Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:58

Уйи куйганларга "оралиқ" уйлар бериладиган бўлди


Уйлари куйдириб юборилган ўшлик ва жалолободликлар қишни чодирлар ёки вақтинча уйларда ўтказадиган кўринади.
Уйлари куйдириб юборилган ўшлик ва жалолободликлар қишни чодирлар ёки вақтинча уйларда ўтказадиган кўринади.

Июн воқеаларида уйсиз қолган ўшлик ва жалолободликлар ноябрнинг охиригача "оралиқ" уй-жой билан таъминланади. Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси бу ҳақда 27 сентябр куни баён қилди. Гап халқаро ташкилотлар ёрдамида Ўш ва Жалолободда қурилиши мўлжалланган 1350 та уй устида кетаяпти.


Мухбиримиз Ўшнинг фожеадан зарар кўрган мавзеларидан баъзилари - Увом бўйи маҳалласи ва Фурқат қишлоғида олиб борилаётган қурилиш суръати билан танишди.

Июн фожеаси давомида босқинчилар увомбўйиликларнинг нафақат уйларини, балки уларнинг фарзандлари ўқийдиган мактабни ҳам ёқиб юборган эди.

Лев Толстой номидаги мактаб биноси вайроналари суриб ташланиб, ўрнига 520 ўқувчига мўлжалланган янги бино қурилиши бошланганига бир неча ҳафта бўлди.

- Котелницанинг девори битди. Спорт залнинг ҳам фундаменти бошланди. Мактабнинг основной уч этажли жойнинг ҳам фундаменти бошланди. Февралнинг охири, 1 мартга топширамиз деган ваъдаси бор эди. Энди агар иш бундай кетадиган бўлса, эртароқ бўлиб қолиши ҳам мумкин, дейди мактаб директори Муродилло Мўйдинов.

Демак, Лев Толстой номидаги мактаб ўқувчилари баҳоргача янги бинога киролмаслиги аниқ. Унгача эса, вақтинчалик мактабда ўқийдилар, дейди мактаб директори ўринбосари Олтиной Тилаволдиева.

- Ҳозирги кунда биз дала шийпонига жойлашган чодир мактабда ўқияпмиз. Иссиқ кунларда билинмас эди. Бундан бу ëғига ҳаво совиб кетадиган бўлса, чодирларда ҳаво совиб кетади деб нима қилдик. Бир-икки кун ëмғир ëққан эди, болалар совуқда анча нима бўлиб қолишди, дейди Олтиной Тилаволдиева.

Мактабни чодирлар билан БМТ Болалар жамғармаси таъминлаган. Ташкилот мактабга бошқа масалаларда ҳам кўмак кўрсатмоқда.

Тилаволдиева хонимнинг айтишича, Жамғарма кузги каникул кунлари дала шийпони майдонига иссиқ чодирлар ўрнатиб беришга ваъда берган.

Қурилиши бошлаб юборилган мактаб атрофидаги ёндирилган уйлар ўрнида уйлар қурилиши ҳам давом этмоқда.

- Уйларнинг олди ҳозир том ëпишга ўтилди бизнинг Қирариқ томонларда. Деворлар урилиб, том ëпиш бошланди ҳам. Фундаментлар ҳам қуйилаяпти, дейди Муродилло ака Мўйдинов.

Қирариқ – Увомбўйига туташиб кетган маҳалла.

Қирариқдан шарқда, қарийб икки чақирим наридаги Фурқат қишлоғида ҳам июн ойида бир неча юз уй ёндириб юборилган эди.

Шу қишлоқлик Зокиржон қурилаётган уйлар ҳақида мана бундай ҳикоя қилди.

- Ҳар бир хўжаликка бештадан одам борларга 28 квадрат метрдан қурилиш қилиб берди. Девори пишиқ ғиштдан, икки бўлмали бўлиб, таги линолиумли пол бўлар экан. Еттитадан ошиғига 36 квадрат деб уч комната бўлаяпти, дейди Зокиржон.

Демак, Фурқат қишлоғида ҳам қурилиш кетаяпти. Зокиржоннинг айтишича, майдони 28 ёки 36 квадрат метрли уйлар ҳар бир оилага эмас, балки турар-жой бирлигига биттадан қурилмоқда.

Озодлик: Мисол учун Фурқат 32-уйда ота ўзининг болалари билан, ўғли хотини билан, яна битта ўғли хотини билан бўлса, учта оила бўлади-а?

- Ҳа.

Озодлик: Лекин номер битта.

- Битта уй солинади.

Озодлик: Демак, битта уй солинарканда.

- Битта уй солинади, дейди фурқатлик Зокиржон.

Биз Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси билан ҳам боғландик. Саволларимизга дирекция матбуот котиби Мэлис Эрназаров жавоб берди.

Қурилиш ишлари суръати тўғрисидаги саволимизга жавоб берар экан, Мэлис Эрназаров

- Қурилиш жадал суръатлар билан олиб борилмоқда, Жалолобод вилоятида 2 та уй фойдаланишга топширилди, яқин кунларда Ўш вилоятида 3 та уй топширилади, октябрнинг иккинчи декадасидан бошлаб уйлар ёппасига бита бошлайди, деди.

Уйи куйган ўшликларнинг кўпчилиги 2 хонали янги уйларни қуришга кетадиган сарф-харажатларни ким кўтараётганини аниқ билмаслиги маълум бўлди.

Мэлис Эрназаровнинг айтишича, қурилиш ҳам ҳукумат, ҳам халқаро ҳамжамият – БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги, Халқаро Қизил Хоч жамияти ва бошқа ташкилотлар томонидан молиялаштирилмоқда.

Мана бу эса, уйи куйганлар диққат билан эшитиши керак бўлган маълумот:

- Бу уйларни қуриш учун аҳоли ўз чўнтагидан бир сўм ҳам сарфламайди, уйлар бепул қуриб берилади, деди Дирекция вакили.

Маълумки, жабрланганларнинг мол-мулкини босқинчилар аввал талон-тарож қилиб, сўнгра уйларига ўт қўйган эди.

Балки шундандир, ҳар қалай, Ўшда уйи куйганларга Хитой телевизор, Корея холодильник совға қилармиш, Ўшнинг мебел фабрикасида каравотлар ясалаётганмиш, деган миш-мишлар тарқалганига гувоҳ бўлдик.

Мэлис Эрназаровнинг айтишича, бу гаплар ҳеч қандай асосга эга бўлмаган миш-миш холос. Хуллас, ўшликлар бу масалада хомтама бўлмасин.

Мақолага сўнгги нуқтани қўйишдан олдин шуни ҳам айтишимиз керакки, “оралиқ уй” деб аталаётган 2 хонали уйлар - кириб келаётган қишда кўчада қолмасин, деб халқаро ҳамжамият ўшликлар ва жалолободликларга кўрсатаётган беминнат ёрдамдир, холос.

Уйларини 11 июнгача бўлган ҳолатда қайта қуриб олиш, уларни зарур жиҳозлар билан қайта тўлдириб олиш муаммоси шу кунда ҳар бир уйи куйганнинг олдида кўндаланг қолавермоқда.
XS
SM
MD
LG