Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:49

Қамоқдан яна бир диндорнинг ўлиги чиқди


Расмийлар берган гувоҳномада юзи тилка-пора қилинган Шавкат Алимхўжаевнинг "организмнинг умумий қонсизланиши" сабаб бўлгани иддао қилинади.
Расмийлар берган гувоҳномада юзи тилка-пора қилинган Шавкат Алимхўжаевнинг "организмнинг умумий қонсизланиши" сабаб бўлгани иддао қилинади.

37 ёшли Шавкат Алимхўжаевнинг жасади Навоий қамоқхонасида 22 июл куни Тошкентдаги яқинларига олиб келинди. Ўлим ҳақидаги гувоҳномада марҳумнинг организми умумий қонсизланиш туфайли вафот этгани айтилган. Лекин раҳматлик Шавкатжоннинг онаси Озодлик билан суҳбатда ўғли қийноқлар қурбони бўлганини гапириб берди.


Озодликка 6 сентябр куни маълум бўлишича, Навоийдаги 64/46 сонли қамоқхонадан яна бир диндор маҳбуснинг жасади келган.

Марҳум Шавкат Алимхўжаевнинг онаси, Тошкент шаҳри, Сергели туманида истиқомат қилувчи Насиба Алимхўжаева сўзларига кўра, ўғлининг танасида қийноқ аломатлари бўлган.

Марҳумнинг юзлари кўкарган, бир кўзи чаноғидан чиқиб кетган ва бош мия суяги очилган.

Тунги соат 3 лар атрофида марҳумнинг жасади ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб келинган ва ўша заҳоти дафн этилиши талаб қилинган.

Озодлик билан суҳбатда Насиба Алимхўжаева шу вақтга қадар қўрқув боис сукут қилгани, аммо,37 ёшли ўғлини ҳаётдан олиб кетган қийноқлар сабабини билиш истаги уни халқаро жамоатчиликка мурожаат қилишга мажбур қилганини айтди.

Озодлик: Демак, кечаси олиб келинган.

- Ҳа.

Озодлик: Соат нечада?

- Соат икки яримдами шунақа.

Озодлик: Ким қандай ҳолатда олиб келди?

- Урган. Ўнг кўзи бу ëққа чиқиб қолган. Лаблари кўкариб кетган, бошига тепган. Бу қулоғидан у қулоғигача кесилган ва тикилган. Қўлини ва оëғини боғлаб қўйган. Ҳамма кўрди уни. Маҳалладагилар “Дамасда икки киши эди. Иккита ўлик олиб келишган ўша куни. Биттасини бу ëққа туширди, биттасини олиб кетишди”, дейишди.

Озодлик: Сизлардан дарров дафн этишни талаб қилишдими?

- Ҳа. Сразу чиқариш керак дейишди.

Озодлик: Сизлар ўзинглар алоҳида тиббий текширувдан ўтказишга ҳаракат қилмадингларми?

- Қилмадик. Ювғични, гўрковни ўзлари ўша кечаси чақириб келишди. “Эрталаб чиқарасиз”, дейишди. Эрталаб соат беш яримда олиб бориб кўмилди бола. Ҳеч ким, ҳеч нарса қила олмади. Қўшнилар “Бутун нимани ўраб олишган. Ҳаммаси шу ерда эди”, деяпти.

Озодлик: Насиба опа, сизнинг сўзларингизга кўра, қийноқ аломатлари бор эди. Лекин мана ўлими ҳақидаги гувоҳномада “Организм умумий қонсизланишидан вафот этди”, деб қўйилган.

- Шунақа деб ëзилган. Мен тушунмадим бу нима дегани? Апрелда икки соатликда гаплашиб ўзи билан, соғлиқларинг қанақа яхши, кейин мен “Бўпти майли. Мен 30 августда суткаликка келаман”, деб кетганман.

Озодлик: Демак, сизнингча у қийноқдан вафот этган.

- Урганда. Ë орқасидан бўғганми. Кўзи ўзидан ўзи чиқиб кетмайдику тўғрими? Қийнагани кўриниб турибдида. Мен расмга олинглар дедим. Ҳаммасининг қўлида телефони бор эди. Қўрқишдида булар. Одами турибди ичида. Ўша ердан келган одам турибди.

Озодлик: Насиба опа, мана бу мусибатдан кейин қандай хулосадасиз ўзингиз?

- Менинг хулосам бизларга ҳеч ким қулоқ солмаяпти. Мен билмайман, нима савол-жавоб, нима бўлган, Андижондан Навоийга нимага жўнатган? Андижонга олиб кетганда ҳам ўша ерда қийноқлар бўлган. Оëғининг тагига урган, (йиғлаб) қўлини кишанга солавериб ўнг қўли ишламай қолган боламнинг, ëздим шуни. Ҳеч қайсиниси қулоқ солмади. Қўрқитишади. Менга просто ҳозир алам қилаëтгани нима учун ўлдиришди? Нима учун қилишди билмайман, дейди Насиба Алимхўжаева.

Шавкат Алимхўжаев 37 ёшда эди.
Навоий қамоқхонасида қийноқлардан ўлгани айтилаётган 37 ёшли Шавкат Алимхўжаев 1999 йилда “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига аъзоликда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. 2008 йилда — озодликка чиқишига 50 кун қолганда — қамоқхона ичкарисида суд қилиниб, яна 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Шу йил 15 июн куни ўғлини кўриб қайтган Насиба Алимхўжаева унинг соғлом экани ва соғлигидан шикоят қилмаганини эслар экан, “Нима учун диндор маҳбусларга бунчалик қийноқ ва ўлим?”, деган саволига мамлакат расмийларидан жавоб ололмагани боис Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига мурожаат қилганини айтади.

Ташкилот раҳбари Суръат Икромовга кўра, бу сўнгги бир ой ичида айни мазмунда унинг ташкилотига бўлган тўртинчи мурожаатдир. Ҳар тўрт ҳолатда ҳам жасадлари яқинларига топширилган маҳбусларнинг диний мотивлар билан қамалгани ва қийноқлардан ўлгани қайд этилган.
XS
SM
MD
LG