Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:30

Таълим кредитини олмоқчи бўлсанг - тиллаларни тайёрла


Бугун Ўзбекистон олийгоҳларига қабул қилинаётган талабаларининг аксарияти шартнома асосида ўқийди.
Бугун Ўзбекистон олийгоҳларига қабул қилинаётган талабаларининг аксарияти шартнома асосида ўқийди.

Ўзбекистон олийгоҳларида шартнома асосида ўқиётган талабалар учун имтиёзли кредит ажратилиш тизими жори қилинганига ўн йил тўлди. Бироқ бундай кредитни ололмагани боис, шартнома пулини тололмасдан, ўқишдан ҳайдалаётган талабалар сафининг сийраклашгани кузатилгани йўқ.


Тошкентдаги Шарқшунослик институтининг учинчи курсида таҳсил олаётган Наргиза шартнома асосида ўқийди. У икки йилдирки, “таълим кредити”дан фойдаланади. Наргиза банкдан кредит олиб ўқиш қулай экани ва ўтган йили бир курсдоши ҳам кредит ёрдамида ўқишдан ҳайдалишдан қутилиб қолганини айтади.

- Бир курсдошим Қашқадарëдан. У иккинчи курснинг бошида контракт тўлмагани учун бир-икки ой ўқишга келмади. Кейин у ўқишни ташлаб кетмоқчи ҳам бўлди. Лекин дадаси бир амаллаб банкдан кредит олиб тўлади, дейди Наргиза.

Наргиза ҳозирча олган кредитининг фоизини ота-онаси тўлаётгани, институтни тугатгач, ўзи ишлаб кредитни қайтариш ниятида эканини айтади.

Ўзбекистон олий ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқиётган бакалавр ва магистрлар учун мўлжалланган “Таълим кредити” бакалаврларга 10 йилгача, магистрларга 5 йилгача бўлган муддатларга берилади.

Кредит олиш учун талаб қилинадиган машина, турар жой бўлмаган бинолар ёки қимматбаҳо буюмларни топшнинг иложи бўлмагани боис аксар талабалар банкдан кредит олиш имконсиз эканидан гапиришади.

Самарқандлик Аъзамжон Тўрақулов ҳам шартнома пулини тўлай олмагани боис, академик таътил олишга мажбур бўлган. Самарқанд Давлат чет тиллар институти талабаси Аъзамжон айни пайтда Россияда мардикорлик қилаяпти.

Аъзамжоннинг отаси Пардақул Тўрақулов ўғлининг шартнома пулини тўлаш учун банкдан кредит олиш шартларининг қийинлиги боис ўғли академик таътил олишга мажбур бўлганини айтади.

- Залогим йўқ. Менинг машинам йўқ, бирор грамм ҳам тилла нарсаларим йўқ. Нимани қўйишим кумкин? Бизлар пенсионер одаммиз. Пулини бера олмадик. Шу билан чиқди кетди. Ҳозирча Москвада юрибди, дейди Пардақул Тўрақўлов.

Тошкентлик Нигора опанинг икки қизи ҳам шартнома асосида ўқийди. Нигора опа қизларининг шартнома пулини тўлашга қийналишига қарамасдан, банкдан кредит олиш ниятида эмас.

- Кредит олгандан кейин у кредитни бериш ҳам керакда. Кредитнинг биринчидан жуда ҳам проценти катта. Иккинчидан, унга қўйиладиган залог ҳам катта дейишаяпти. Кейин яна қанақадир ишлаб бериш шартлари ҳам бор дейишаяпти. Шунинг учун кредит олмасликка ҳаракат қиламан. Қарз олиб турсам ҳам шуни бир амаллаб ўзим тўласам, аста-секин ўша олган қарзимни бераман. Кредит олсам, бу кредитнинг тагидан чиқишимга мен ишонмайман тўғриси, дейди Нигора опа.

“Асака” банкнинг вилоят бўлимларидан бирининг ходимига кўра, “Таълим кредитининг фоизи Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда, яъни йиллик 14 фоиз қилиб белгиланган.

- 14 фоиздан берилади йиллик. Залогга нимадир қўйилади мол-мулк.

Озодлик: Масалан нима қўйиш мумкин?

- Турар-жой бўлмаган бинолар, савдо дўкони, омборхона ëки транспорт воситаси қўйилади.

