Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

Москвада янги масжид қурилиши можарога сабаб бўлмоқда


Москвада масжидлар етишмагани боис Жума намозларида сони ортиб бораётган мусулмонларнинг сафлари кўчаларга чиқиб кетмоқда.
Москвада масжидлар етишмагани боис Жума намозларида сони ортиб бораётган мусулмонларнинг сафлари кўчаларга чиқиб кетмоқда.

Москванинг жануби-шарқида жойлашган “Текстилшчики” туманида масжид қуриш режаларига маҳаллий аҳоли қаршилик кўрсатмоқда. Пойтахтнинг Жануби-Шарқий префектураси томонидан масжид қурилишига ер ажратилиши Россия оммавий ахборот воситаларида энг долзарб мавзулардан бирига айланди.


Оммавий ахборот воситаларининг Москвада янги масжид қурилиши мавзусига қизиқиши ортишига «Текстилшчики» туманида 11 сентябр куни ўтказилган норозилик намойиши сабаб бўлди. Норозилик акцияси ташкилотчиси “Мой двор” жамоатчилик ташкилоти Волжский кўчаси 8-уй рўпарасида масжид қурилишига қарши 575 имзо тўплади.

- Бу ердагилардан бирортасидан ҳам руҳсат суралмаган. Хоҳлайсизми бу ерда масжид қурилишини?
- Йўқ!

11сентябр куни намойиш иштирокчилари ўз норозилигини ана шу тарзда билдирди.

Тадбир иштирокчилари масжид қурилиши режалаштирилаётган жойда истироҳат боғи бўлиши шарт, демоқда. «Масжид қурилиши бир қатор ноқулайликлар яратади. Масалан, кунига беш марта озон айтилиши ортиқча шовқин бўлади», дейди Екатерина исмли аёл.

«Текстилшчики» масжиди қурилишига қарши чиқаётган Москва Патриархати қошидаги Динлар географияси маркази директори Роман Силантьев масжид қурилиши жиддий можароларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлайди:

- Бугун, "Интерфакс-Религия" сайтида Москва Патриархатининг “Черков ва Жамият” ташкилоти бўлим бошлиғи Всеволод Чаплиннинг «Текстилшчики” тумани аҳолисининг мурожаатномасига жавобан расмий хати эълон қилинди. Унда «Текстилшчики”да истиқомат қилаётган маҳаллий аҳолининг фикр-мулоҳазаси инобатга олиниши лозимлиги таъкидланган. Всеволоднинг сўзларига кўра, айнан шу ерда олдинроқ православ черкови қурилишига рухсат берилмаган. Ҳукуматнинг бу масалага бундай ёндашиши албатта, москваликларнинг норозилигини келтириб чиқарди. Ибодатхоналарни қуриш жойлари, ҳажми ва меъморий хусусиятлари ҳисобга олиниши лозим, дейди Роман Силантьев.

Москва Патриархати вакили Озодликка масжид қурилишига қарши ўзининг шахсий фикр-мулоҳазасини ҳам билдирди:

- Юқорида келтирилган фикрлардан масжидлар қурилиши аҳолига бу масжидлар экстремист ва террорчилар томонидан назорат қилинмаслигини кафолатловчи мусулмон ташкилотлари томонидан амалга оширилмоғи лозим. Масалан, шу йилнинг феврал ойида Россия Муфтийлар кенгаши раиси Равил Ғайнуддин экстремистларга алоқаси бўлгани учун Москва прокуратураси томонидан огоҳлантирилган эди. Мен бундай одамлар масжидлар қурилиши билан шуғулланмаслиги лозим, деб ҳисоблайман!, дейди Москва Патриархати қошидаги Динлар географияси маркази директори Роман Силантьев.

Москва мусулмонлари ибодат қилиш учун шаҳар масжидларида жой етишмаётганидан шикоят қилиб келади. Масалан, жума намозларида масжидларда жой етишмаслиги сабабли намоз сафлари кўчаларга чиқиб кетади. Москва ҳукумати пойтахтда 2010 йилда мусулмонлар ўтказадиган барча байрам тадбирларига кўмаклашиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлсада, Россия муфтияти пойтахт расмийлари кўраётган чора-тадбирларда Москвадаги мусулмонлар сони инобатга олмаётганини айтиб келади. Россия муфтийлар Кенгашининг халқаро департаменти раҳбари Рушан Ҳазрат Аббасов Москвада йил сайин мусулмонлар сони кўпайиб бормоқда, уларнинг аксарияти оддий россияликлар ва уларнинг эътиқод эркинлиги ҳурмат қилиниши учун янги масжидлар қурилиши лозим дейди.

- Жаноб Силантьев йўқ жойдан жанжал кўтариб, одамларни кўчага олиб чиқяпти. Аслида, Москванинг ҳар бир округида биттадан, яъни ўндан ортиқ масжид қурилиши режалаштирилган. Лекин, билсангиз керак, масжидларнинг қурилишига федерал бюджетдан маблағ ажратилмайди ва бу режани амалга ошириш жуда мушкул масаладир. Қувонарлиси, шаҳар ҳокимияти, префектуралар ва маҳаллий маъмурият бизнинг аҳволимизни тушунган ҳолда бизга ёрдам бермоқда. Мана бу жанжалга келсак, жаноб Силантьев йўқ жойдан оммавий ахборот воситаларида жанжал кўтармоқда. Ваҳоланки бунгача ҳаммаси тинч эди: у ерда фақат ер ажратиш масаласи муҳокама этилмоқда. Мусулмонлар ҳар доим янги ибодатхона, черков ёки синагогалар қурилишига бағрикенглик билан ёндашиб келган. Бундай ҳаракатлар халқлар ўртасида низо келтириб чиқариш учун қилинмоқда. Лекин биз қонуний йўл билан ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қиламиз, деди Россия муфтийлар Кенгашининг расмийси.

Бугунги кунда 2 миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қилаётган Россия пойтахтида 5 масжид бор. Булар Москва Жоме масжиди, «Отрадное»даги “Ёрдам” ва “Инам” масжидлари, Катта Татар кўчасидаги тарихий масжид ва Шухада масжидларидир.
XS
SM
MD
LG