Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:10

Обама Исроил ва Фаластин етакчиларини фурсатни бой бермасликка чақирди


2 сентябр куни бўлиб ўтадиган тинчлик музокараларидан олдин АҚШ президенти Барак Обама Вашингтонга ташриф буюрган Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҳамда Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан алоҳида учрашди.

- Агар томонлар музокараларга жиддий ёндашишмаса, кўпдан бери давом этаётган низо яна бир авлодга узайиши мумкин. Бунга биз йўл қўймаслигимиз керак, - деди Обама.

Чоршанба кунги учрашувлар ортидан Нетаняҳу ҳамроҳлигида журналистлар олдида ҳозир бўлган президент Обама Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш борасида минтақа етакчилари билан самарали мулоқот ўтказганини қайд этди.

2008 йилдан буён илк бор ўтказилаётган Вашингтондаги Исроил-Фаластин тинчлик музокаралари Ғарбий соҳилда тўрт исроиллик отиб ўлдирилганидан икки кун ўтиб амалга ошмоқда.

Ушбу қотиллик бўйича тинчлик музокараларига қарши чиқаётган Фаластиндаги "Ҳамас" жанггари гуруҳи жавобгарликни зиммасига олган.

- Бу бизни нафақат Исроил хавфсизлигини таъминлаш, балки Яқин шарқда узоқ муддатли тинчликни қарор топтиришга қаратилган ҳаракатларимиздан тўхтатиб қололмайди, - деди АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ раҳбари, шунингдек, Иордания қироли Абдулла ҳамда Миср президенти Ҳусни Муборак билан ҳам учрашди.

Бугун кечқурун президент Барак Обама Маҳмуд Аббос, Бенямин Нетаняҳу, Ҳиллари Клинтон, Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр ҳамда Яқин шарқ бўйича халқаро воситачилар "квартет"и - АҚШ, Россия, Европа Иттифоқи, БМТ вакиллари учун уюштирилажак тушликка мезбонлик қилади.

Вашингтонда Исроил ва Фаластин раҳбарлари ўртасидаги тўғридан-тўғри тинчлик музокаралари сўнгги икки йил бадалида илк бор ўтказилмоқда.

Исроил қўшинлари 2008 йил оҳирида Ғазо минтақасида кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказгандан сўнг Фаластин тинчлик музокараларидан чиқишини эълон қилган эди.

Фаластиндаги "Ҳамас" жанггари гуруҳи бундай музокаралар ўтказилишига қаршилик қилиб келади. Ушбу ҳаракатнинг ҳарбий қаноти бўлмиш "Ал-Қассам бригадаси" сешанба куни Ҳевронда тўрт исроиллик, жумладан, бир хомиладор аёлнинг отиб ўлдирилишига жавобгарликни зиммасига олди.

- "Ал-Қассам бригадаси"нинг Ҳеврондаги ушбу қаҳрамонлик амали босқинчиларнинг жиноятларига бир жавобдир, - деб билдирди "Ҳамас" вакили Сами Абу Зуҳрий.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху қаторида Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам мазкур ҳужумларни қоралади.

- Бу ҳужум афтидан сиёсий тинчлик жараёнларига тўсқинлик қилиш мақсадида амалга оширилган ва бу Фаластин қаршилигининг амали деб кўрилмаслиги керак, - деди Аббос.
XS
SM
MD
LG