Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:44

Жалолободда Азимжон Асқаров судланмоқда


Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Қирғизистон Жиноят кодексининг бир неча оғир моддаси бўйича айбланмоқда.
Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Қирғизистон Жиноят кодексининг бир неча оғир моддаси бўйича айбланмоқда.


"Бозорқўрғон центрига келиб қолди. Бемалол, олдида ҳарбий кийимдагилар..." Бу жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг гаплари. Бу шарҳни у 11-12 июн кунлари Бозорқўрғон туманида бўлаётган қирғинни суратга олаётиб қолдирган. Видеокадрларда узоқда қора тутун, ҳарбий кийимидаги қуролланган шахсларнинг Азимжон Асқаров суратга олаётган томонга келаётгани, унинг атрофидаги ўзбеклар таёқ, тошлар билан қуроллангани акс эттирилган.

13 июн куни жалолободлик Азимжон Асқаров Қирғизистон жанубида юз берган зўравонликларга оид шу каби далилларни тўплаётган пайтда ҳибсга олинган.

2 сентябр куни Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон тумани судида Азимжон Асқаров устидан очиқ суд мажлиси бошланди. Унинг ҳимоячиларидан бири Абдумуталиб Аблакимов биринчи суд маҳкамасида кўрилган ишларни гапириб берди:

- 8 нафар судланувчи. Суд ишини Бозорқўрғон туман суди судяси Нурғази Алимқулов кўраяпти. Бугун 15 нафар жабрланганни гувоҳлигини тинглашди. Улар орасида Бозорқўрғон тумани ҳокими, ўша кунлари ўлдирилган милиция ходимининг хотини ҳамда милиция ходимлари бор эди. Айбланувчиларнинг бирортаси қўйилаётган айбловларни бўйнига олмаганлиги боис суд ишини жабрланганларни сўроқ қилишдан бошлашга келишилди. Уларнинг барчаси бу ишларда Азимжон Асқаров иштирок этганлигини айтишди, дейди жалолободлик ҳуқуқ фаолининг ҳимоячиси Абдумуталиб Аблакимов.

Унинг айтишича, Азимжон Асқаровнинг соғлиги қониқарли, жабрланганлар томонидан судланувчиларга суд залида пўписалар бўлганлиги боис уларнинг кайфияти чўккан.

Аввалроқ Қирғизистон бош прокуратураси расмийси Сумар Насиза ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни ўта оғир жиноятларда айбланаётганлигини айтган эди.

Жалолободдаги “Адолат” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳибсдаги ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни икки нафар ҳимоячи билан таъминлаган эди, дейди мазкур ташкилот раҳбари Абдумалик Шарипов.

- Азимжон Асқаровни ҳимоя қилаётган иккита адвокатнинг иккаласи ҳам қирғиз миллатига мансуб. Ўзбек миллатига мансуб адвокатлар умуман ишдан бош тортишди. Бу тушунарли ҳол, деб ўйлайман. Ҳозир оддий адвокат ҳам ҳимоя қилишдан бош тортаётганидан кейин аҳволни тушунса бўлади. Бу сиёсий ишга айланиб кетди. Азимжон Асқаровга нисбатан қўзғатилган ишлар ҳаммаси Жиноят кодексида қайд этилган бўлишига қарамасдан, бу сиёсий ишга айланиб, сиёсий воқеъликка кўчиб қолди. Давлат буюртмаси бўлаяптию, иккинчи томонда ҳибсга олинганлар ва уларнинг кучсиз адвокатлари бўлиб қолаяпти, дейди Абдумалик Шарипов.

Суҳбатдошимизга кўра, Азимжон Асқаровни ҳимоячиларига тергов жараёни пайтидаёқ тазйиқлар бўлган. Асқаровнинг ҳимоячиларидан бири Нурбек Тўқтакунов калтакланган.

Азимжон Асқаровнинг ҳамкасби Абдумалик Шарипов қўйилаётган айбловларни асосли, деб ҳисобламайди. Унинг ўзи ҳам Азимжон Асқаров сингари инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини мониторинг қилмоқда.

- Энди ўша воқеалар бўлиб кетганда ўша жойда Азимжон Асқаровнинг бўлиб қолганлиги фожеага олиб келиб қолди, деди ҳуқуқ фаоли Абдумалик Шарипов.

Жалолободлик ҳуқуқ фаолининг яқинлари бир неча бор тергов изоляторида Асқаровга нисбатан тазйиқлар бўлаётганидан шикоят қилишган эди. Қирғиз расмийлари бу шикоятларни ўринсиз, дея рад этган эди.

60 ёшли Азимжон Асқаров ҳибсга олинганидан сўнг Ҳюман Райтс Уотч, Фридом Хауз, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги каби ҳалқаро ташкилотлар қирғиз расмийларига Азимжон Асқаровни озод этилишини сўраб бир неча бор мурожаат қилди. Қирғизистон бош прокуратурасига шу пайтга қадар ҳуқуқ фаолини озод этиш талаби билан 400 дан ортиқ мурожаатнома келган, бироқ бу мурожаатлар шу пайтга қадар жавобсиз қолмоқда.

Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Акун "Озодлик"нинг қирғиз хизматига берган суҳбатида жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга нисбатан жазо чораси аллақачон ўзгартирилиши керак эди, деб айтди.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров билан биргаликда судланаётган яна 7 нафар бозорқўрғонлик ўзбеклар устидан суд иши 6 сентябр куни давом этади.

Мавзуга оид мақолалар - Ўш қирғини


Мавзуга оид мақолалар - Ўш қирғини



XS
SM
MD
LG