Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:24

Ниятлар имкониятларга тўғри келмаса...


Ўзбекистон қишлоқларида қурилаётган бир хил типлаги замонавий уйлар яқин орада ўз эгаларини топмайдиган кўринади.
Ўзбекистон қишлоқларида қурилаётган бир хил типлаги замонавий уйлар яқин орада ўз эгаларини топмайдиган кўринади.

Келаси йили Ўзбекистон қишлоқларида ипотека кредитлари ҳисобига ҳаммаси бўлиб 7400та бир хил типдаги уй қурилади. Бунёд этилажак шунча турар-жой ва унга боғлиқ инфраструктура параметрларини Ўзбекистон президенти куни кеча тасдиқлагани тўғрисидаги хабарни 23 сентябр куни Регнум ахборот агентлиги эълон қилди.


Ўзбекистонликларнинг баъзилари ипотека кредитларини олишга уриниб, бу ишни уддалаёлмаётган бўлса, кўпчилик таклиф қилинаётган пулдан воз кечмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президенти 2007 йилнинг 18 майида имзолаган “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ижроси ҳақида бугунга келиб гапириш мумкин: жойларда ипотека кредитларига қурилган уйлардан иборат кўйлар пайдо бўлди.

Масалан, Андижон вилоятида. Олтинкўллик Шокир ака гапиради:

- Олтинкўлга Шарқдан кириб боришда марказга етмай бир километр бу ëқда битта маҳалла тушган. Икки томонга 10 тадан бўлса, 20 та хўжаликка яраша уй тушган. Президент Андижонга келганда ҳам кириб кўрди. Кўрсатишди телевизорларда. Бир қаватли уйлар. Совет давридай қилиб бари бир-бирига ўхшатиб солинган, дейди Шокир ака.

Бундай уйлар Фарғонадаям қурилаяпти.

- Укаларимдан биттаси ўғлига олиш учун ариза бериб, дастлабки бадалларини тўлаб, энди қолганини ипотека, банкдан кредит олиш билан бўлаяпти. Жуда хурсанд. Беш хонали уй олмоқчи бўлаяпти ўғлига, деди фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчиси Маъруфжон Абдураҳмонов.

Демак, президент фармони ишлаяпти: ипотека кредитлари берилаяпти, уларни олаётганлар хурсанд, уйлар қурилаяпти.

Бу ҳақиқат. Лекин чала ҳақиқат.

Ҳақиқат тўла акс этиши учун буёғини эшитинг.

Ипотека кредитлари ҳисобига уй қуриш Жиззахда ҳам бор. Лекин бу вилоятда ўша кредитлар ортидан қуваётганлар йўқ.

Жиззахлик адвокат Раҳим Худойқуловнинг айтишича,

- Жиззах туман ҳокимлигида ер ажратилган. Лекин бирорта уйни бирорта фуқаро олмаяпти.

Озодлик: Нима учун?

- Чунки, биринчидан, фуқарога қимматлик қилади. Тўлов қобилияти йўқ. Иккинчидан, у ерни бой одамлар олмайди. Чунки у ер спросга жавоб бермайди, дейди жиззахлик адвокат Раҳим Худойқулов.

Натижада, деб давом этади адвокат, ўша ажратилган ерларда уй қуриш учун ажратилган кредитларни олувчиларни топиш бюджет ташкилотлар раҳбарларига юклатиляпти.

Жиззахлик ўқитувчи Зиёдулло муаллимга 75 миллион сўмлик кредитни бугун таклиф қилдилар.

- Мана бугун, 24 сентябр 2010 йилда, Зарбдор тумани халқ таълими бўлими раҳбарининг бизга бчилик қилиб турган директорига шундай буйруқ берилибдики, ўша сен фаолият юритаëтган мактаб ўқитувчиларга биз битта уйни бириктирамиз. Уйнинг қиймати 75 миллион. Ўша 75 миллион қийматга эга бўлган уйга 15 йил муддат оралиғида кредит берилади. Барча шарт-шароитлари мавжуд. Сиз шуни олинг деяпти, дейди Зиëдулло муаллим.

