Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:11

Янги ўқув йили Ўшда қандай бошланди?


Июн воқеалари чоғида Ўш шаҳрида ёқиб юборилган Ҳамза мактаби ўқувчилари янги ўқув йилини шаҳардаги бошқа мактабларда бошладилар.
Июн воқеалари чоғида Ўш шаҳрида ёқиб юборилган Ҳамза мактаби ўқувчилари янги ўқув йилини шаҳардаги бошқа мактабларда бошладилар.

Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов ўқувчилар хавфсизлиги таъминланмагани учун ҳам шаҳарда ўқув йили кейинроқ бошланиши ҳақида баёнот берганига қарамай, Ўш мактабларида янги ўқув йили 1 сентябрдан бошланди.

Ўш шаҳридаги Пушкин номидаги мактабнинг 8–синфида ўқийдиган Салоҳиддин 1 сентябр куни барча синфдошлари билан дийдорлашишни орзиқиб кутган эди. Лекин унинг бу умиди амалга ошмади. Салоҳиддиннинг айтишича, синфдошларининг ярмигина мактабга келган.

- Синфдошларимнинг ярми келди. Улар билан гаплашиб ўтирдик. Синфдошларимнинг ярми эса мактабга келмади. Уларнинг уйлари ёниб кетган экан. Шунинг учун мактабга келиша олмабди, - дейди Салоҳиддин.

Акром аканинг ўғли эса шаҳар марказидаги Макаренко номли ўрта мактабга қатнайди. Акром аканинг айтишича, ўғли ўқийдиган синфда деярли ўқувчи қолмабди.

- Ўғлим мактабга онаси билан бирга борди. Ўғлимнинг синфида деярли ҳеч ким қолмабди. Кўпчилиги бошқа мамлакатларга кўчиб кетишибди. Синфларни тўлиқлаш учун Наримон мактаби, кейин ёқиб юборилган Толстой мактабидан ўқувчиларни бу ёққа кўчиришибди, -дейди Акром ака.

Дастлабки қаҳрамонимиз Салоҳиддин мактабга янги кийимда, янги ўқув қуролларини кўтариб борибди. Бироқ бугунги кунда Ўшда ҳамма ота-оналар ҳам фарзандини янги ўқув йилига янги кийим-кечакда жўнатишга қодир бўлолмай қолган.

- Ўтган йилги кийим-кечакларни кийиб борди мактабга. Бозорга бора олмадик, ҳатто дафтар-қалам ҳам сотиб ололмадик. Бунга нарх–навонинг ошиб кетгани ҳам сабаб бўлаяпти. Масалан, ўтган йили битта оқ кўйлак 90 сўмдан сотилган бўлса, бугунги кунда нархи 2-3 баробарга кўтарилиб кетган. Бошқа нарсаларнинг нархи ҳам осмонда. Бу нарсаларни сотиб олгани пул йўқ, чунки ҳалигача ишга чиқа олганимиз йўқ, - деди Акром ака.

Ўшдаги мактаб директорларидан бири Аъзам Абдураззоқовнинг айтишича, мана шундай қийинчиликларга қарамасдан, барча ўшликлар 1 сентябрни орзиқиб кутишган.

- 1 сентябр - янги ўқув йилининг бошланиши Ўшга сал бўлса-да, барқарорлик, хотиржамлик олиб келади, деган умидлар бор эди. Ҳақиқатан ҳам биринчи қўнғироқ хотиржамликка, дўстликка бўлган чақириқ бўлди. Масалан, менинг мактабим кўп миллатли мактаб ҳисобланади. Унда ўзбек, қирғиз, рус, татар ва бошқа миллат болалари ўқийди. 1 сентябр куни барча миллат болалари ва ота-оналар мактабга келишиб, бир-бирлари билан жуда дўстона муносабатда бўлишди. Ўш кўчаларида ҳам осойишталик ҳукм сурди, -деди Аъзам Абдураззоқов.

Мактаб директорининг айтишича, Ўшдаги барча мактабларда биринчи қўнғироқ тадбири кўтаринки руҳ, осойишталик ва тантана билан ўтказилган. Шунга қарамай, кўпчилик ота-оналар шаҳар марказида жойлашган мактабларга ўз фарзандларини жўнатишга хавфсираганлар. Маҳаллалар ичида жойлашган мактабларга эса ўқувчиларнинг келиши 80-90 фоизни ташкил қилган.

Ўшлик Ёрқиной Рўзиева ҳам мактабга фарзандини жўнатишдан қўрққан оналардан бири:

- Ростини айтсам, қизимни мактабга жўнатишдан қўрқдим. У Оға Хон мактабида ўқийди. У ерда ўқийдиган ўқувчилар орасида ягона ўзбек менинг қизим бўлади. Болалари хавфсизлигидан хавотирланиб, уларни мактабга жўнатмаган ота-оналар кўп. Менинг ҳамкасбларимдан бирортаси ўз фарзандини мактабга жўнатгани йўқ, -дейди Ёрқиной Рўзиева.

Айни пайтда мактаб директори Аъзам Абдураззоқов ўқувчилар хавфсизлиги учун барча чоралар қўрилганини, бу борада халқаро ташкилотлар ҳам кўмак кўрсатишганини айтади:

- ЮНИСЕФ томонидан мактабимиз қўриқчилар билан таъминланди. Ҳар бир мактабни 4 нафардан одам қўриқлаяпти. Бундан ташқари, мактабларга милиция ходимлари ҳам бириктирилган. Шаҳар кўчаларини эса олий ўқув юртларининг юқори курс талабаларидан иборат кўнгиллилар гуруҳлари назорат қилишаяпти. Уларга ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш топшириғи берилган. Ўқувчиларни уйлари олдидан автобуслар олиб келаяпти мактабга, - дейди Аъзам Абдураззоқов.

Кейинги суҳбатдошимиз Бобур Юсуфжонов Ўш Давлат университетининг ўзбек гуманитар-педагогика факултетида ва ўрта мактаблардан бирида ўқитувчилик қилар эди. У бу йилги ўқув йилида ариза ёзиб, ишдан кетишга мажбур бўлди. Унинг айтишича, бунга талабаларнинг ва ўқувчиларнинг озлиги сабаб бўлаяпти.

- Ўқувчилар, талабалар жуда оз. Бунинг натижасида дарс соатлари ҳам қисқарган. Университетда талабалар озлиги, бу йил жуда кам одам ўқишга топширгани муносабати билан ўқитувчиларга дарс соатлари етишмаяпти. Шунинг учун ҳам айрим ўқитувчилар ўз ихтиёрлари билан ариза ёзиб, ишдан кетишга мажбур бўлишаяпти, -дейди Бобур Юсуфжонов.

Хабарларга қараганда, Ўш шаҳридаги 57 мактабда ўқув жараёни бошланган. Ўш воқеаларида ёндирилган Толстой номидаги ўзбек мактаби эса ўқув жараёнини чодирларда бошлаган. Ҳукумат расмийлари декабр ойигача бу мактаб учун янги бино қуриб битказилишини билдирмоқдалар. Ёндириб юборилган Хамза номидаги яна бир ўзбек мактаби ўқувчилари эса ён атрофдаги мактабларга тақсимланган.
XS
SM
MD
LG