Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:51

Тожикистонда 100 АҚШ долларига "бас келадиган" банкнот пайдо бўлади


Тожикистонда тийиннинг ўрнини босувчи дирамлар муомаладан чиқиб кетганига анча бўлган.
Тожикистонда тийиннинг ўрнини босувчи дирамлар муомаладан чиқиб кетганига анча бўлган.

Шу йилнинг 10 сентябридан Тожикистонда 3, 200 ва 500 сомонийга тенг янги банкнотлар муомалага киритилади. Тожикистон Миллий банк масъуллари бунинг сабабини мамлакат молия бозорида йирик пулларга талаб ортаётгани билан изоҳламоқда. Таҳлилчилар расмийларнинг изоҳларини шубҳа остига олмоқда.


Тожикистон Миллий банки маълумотларига кўра, жорий йилнин биринчи ярмида амалга оширилган тўловлар ҳажми ўтган йилнинг шу вақтига нисбатан 56,4 миллиард сомонийдан ортиқроқни ташкил қилган. Шу сабабли, дейди Миллий банк расмийси Абдуғаффор Қурбонов, бозорлардаги олди-сотдилар учун йирик пулларни муомалага киритиш эҳтиёжи туғилди.

- Пул ва товар муомаласини самарали ташкил қилиш ва пул билан боғлиқ турли ҳаражатларни камайтириш мақсадида Миллий банк 3, 200 ва 500 сомонийлик банкнотларни чиқаришга қарор қилди,- дейди Миллий банк вакили.


Расмийнинг айтишича, янги пуллар шу йилнинг 10 сентябридан муомалага чиқарилади.

Тожикистон Республикасининг пул бирлиги саналган сомоний 1999 йилда жорий қилинганидан бери олди-сотди 1, 5, 10, 20, 50 ва 100 сомоний ҳамда 1, 5, 20 ва 50 дирам воситасида амалга ошириб келинади.

Сомоний муамалага киритлганида дирам ҳам (юз дирам бир сомонийни ташкил қилади. таҳр.,) қоғоз пул бўлган. Ҳозирда эса қоғоздан ясалган дирамлар муомаладан чиқиб кетган.

Ўшанда сомоний қарийб бир АҚШ долларига тенг эди. Ҳозир эса бир АҚШ доллар баҳоси 4 сомоний 70 дирамга тенг.

Мутахассислар айни дамда 3 ва 200 сомонийга эҳтиёж бўлсада, 500 сомонийлик пулни муомалага киритишга бироз эрта, деган фикрда.

Мустақил кузатувчи, Масъуд Собир бунинг сабабини мамлакатда ойлик истеъмол савати ва ойлик иш ҳаққи жуда озлиги билан изоҳлайди.

- Бу пулларга эҳтиёж йўқ. Шуни ҳам айтиш лозимки, янги пул бирлиги Миллий банк ташаббуси билан эмас, балки Халқаро валюта жамғармаси топшириғи билан жорий қилинмоқда. Шу йўл билан бу нуфузли ташкилот республикада инфлация даражасини кўрсатмоқчи-, дейди мустақил кузатувчи Маъсуд Собир.

Тожикистон президенти ҳузуридаги статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сўнги олти ой давомида истеъмол савати ҳажми киши бошига 100 сомоний ёки 23 АҚШ долларини ташкил этган. Аммо мазкур қўмитадаги манбага кўра, агар озиқ-овқат нормасини ҳисобга олинса, аслида ҳаражат икки баравар кўпроқдир.

Ҳозирда Тожикистонда ўртача иш ҳаққи 90 АҚШ долларини ташкил қилади.

Маъсуд Собир жаҳонда миллий пул қадрсизланиб, инқироз кучайганида йирик пуллар жорий этилади, дея қўшимча қилади.

Банк соҳасида мустақил таҳлилчи Баҳром Шарипов бу фикрга қўшилади.

- Бир йил аввал сомоний долларга нисбатан 25 фоизга тушиб кетганди. Бу ҳам мамлакатда янги пул бирлигининг жорий этилаётгани сабаблардан бири бўлиши мумкин,- дейди соҳа бўйича таҳлилчи Шарипов.

Иқтисодшунос Рустам Жабборов республикада янги банкнотларнинг муомалага киритилишидаги асосий сабаб бир томондан сомонийнинг долларга нисбатан қадрсизланиши бўлса, бошқа томондан Тожикистонда қора бозорнинг кенгаяётганидан даракдир, дейди.

Аснода оддий тожикистонликлар уч сомонийлик қоғоз пул савдо-сотиқ учун жуда зарурлигини, йирик пулларнинг чиқарилиши эса, аксинча халқ учун фойда эмаслигини айтишмоқда.

- Катта пуллар бойларга, катталарга керак бўлмаса, биз қора халққа мутлақо керак эмас. Чунки агар менинг қўлимга шундай катта пул тушиб қолса, уни ишлатмай, йиғиб қўяман, бир кунимга керак бўлади деб. Пул халқнинг қўлида йиғилиб туравергандан кейин у қадирсизланади ва натижада нархлар мисли кўрилмаган даражада ошиб кетади,- дея мулоҳаза билдиради Рудакий туманида яшовчи Жаҳонгул ая.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда ўтган йили мамлакат иқтисоди 5 фоизга қисқарган. Жорий йилда эса, бу кўрсаткичнинг 3 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.

Муомалага киритилаётган янги 3 сомонийлик пулда Тожикистон Халқ Қаҳрамони Шириншо Шотемур, 200 сомонийлик пулда Тожикистон Халқ Қаҳрамонлари Нусратулло Махсумнинг ва 500 сомонийлик пулда эса, тожик адабиёти асосчиси Абуабдулло Рўдакийнинг акси туширилади.
XS
SM
MD
LG