбаева ҳукумати биланми ëки жанубда мавқеи кучайган Ўш мери Мирзақматов биланми?

- Мен бу саволга очиқ ва аниқ жавоб бермайман. Шуни айта оламанки, биз мамлакат раҳбарияти билан музокоралар олиб бормоқдамиз,- дея таъкидлади ЕХҲТнинг Бишкекдаги идораси матбуот вакили.

Ҳозирда Бишкека сафар қилаётган швейцариялик дипломат Маркус Мюллер Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Қирғизистонга киритилиши режаланган 52 нафар полиция маслаҳатчилари гуруҳига раҳбар этиб тайинланган.

Мюллер 2003 – 2008 йилларда ЕХҲТнинг Бишкекдаги миссияси бошлиғи бўлган.

Ташкилот эълон қилган баёнотда "Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги олтита милиция идорасига тақсимланадиган қуролсиз халқаро полиция зобитлари ва маҳаллий жамоатчилик вакилларидан иборат гуруҳнинг вазифаси вазиятни кузатиш ва қирғиз милициясига маслаҳат беришдан иборат бўлиши" айтилган.

Қирғизистонда ЕХҲТ полиция маслаҳатчиларининг киритилишига қарши норозилик акциялари уюштирилиб келмоқда.

Айни пайтда, мамлакатдаги этник озчиликлар, хусусан, ўзбеклар ЕХҲТ полициячиларининг иложи борича тезроқ Қирғизистон жанубига киритилишини истамоқда.
XS
SM
MD
LG