Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:21

Том Дашл:"АҚШ Қирғизистондаги демократияни қўллаши лозим!"


Бишкекка қилган сафари хулосаси ўлароқ ëзилган мақоласида Том Дашл¸ Марказий Осиëдаги демократия келажаги Қирғизистондаги сиëсий жараëнлар натижасига боғлиқ эканини таъкидлайди.
Бишкекка қилган сафари хулосаси ўлароқ ëзилган мақоласида Том Дашл¸ Марказий Осиëдаги демократия келажаги Қирғизистондаги сиëсий жараëнлар натижасига боғлиқ эканини таъкидлайди.

Ўтган ой Қирғизистонга сафар қилиб¸ бу ерда қирғиз сиëсатчилари билан учрашган АҚШ собиқ сенатори Том Дашл¸ Қирғизистон ўз еридан АҚШ ҳарбий базасига жой бергани учун эмас¸ балки бутун минтақада энг катта демократик потенциалга эга давлат сифатида АҚШ қўлловига лойиқ¸ деган хулосага келди.

Ҳозирда АҚШ Миллий демократия институтининг вице-президенти бўлган Том Дашлнинг Қирғизистондаги сиëсий вазиятга оид кузатиш ва хулосалари унинг The Washington Post газетасида чоп этилган мақоласидан ўрин олди.

“Қирғизистон Афғонистон орқа ҳовлисидаги демократик давлат бўла оладими?” деб номланади АҚШ демократларининг Сенатдаги собиқ етакчиси Том Дашлнинг The Washington Post чоп этган мақоласи.

Сарлавҳанинг тасдиқ эмас¸ балки савол шаклида қўйилгани бежиз эмас. Йиллар давомида Қирғизистон ëнига Марказий Осиëдаги “демократия оролчаси”¸ деган иборани қўшиб келган Ғарб сиëсатчилардан фарқли ўз мақоласида собиқ сенатор¸ бу мамлакатдаги демократия имконлари ҳақида гапиради.

“Қирғизистон фақат АҚШ базасига ер бергани учун эмас¸ балки минтақада энг катта демократик потенциалга эга бўлгани учун ҳам муҳимдир. Ҳозирча бу мамлакатдаги жараëнлар ва тизимлар фуқаролар истакларига мос эмас¸ аммо жамоатчиликнинг демократия талаби ва унга нисбатан ҳурмати чўғи ҳамон баланд. Апрел ойида Бакиев режимини қулатган сабаблардан бири ҳам¸ унинг айнан демократия тўғрисидаги ўз ваъдаларини бажармагани ва сиëсий эркинликлар ва инсон ҳақларини топтаганидадир”¸ деб ëзади собиқ сенатор Дашл.

Қирғизистон бугун чорраҳада турибди¸ унинг эртага қандай давлатга айланиши бутун минтақа келажаги ва сиëсатига фавқулодда таъсир кўрсатади¸ деб қўшимча қилади собиқ сенатор.

- Гарчи Қирғизистон олдида ҳақиқий демократияга эришишнинг узоқ йўли турган бўлсада¸ мен бу ерда ҳақиқий ислоҳот уринишларини кўрдим. Биз ҳали коррупция муаммосига жиддий ечим топишимиз лозим. Биз миллий ҳиссиëтлар ва у билан боғлиқ мураккабликлардан яхши огоҳ бўлишимиз керак. Қирғизистонда демократик амалиëтларнинг жорий этилиши йўлида жуда қаттиқ меҳнат қилишимиз даркор. Аммо мен бугун Қирғизистонда бу йўлдаги илк қадамлар қўйилганига ишонаман ва бу менга рағбат бермоқда¸ деган эди 19 август куни Бишкекда Озодлик мухбири билан суҳбатда собиқ сенатор Тош Дашл.

Айни шундай ишонч ва умидворлик билан йўғрилган мақоласида Тош Дашл¸ АҚШ ҳукумати¸ қолаверса халқаро ҳамжамиятни Қирғизистон муваққат ҳукуматини қўллашга чақиради.

“Агар Қирғизистон бугунги мураккабликлар қаршисида ëлғиз ташлаб қўйилса¸ бунинг оқибати авторитаризмнинг қайта тикланиши¸ экстремизм ëхуд давлатчиликнинг емирилиши бўлишини қарийб аниқ башорат қилиш мумкин. Бу эса¸ нафақат Қирғизистон халқи учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади¸ балки минтақавий барқарорлик ва АҚШ стратегик манфаатларига ҳам жиддий зиëн етказади”¸ деб хулосалайди АҚШ собиқ сенатори Дашл The Washington Post газетасидаги мақоласида.

"Жаноб Дашлнинг мазкур мақоласи¸ Қирғизистон давлати¸ муваққат ҳукумат ва хусусан президент Роза Ўтунбаевага кўрсатилган жиддий қўлловдир" дейди “Айкол Эл” (Бағрикенг эл) партияси раиси Эдил Байсалов. Бугунги кунда Қирғизистон давлатчилиги учун АҚШ каби қудратли мамлакатнинг қўллови жуда муҳим дер экан¸ муваққат ҳукуматнинг собиқ матбуот котиби Байсалов¸ сенатор Дашлнинг Қирғизистондаги демократия истиқболларига оид умидворлигига қўшилишини айтади. Айни пайтда мамлакат жанубида юзага чиққан қонли воқеалар ва бугунда давом этаëтган миллий кескинлик учун айнан ҳозирги ҳукумат айбдор¸ дейди ҳозирда парламент сайловларига ҳозирлик кўраëтган “Айкол Эл” партияси раҳбари.

- Мен муваққат ҳукумат сиëсатига қўшилмаганим учун ҳам уни тарк этдим. Мен бу ҳукуматнинг қанчалик заиф¸ қанчалик қатъиятсиз ва узоқни кўра олмайдиган эканини жуда яхши биламан. Мен бу ҳукумат шаънига билдирилаëтган аччиқ танқидларга қўшиламан ва қирғизистонлик сайловчиларни бўлажак сайловларда сиëсий жиҳатдан зийрак бўлиш ва тусини тинимсиз ўзгартириб¸ яна ҳокимиятга интилаëтган эски демагоглар¸ миллатчилар алдовига учмасликка чақираман¸ дейди Эдил Байсалов.

"Агар биз бугун Қирғизистонда демократик ислоҳотларнинг амалга ошиши ва Афғонистондек мамлакат орқа ҳовлисида демократик давлат қарор топишини қўллаб-қувватласак¸ орадан 10¸ балки 20 йил ўтиб¸ бу мақсадларга эришилганини кўриб¸ ўзимизнинг тарихни тўғри ўзанларга солишдаги ҳиссамиздан фахрланган бўлардик"¸ деб тугаллайди ўз кузатишларини АҚШ собиқ сенатори.

"Бугунги вазиятда Қирғизистондаги сиëсий жараëнларни тўғри ўзанларга солиш жуда муҳим¸ аммо жуда қийин ҳам"¸ деб хулосалайди Дашл некбинлигига муносабат билдирган Байсалов.

- Бунинг учун жуда кўп меҳнат қилиш керак. Биринчи галда эса¸ бугун Қирғизистон келажагини белгиловчи сайловлар арафасида зиëлиларимиз¸ миллий жамоалар етакчилари ҳокимиятга келишга уринаëтган партиялар ва улар етакчилари кимлиги ҳақидаги очиқ ва ҳалол ахборотни бутун халққа етказиши ва уларни тарихий кунда хато қилмасликка ҳозирлашлари лозим¸ дейди Байсалов.
XS
SM
MD
LG