Турмуш ўртоғи ва уч фарзанди билан икки қаватли уйнинг 3 хонали квартирасида яшайдиган Зиёдулло муаллим бугуннинг ўзидаёқ таклиф қилинган кредитдан воз кечди. Чунки, дейди муаллим,

- Менинг бир ставка иш ҳақим 300 мингга тўғри келади. Ана энди у ердан солиқ, пенсионний, ҳаммасини ажратганда, тахминан 250 минг ойлик оламан, дейди Зиëдулло муаллим.

Демак, Зиёдулло муаллимнинг қўлига бир йилда 3 миллион сўм маош тегади. Агар бу пулни бузмай фақат кредитни қоплашга сарфлайдиган бўлса, таклиф қилинаётган 75 миллион сўмлик кредитни банкка 25 йилда қайтара олиши мумкин. Ўшандаям кредитнинг танини, устида яна 7 фоиз устамасиям бор. Кредитни қайтараман деса, 25 йил бола-чақаси нима ейди?!

Қолаверса, кредитни қайтариш муддати 15 йил холос.

Олтинкўллик Шокир ака ҳам ўғлига таклиф қилинган ипотека кредитидан воз кечган.

- Менинг коллежда ишлайдиган ўғлим бор эди. Шу ҳам ариза ëзиб қўйган экан. Бир кун қишлоқ фуқаролар йиғинидан раис менга телефон қилиб “Ўғлингизнинг аризаси бор экан. Бугун кечқурун соат олтига 14 миллион олиб бориб топшириб, ҳокимга учрайди экан” деди. Энди бу жуда катта пулда. Ҳали 14 миллион пулни ушлаб кўриш эмас, умуман узоқдан ҳам кўрган эмасман. Ўзи 200 минг ойлик олади. Ўғлимга “Мендан сўрамасдан нимага бунақа қиласан?” десам, “Ишхонамизга келиб 30 даб ошмаган янги уйланганларга арзон нархда берилади. 5-10 миллионга бормайди деганига ëзиб қўйган эдим” деди. У 57 миллион экан. Дастлабки взноси ҳам 14 миллион атрофида эдида. Шунинг учун кейин биз бормадик ҳам, суриштирмадик ҳам, дейди олтинкўллик Шокир ака.

Оддий ойликчилар ипотека кредитларидан воз кечаётганининг бир сабаби уларда қарзни қайтариш имкони йўқлиги бўлса, иккинчи сабаби қарз кўтариб қуриладиган уйнинг нархи бозор нархидан камида икки баравар қимматлигидир.

Мана Олтинкўлдаги нарх:

Озодлик: Мана сизнинг ўғлингиз 57 миллион кредит олиб уй қуриши мумкин эди. Ўшанга ўхшаган тайëр уйни неча пулга сотиб олса бўлади ҳозир?

- Туман ҳудудида бўлса, 20 миллионга худди ўшанақа, ундан озгина тузукроқ ëки пастроқ 10 сотих ери билан уй олсангиз бўлади.

Шунга ўхшаш гапни жиззахликлардан ҳам эшитувдик.

- Арзон уйлар кўпда. 75 миллионга ўша ердан уйни олгандан кўра бошқа жойдан 40 миллионга уй олади, дейди жиззахлик адвокат Раҳим Худойқулов.

Шундай бўлса-да, 57 миллион сўмлик қарздан воз кечган олтинкўллик Шокир аканинг айтишича, ипотека кредитини ололмай юрганлар ҳам кўп.

- Бу энди оддий одамлар эмасда. Пулдор одамлар. Давлатнинг ўзи буни оддий одамлар ололмаслигини билади. Ўша пул топаëтганларнинг пулини йиғиштириб олиш учун бўлаяптими бу. Ҳаттоки таниш-билиш қилиб ололмай қолганлар ҳам бор. Бизнинг атрофимизда каттароқ амалдорнинг қудаси ҳам ўғлига ололмай “Бизга тегмади, ололмадик” деб юрди, дейди Андижоннинг Олтинкўлидан Шокир ака.

Мавзу юзасидан аҳолини ипотека кредитлари билан таъминлаш вазифаси юклатилган "Қишлоқ қурилиш банк" ва Жихззах вилоят ҳокимлигига қилган мурожаатларимиз жавобсиз қолди.
XS
SM
MD
LG