Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:27

Лужковга қарши "ахборот ҳуружи" авж олмоқда


Москва мэри Юрий Лужков ўзига қарши бошланган "ахборот уриши"дан қўрқмаслигини айтмоқда.
Москва мэри Юрий Лужков ўзига қарши бошланган "ахборот уриши"дан қўрқмаслигини айтмоқда.

15 сентябр куни Москва шаҳар мэри Юрий Лужков Life News интернет сайти, “Твой день” газетаси ва “Эхо Москвы” радиосини ўзига қарши бўҳтон тарқатганликда айблаб, судга берди. Айрим кузатувчилар Юрий Лужковга қарши бошланган “информацион уруш” Кремлнинг махсус буюртмаси билан амалга оширилаётганини айтмоқда.


Москва шаҳар мэри Юрий Лужков Life News интернет сайти, “Твой день” газетаси ва “Эхо Москвы” радиосидан ўз шаънига қилинган бўҳтон учун 10 миллион рубл (тахминан 330минг АҚШ доллари) миқдорида товон пули талаб қилмоқда.

- Мен ўзимни оқлаш ниятим йўқ. Одатда қандайдир камчилиги бор инсонгина ўзини оқлашга уринади. Мен шаънимни булғашга ҳаракат қилаётганлар қонуний жазосини олишларини истайман,- деди Юрий Лужков.

У Россиянинг айрим оммавий ахборот воситаларида унга қарши бошланган танқидий чиқишлардан “умуман қўрқмаслиги” ва уларга қарши ўзи “кураш бошлаганини” айтмоқда.

Кейинги пайтда Россия матбуотида Москва мэри Лужковга қарши “компромат уруши” бошланган кўринади. Россиядаги энг нуфузли сиёсатчилардан бири ва бош вазир Владимир Путин етакчилигидаги “Единая Россия” партияси Марказий кенгаши аъзоси Лужков давлат назоратидаги телеканалларнинг фельетон жанридаги лавҳалари қаҳрамонига айланди.

Хусусан, 10 сентябр куни НТВ телеканалида “Ҳамма гап кепкада” деб номланган ҳужжатли филм намойиш этилди. Филм ижодкорлари бу филмда Москва мэри Юрий Лужков ва унинг миллиардер рафиқаси Елена Батурина хонимнинг бойликлари манбасини излашади.

“Единая Россия” партияси эса, ўзига тегишли Интернет порталлардан бирижа Лужковга қарши танқидий руҳдаги “Лужков Илюмжинов ортидан кетадими?” сарлавҳали мақолани эълон қилди.

Лужковга қарши информацион таъқибга 1-Канал ва Россиянинг бошқа телеканаллари ҳам қўшилди.

“Ведомости” газетасида эълон қилинган “Москва учун кураш” номли мақолада Россия давлат телеканалларидан бирида Лужковнинг истеъфосига бағишланган махсус кўрсатув тайёрланаётгани ҳақида айтилади.

Лужков жаноблари бу оммавий ахборот воситалари орасидан нега айнан Life News интернет сайти, “Твой день” газетаси ва “Эхо Москвы” радиостанцияларига қарши даъво киритганини изоҳлагани йўқ.

“Эхо Москвы” радиостанцияси бош муҳаррири Алексей Венедиктов шаҳар мэрининг даъвоси асоссиз эканлигини айтади.

- Россия Федерацияси қонунларига кўра, бошқа оммавий ахборот воситаларидан иқтибос келтирганимизда биз жавобгар ҳисобланмаймиз. Биз радио эшиттиришларимизда фақат бошқа матбуот воситаларидан иқтибос келтирганмиз холос,- дейди Алексей Венедиктов.

Россия ва НТВ телеканаллари раҳбарияти эса Москва мэри Юрий Лужков ва унинг рафиқасининг ноқонуний фаолияти борасида тегишли исбот-далилларга эга эканлигини иддао қилмоқда.

Москванинг собиқ мэри Гавриил Попов Озодлик билан суҳбатда Лужковга қарши бошланган “компромат кампанияси” ортида ҳокимият талашиш ётганини айтади.

- Совет даврида “халқ душмани”ни топиб, уни барча гуноҳларда айблаш кенг тарқалган усуллардан бири эди. Лужков билан боғлиқ ҳолатнинг сабабларига тўхталсак, балки бунга сабаб Лужковнинг ўрни – Москва мэри лавозими учун кураш бошлангани билан тушунтириш мумкиндир.

Юрий Лужков бир неча Москва мэри лавозимидан кетиш ниятида эканини билдирган. Табиий бу лавозимга ворис тайинланиши керак. Лужковниг шаҳарга кўп ёрдами тегди, лекин шу билан бирга унинг даврида бир қатор муаммолар ҳам вужудга келди. Масалан, москваликларни сиёсий майдондан четлаштиришга уринишлар бўлди. Қолаверса, ҳукумат вакиллари ўртасида қарама-қаршилик ўта кескинлашди.

Президент сайловлари яқинлашмоқда. Лужков эса, Путинга ён босаётгани сезилиб қолди. Қаранг, митингларда биз фақат Путин ва Лужковга қарши шиорларни кўраяпмиз. Медведевга қарши бирорта ҳам шиорни учратмайсиз,- дейди Гавриил Попов.

РСН радиоси бош муҳаррири Сергей Доренко эса, Лужковга қарши “ахборот уруши” ортида ҳокимиятнинг юқори доирасдаги шахслар турибди деган фикрни билдиради.

- Путин ахборот майдонида ҳеч қандай сиёсий кучга эмас. Путин бундай масалаларни майдон ортида туриб, турли жиноий йўллар орқали ҳал этади. Бу Медведев ва унинг командаси. Медведов бўлмаган тақдирда Бастрикин ҳам бўлиши мумкин. Бу воқеагача бутун Кремл барча ишларни келишган ҳолда бажарар эди. Демак, муносабатларда нимадир ўзгарди. Бутун Москва иккига бўлиниб бормоқда,- дейди Сергей Доренко.

Юрий Лужков ўзига қарши бошланган “компромат уруши”ни Химки ўрмонидан ўтаётган Москва – Петербург трассаси қурилишини қўллагани билан боғлади.

Айни пайтда Лужков тарафдорлари ҳам кам эмаслиги айтилмоқда.

15 сентябр куни Москва шаҳар Думаси шаҳар мэрини ҳимоя қилиб, баёнот тарқатди.
XS
SM
MD
LG