Озодлик: Уйни қўйиш мумкинмас-а?

-Йўқ, уй мумкин эмас. Турар-жойлар гаровга бўлмайди.

Озодлик: 14 фоиз дедингиз. Фоизи қандай қайтарилади кейин?

- Фоизи ҳар ойда қайтарилади. Асосий қарз ўқишни битиргандан кейин учинчи ойдан бошлаб қайтарилади.

Озодлик: Масалан 2 миллион 400 мингни олди дейлик. Бунинг фоизи ҳар ойда қанча бўлади?

- Ҳар ойда 28 минг сўм.

Озодлик: Мабодо фоизини тўлай олмасачи?

- Чора кўрилади. Судга берилиб, гаровдаги мол-мулк ҳисобидан ундирилади. Судга, прокуратурага берилади. Институтга хабар берилади, дейди “Асака” банкнинг вилоят бўлимларидан бирининг ходими.

Ҳукумат қарорига кўра, чин етимлар ва меҳрибонлик уйида тарбияланган талабалар, болаликдан биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига таълим кредити 0 фоизлик ставкада берилади.

Талаба олий ўқув юртини битирганидан 3 ой ўтгач кредитни қайтаришни бошлаши шарт.

Қашқадарёдаги олий ўқув юртларидан бирининг ходимига кўра, талабалар орасида шартнома пулларини тўлай олмайдиганлар кўп бўлишига қарамай, талабалар аксар ҳолларда банкдан кредит олишга имкон топа олмай ўқишдан ҳайдалиб кетмоқда.

Озодлик: Талабалар орасида шартнома пулларини тўлай олмаслик ҳолатлари бўладими?

- Учраб туради. Бўлади энди. Мисол оиласида бир етишмовчилик бўлиши мумкин, бошқа бўлиши мумкин. Тўлай олмайдида. Айрим сабабларга кўра, тўлай олмайдида. Тўлай олмагандан кейин ўқишдан озод қилинади. Маълум муддатга бўлсада, ҳайдалади. Бир йил ëки бўлмаса икки йил. Яна ўқиш пулларини тўлагандан кейин ўқишни давом эттираверади.

Озодлик: Бунақа ҳолатлар бўладими?

- Бўлади, ҳа бўлади. Табиий ҳолатку.

Озодлик: Сиз табиий деяпсиз, масалан, бир йилда қанча бўлади шунақа ҳолат?

- Ўнлаб бўлади. Ўнлаб тўлай олмайдиган болалар бўлади. Аниқ бу.

Озодлик: Демак, ўша талабаларнинг ҳаммаси ўқишдан ҳайдалади?

- Шундай бўлади ҳа. Ўқиш харажатларини тўлай олмагандан кейин ҳайдаладида, дейди олийгоҳ ходими.

Тошкентдаги «Веритас» ёш ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилоти вакили Санжар Саидов банкдан кредит олиш тизимининг тўла коррупциялашгани боис талабалар ўзларига яратилган имтиёздан фойдалана олмаяптилар, дейди.

- Айнан таълим кредитидан фойдаланиш ҳам аввало ўқув муассасасининг, иккинчи навбатда банк ташкилотларининг коррупция тизими, умуман бюрократик тизимининг бир кўриниши ҳисобланади. Бу ҳаммаси коррупциялашган тизим ҳисобланади. Талаба кредитни олиш учун энг авало олдиндан “ҳақ” тўлаши керак ëки бўлмаса таниш-билишингиз бўлиши керак. Ëки бўлмаса қўштирноқ ичидаги бир қоп ҳужжат тўғирлаганингиздан кейин шунақанги ижтимоий ëрдам олишингиз мумкин. Энг катта тўсиқ қиладиган нарса шулар ҳисобланади. Нафақат таълим кредитидан фойдаланиш, масалан армияга бориб келган талабалар контрактининг 35 фоизини “Камолот” тўлаб бериши керакда. Лекин бунинг учун “Камолот” ташкилотида яхши танишингиз бўлиши ëки бўлмаса шунга қайсидир маънода шапка пули бериш орқали контракт пулининг тўлаб беришади, дейди Санжар Саидов.

Ўзбекистон олийгоҳларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 2001 йилнинг 26 июндаги қароридан кейин йўлга қўйилган.
XS
SM
MD
LG