Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:31

Ўзбеклар тарафини олган ҳуқуқ фаоллари таъқиб қилинмоқда


Азиза Абдурасулова Ўш қирғини пайтида ҳаётини таҳдид остига қўйиб қирғизларни ҳам, ўзбекларни ҳам ҳимоя қилиб юрган кам сонли ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири.
Азиза Абдурасулова Ўш қирғини пайтида ҳаётини таҳдид остига қўйиб қирғизларни ҳам, ўзбекларни ҳам ҳимоя қилиб юрган кам сонли ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири.

Қирғизистонда Ўш қирғини воқеасида ўзбеклар кўпроқ жабрлангани ҳақида маълумотлар тўплаган ва мустақил текширув ўтказган ҳуқуқ фаоллари Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан таъқиб қилинмоқда. Бу ҳақда бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари баёнот бермоқдалар.


“Қилим шами” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулованинг айтишича, ҳуқуқ фаолларининг Ўш ва Жалолобод вилоятларида эркин фаолият юритишига Миллий хавфсизлик хизмати тўсқинлик қилмоқда.

- Бизга Миллий хавфсизлик хизмати томонидан жуда қаттиқ босим ўтказилаяпти. Чунки бизнинг ташкилот ходимлари жанубда содир бўлган воқеалар юзасидан қирғизга ҳам, ўзбекка ҳам бўлишмасдан, ҳолис текширув ўтказган. Биз июн воқеалари ҳақида жуда кўп далил-исботли материалларни тўплаганмиз. Мана шу ҳолат ҳам Миллий хавфсизлик хизматини безовта қилмоқда,-деди Азиза Абдурасулова.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, Қирғизистонда юзага келган айни вазиятда тўпланган маълумотларни ошкора қилиш имконияти йўқ. Азиза Абдурасулова бу маълумотларнинг ҳозир ошкор қилиниши ўзининг ва ташкилот ходимларининг хавфсизлигига катта таҳдид туғдиради, деб ҳисоблайди:

- Халқимиз орасида миллатчилик авж олиб бораётган бир вазиятда тўпланган маълумотларни ёйинлаш жуда қийин. Янги ҳукумат ҳам бу йўналишда икки юзлама сиёсат олиб бормоқда. Шунинг учун бу маълумотларни айни вазиятда ошкор қилиб бўлмайди,-деди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбой Акун ҳам Азиза Абдурасуловага нисбатан босимлар бўлаётганидан хабари борлигини айтади. Унинг айтишича, Азиза Абдурасулова Ўш қирғини юзасидан фақат бир тарафлама, аниқроқ айтганда, ўзбеклар кўпроқ жабрлангани тўғрисида маълумотлар тарқтагани учун ҳам босимга учраётган бўлиши мумкин.

- Ҳуқуқ ҳимоячиларига СНБ, прокуратура, милиция томонидан босимлар ўтказилаётганини билиб турибмиз. Бироқ бунинг замирида сиёсий таъқиб йўқ. Бу ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ҳуқуқ ҳимоячилари билан келиша олмаётгани туфайли мана шундай ҳаракат қилишаётган бўлиши мумкин,-деди Турсунбек Акун.

Айни пайтда Қирғизистондаги вазият юзасидан миллатчи сиёсатчилар нуқтаи-назарига қарши фикр билдираётган шахсларга нисбатан нафақат босим ўткизилаяпти, балки ҳужумлар ҳам қилинаяпти. Яқиндагина сиёсатшунослар Александр Князев ва Нур Ўмуров номаълум шахслар томонидан калтакланган. Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Динара Аширахунова бундай ҳужумлар миллатчилик ғоялари билан қуролланган гуруҳлар томонидан содир этилаётган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

- Нур Ўмуров ҳуқуқ ҳимоячиси эмас эди, бироқ у ўз нуқтаи назарини очиқ айтгани учун ҳужумга учради. Авваллари бундай ҳужумлар ҳукумат томонидан уюшитирилар эди. Ҳозир эса бу ҳужумлар криминал ёки биз билмаган бошқа гуруҳлар томонидан уюштирилмоқда. Афсуски, ҳукумат бу ҳужумларни уюштирган шахсларни қидириб топиш ва жазолаш учун ҳеч нарса қилмаяпти,-деди Динара Аширахунова.

Мавзу юзасидан ҳуқуқ-тартибот тузилмалари вакиллари фикрини ўрганиш борасида қилган ҳаракатларимиз натижасиз якунланди. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари мазкур ҳолатлар юзасидан шарҳ беришга тийилдилар.

Айтиб ўтиш лозимки, Ўш қирғини пайтида Ўшда бўлиб, ўзбеклар ҳуқуқини ҳимоя қилган ва ўзбек аҳолиси кўп талафотлар кўргани ҳақида очиқ маълумотлар берган яна бир қирғиз ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлайкан Исмоилова ўз ҳаётига таҳдид туғилгани ва Миллий хавфсизлик хизмати таъқиб қила бошлагани туфайли Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG