Линклар

Шошилинч хабар
23 июн 2025, Тошкент вақти: 18:38

Ўзбекистон биометрик паспортга ўтишга ҳозирланмоқда


Ўзбекистоннинг янги жорий этиладиган биометрик паспорти кўринишининг¸ ҳозиргисидан кўп фарқ қилмаслиги кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг янги жорий этиладиган биометрик паспорти кўринишининг¸ ҳозиргисидан кўп фарқ қилмаслиги кутилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Ҳолландиянинг IAI Industrial Systems ширкатидан уч дона BookMaster One тизими сотиб олишга доир келишув имзолади. Бу тизимлар ëрдамида Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилдан бошлаб фуқароларга биометрик паспорт бера бошлашни режалаëтир.


2011 йили биометрик паспортга ўтишга ҳозирланаëтган Ўзбекистон ҳукумати Ҳолландия ширкати ишлаб чиқаëтган қимматбаҳо ва ривожланган BookMaster One технологиясининг янги харидорига айланди.

IAI Industrial Systems ширкати эълон қилган хабарга кўра¸ келаси йил давомида BookMaster One русумидаги махсус ускуналар Ўзбекистонга еткизилади.

Бу тизимга бўш паспорт бланкалари солинади ва у саноқли сониялар ичида биометрик паспортни чоп қилиб беради¸ дейди IAI Industrial Systems ширкати вакили Карла Лафрайзен Озодлик билан суҳбатда.

- BookMaster One тизими паспортни тўлиқ персонализация қилиб беради. Машинага бўш паспорт бланкаси солингач¸ у шахсга оид график (сурат) ва хавфсизлик (бармоқ излари) маълумоти¸ қолаверса харидор давлат талаб қиладиган бошқа ахборотни махсус чипга юклайди. Сўнгра¸ киритилган ахборотнинг қанчалар тўғрилигини текшириб чиқади ва шахсга оид барча ахборот кодлаштирилган тайëр биометрик паспортни чиқариб беради¸ дейди IAI Industrial Systems ширкати вакили.

Бу тизимларнинг айнан қачон Ўзбекистонга етказилиши¸ уларнинг нархига оид ахборотни¸ "ўзаро келишув сири"¸ дея ошкор қилишни истамаган Карла Лафрайзеннинг билдиришича¸ Тошкент ҳукуматининг Париждаги воситачи ширкат орқали фақат учта бу каби тизимни сотиб олаëтгани¸ Ўзбекистонда биометрик паспорт беришнинг марказлашган тартибда амалга оширилишидан даракдир.

- BookMaster One тизими ўртача бир соатда 330 та биометрик паспорт чиқариб беради. Ўзбекистон биздан учта шунақа тизим сотиб олмоқда ва бу соатига ўртача 1000 биометрик паспорт нашр қилиш имконини беради. Бундай паспортни қандай ва қаерда ҳозирлаш¸ ҳар бир ҳукуматнинг ўз иши. Харидорларимиз орасида¸ буни марказлашган тартибда¸ яъни фақат битта жойда чиқариб¸ сўнгра уни жойларда эгаларига тарқатишни жорий қилганлар ҳам¸ айни пайтда¸ ҳар бир шаҳарнинг ўзида бундай паспорт ҳозирлашни маъқул билганлари ҳам бор. Афтидан¸ Ўзбекистонда бу жараëн марказлашган тартибда амалга оширилади¸ дейди Ҳолландиянинг IAI Industrial Systems ширкати вакили Карла Лафрайзен.

Ўзбекистон ҳукуматининг дастлабки режасига мувофиқ¸ мамлакатда биометрик паспорт тизими 2010 йил январидан бошланиши лозим эди. Аммо бу муддат президент Каримов фармонига мувофиқ¸ 2011 йил январига кечиктирилди ва ҳозирча янгича паспортнинг айнан қачондан бошлаб берила бошланиши расман эълон қилинмади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Кириш¸ чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бошқармаси вакилига кўра¸ ҳозирча бу жараëннинг 2011 йил январидан бошланиши кутилмоқда.

- Биринчи ўринда четга чиқадиганлар 100 фоиз алмаштиради. Ўзбекистон чегарасидан чиқадиганлар бору, ўшалар 100 фоиз алмаштириб чиқади. Бўлмаса¸ бошқа давлатлар киргизмайди.

Иккинчиси, биринчи марта фуқаролик паспортини олаëтганларга 100 фоиз ўша паспортдан берилади.

Учинчиси, паспортини алмаштирадиганлар бору – паспортининг муддати тугаган, яроқсиз ҳолга келган, йўқотилган - уларга ҳам берилади. Қолгани эса постепенно¸ деди бошқарманинг ўзини таништирмаган расмийси.

Паспорт муддати тугаëтган ва ҳозирда хорижда бўлганлар янги паспорт олиш учун паспорт амал қилиш муддати тугашига қанча вақт қолганда мурожаат қилиши лозим¸ бу жараëн қанча вақт олади¸ деган саволларга жавобан бошқарма расмийси¸ ҳозирча биометрик паспорт тизимига ўтишга оид янги фармон ва кўрсатмалар ишлаб чиқилмаганини билдирди.

- У нарсалар ҳали охиригача тасдиқланмаган. Тасдиқланганда, оммавий ахборот воситалари орқали хабар берилади. 2011 йил 1 январдан Ўзбекистон республикасидан ташқарига чиқадиган бўлса, 100 фоиз алмаштиришади. Ҳозирги кунда янги паспорт бериш муддати 15 кун. Унинг муддатини қисқартириш масаласи кўриб чиқилаяпти, лекин охиригача ҳал қилинмаган. Биометрик паспорт ичида чиқиш визаси бўлади. Ҳозирча шунақа бўлаяпти. Буни вақт кўрсатади. Мен аниқ айта олмайман. Нимага деганда бу нарсалар ҳали тасдиғини топмаган¸ деди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Кириш¸ чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бошқармаси вакили.

Биометрик паспортга ўтиш билан Ўзбекистондаги чиқиш визасига барҳам берилади¸ хориждаги Ўзбекистон фуқаролари янги паспорт олиш учун ўзлари яшаëтган мамлакатлардаги Ўзбекистон элчихоналарига мурожаат қилишлари мумкин¸ деган бирламчи тахминлар ҳам ҳозирча ўз тасдиғини топмади. Озодлик мурожаат қилган Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси вакили¸ янги биометрик паспорт тизимига ўтишга оид фармоннинг жорий йил декабр ойида эълон қилиниши кутилаëтганини билдирди. Афтидан¸ янги паспорт тизимига оид аксар саволларга ана шу фармон ойдинлик киритадиган кўринади.
XS
SM
MD
LG