Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:51

Фуқароликсиз фуқаролар


Тожикистон ҳудуди деб айтилаётган Горнийдаги мактабларда барча ёзувлар лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзувида ёзилган.
Тожикистон ҳудуди деб айтилаётган Горнийдаги мактабларда барча ёзувлар лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзувида ёзилган.

Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларидаги баҳсли ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли чегаралар тўла демаркация қилинмаганлиги сабабли ўзларининг қайси давлатга қарашли эканликларини билолмай сарсон юрибдилар.

Сўғд вилоятининг чегараолди Плотина ва Горний шаҳарчалари аҳолиси на Тожикистон ва на Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади. Бу шаҳарчалар Ўзбекистоннинг “Фарҳод” сув омбори ва Тожикистоннинг Спитамен тумани четида жойлашган.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур шаҳарчалар давлатлараро чегараларни аниқлаш комиссиясининг 2007 йилдаги қарорига биноан Тожикистон ҳудуди ҳисобланади. Бироқ Ўзбекистон томони мана шу ҳужжатларни тан олмаяпти.

Ўзбек тилида кўплаб мактаблар фаолият юритаётган бу шаҳарчаларни айлансангиз, лотин алифбосида ёзилган ўзбек тилидаги кўплаб ёзувларга кўзингиз тушади. Бундан ташқари мавзеда ҳанузгача муаммо бўлиб турган ва қайси давлатга тегишли эканлиги баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган “Фарҳод” сув омбори ҳам мавжуд. Мазкур шаҳарчаларда беш мингга яқин ўзбеку тожик истиқомат қилади.

- Тожикистон томони бу ерлар Тожикистонга қарашли деяпти. Лекин нима учун мактаб ва маҳалла қўмиталари пештоқларида ўзбек тилида ёзилган. Бизга номаълум сабабларга кўра, Тожикистон хукумати бу ерда ўз мавқеига эга эмас. Бир қараганда Тожикистонда яшаяпмиз, лекин бу ердаги тартибни қўшни Ўзбекистон ўрнатган. Бир сўз билан айтганда, икки давлатнинг сиёсати орасида қолганмиз, дейди Горний шаҳарчасида истиқомат қилувчи Фируз Солиҳов.

Расмий маълумотларга кўра, Горний шаҳарчаси ўтган асрнинг 50-йилларида Ўзбекистон ерларини суғориш учун қурилган “Фарҳод” сув омбори ишчилари учун Спитамен туманида бунёд этилган. Икки йил олдин Тожикистон ҳукумати мазкур шаҳарчаларда истиқомат қилаётган аҳолига Тожикистон фуқаролигини олишни, акс ҳолда, уй-жойларни ташлаб, Ўзбекистонга ўтиб кетишни таклиф этган. Аммо бу таклиф маҳаллий аҳоли вакилларга маъқул келмаган.

- Мен, масалан, Тожикистон фуқаролигини олмаслигим сабаби бор. Миллатим ўзбек. Ўзбекистонда худудида туғилганман. Фарзандларим Ўзбекистонда ўқишади. Уруғ-аймоқларим ҳам ўша ерда. Тожикистон ҳукумати вакиллари келишган эди. Мактабларга ҳам борган, “Тожикистон фуқаролигини олинглар”, дейишган. Чунки Плотина шаҳарчаси Тожикистонга қарашли экан, дейди Шаҳодат.

Тожик расмийларининг бундай иддаоларига қарамасдан, шаҳар мактаблари Ўзбекистон қарамоғида қолмоқда.

- Мактаблар Ўзбекистон Маориф вазирлигига қарашли ва биз тожик тилидаги синфхоналарни очилишига муяссар бўлолмадик. Туман ва вилоят маориф бўлимлари ҳам қўлидан ҳеч нима келмади, дейди Спитамен тумани маориф бўлими мудири Муаттара Убайдуллаева.

Бир ойдирки, бу шаҳарчаларда яна бир муаммо пайдо бўлган - Ўзбекистон газ ва электр энергияси узатишни тўхтатган.

- Хайриятки, ҳовлида яшаймиз, рўзғор юмушлари учун ўчоқ бор. Кечқурун қоронғи тушиши билан ухлаймиз. Свет қачон бўлиши номаълум. Ҳокимиятдан “қарзларинг бор”, дейишаяпти. Биз доим пулини ўз вақтида тўлаганмиз. Анави Горний деган шаҳарчада завод бор, телевишка бор, ўшалар қарздор бўлган бўлса керак. Улар сабабли биз ҳам светсиз ўтирибмиз, дейди Плотина шаҳарчасида истиқомат қилувчи Ғулом.

Ана шундай ижтимоий ва маиший муаммолар гирдобида қолган Горний ва Плотина шаҳарлари аҳолиси икки давлат расмийлари ўзаро музокаралар натижасида бу шаҳарчалар борасида тайинли бир қарорга келишлари ва ниҳоят, йигирма йиллик саргардонликдан сўнг ўз тақдирлари ҳал бўлишига умид билан яшамоқдалар.
XS
SM
MD
LG