Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:42

Ислом Каримов Ўзбекистонни тарк этмоқчи


"Эркин микрофон" қаҳромонларининг аксарияти яна бу куннинг долзарб мавзуси - пахта мавсуми билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирган бўлса-да, уларнинг орасида Ўзбекистонни тарк этишни ният қилган президентнинг адашини ҳам учратиш мумкин.


Президентнинг адаши

Асли хоразмлик айни пайтда Учқудуқ шаҳрида яшаётган Ислом Каримов укаси ва онасини олиб Ўзбекистондан кўчиб кетиш ниятида.

- Ака-укамиз бизлар. Кекса онам бор. Онамнинг ëши 70га бориб қолган. Умуман мақсадимиз бу ердан кетиш. Бизлар кетмоқчимиз бутунлай. Ўзбекистондан кетмоқчимиз.

Озодлик: Нима учун?

- Бўлмайди бу ерлар. Ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон яхши бўлмайди.

Озодлик: Кетганда қаерга кетмоқчисиз?

- Бизлар рус мактабда ўқиганмиз. Каримов Илҳом ва Каримов Ислом. Кўпроқ Европанинг маданияти бўйича ўтганмизда бизлар. Менга кўпроқ Австралия ëқади. Қисқаси мен уйланмоқчиман, ўша ерда қолмоқчиман. Умуман кетмоқчиман Ўзбекистондан.

Озодлик: Неча ëшдасиз Ислом ака?

- 1976 йилда туғилганман.

Озодлик: Ҳали уйланмаганмисиз?

- Йўқ. Унақа мақсадим ҳам йўқ Ўзбекистонда уйланиш. Умуман кетмоқчиман. Уч ойдан бери масалан биз яшаëтган посëлкада сув йўқ. Умуман бюрократия, президент билан алоқа қилиб бўлмайди. Президентга чиқиб бир нимани айта олмайсан. Прокуратурага борганинг билан ҳаммаси ўзиники. Стадионда югуриб юргандай югуриб юраверасан. Фойдаси йўқ. Бу ерда тирикчилик жуда оғир. Учма уч етади. Продуктага етади, бошқа нарса ололмайсиз.

Озодлик: Ислом ака, сиз президент билан адаш экансиз. Шу исм-фамилия ëрдам бермаганми?

- Йўқ. Мана президент қабулхонасига борсангиз, қанақа қилиб кирасиз? Ўқимайди у сизнинг аризаларингизни. Умуман кетмоқчиман. Ëқмайди менга бу ер. Менга буларнинг Нексияси, машинаси керак эмас. Бизлар бойликка қизиқмаймиз. Бизларга бойлик керак эмас. Бутунлай кетмоқчиман. Ўзбекистон деган нарсани умуман билмайман демоқчиман. Қайтиб келгим ҳам йўқ бу ерга. Кетсам, уйланиб қолмоқчиман¸ дейди асли хоразмлик Ислом Каримов.


“Намозларда пахтани дуо қиламиз”

4 октябр куни Озодликка қўнғироқ қилган наманганлик Муҳиддин аканинг айтишича, Намангандаги деярли барча савдо расталари ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари пахта мавсумида ёпиб қўйилган.

- Мана Наманган шаҳрига борсам, пахта кампанияси деб ҳамма ëқни тақатақ тўхтатиб қўйган.

Озодлик: Ëпиқми ҳамма жой?

- Ҳа. Мен телефон тузаттирмоқчи эдим. Борсам, у ерда ҳам “ҳамма пахтада” деб ëзиб қўйибди. Ишламаяпти у ер ҳам. Соқол олдирай десам сартарошхона ҳам шу. Бозорга кирсам, бозор ҳам йиғиштириб қўйилган. Одамлар тирикчилик қилиши керак, савдо қилиши керак. Paynetга борсам, у ер ҳам ишламаяпти. Масжидларда ҳам пешин пайтида ҳам пахтага дуо қиламиз, жума куни ҳам пахтани дуо қиламиз, бозорлар ҳам тақатақ тўхтаган. Бу кетишда пахтага чиқилмаса, одам қамалиб кетиши керак деб ўйлайманда. Одамларга жуда қийин бўлиб қолди.

Озодлик: “Масжидда пахтани дуо қиламиз” дедингиз. Ўша жойига тушунмадим.

- Масжидга кирганда фақат пахта тўғрисида гап бўлади. Имомлар пахта тўғрисида гапиришади. Имомлар пешин пайти кирсам ҳам пахта тўғрисида дуо қилади. Қайси масжидга кирсангиз, жума кунлари албатта пахта тўғрисида гапирилади. Обезятелно пахтага дуо қилиб беринглар дейилади. “Нимага?” деб сўрасак, “Чунки мана шундан бизнинг молларимизга кунжара бўлади. Шунинг учун бизга фойдаси бор. Ëғи бўлади, чигити бўлади. Пахта бизнинг кийимимиз. Одамлар туғилганда пахта билан туғилади, ўлганда ҳам кафани пахтадан” деб дуо қилинади. Кўчага чиқсам, ҳамма ëқда пахта кампанияси. Бозорлар ҳам ëпиқ. Одамлар жуда қийналиб қолдику Намангандаги. Новвойлар нон қилмаяпти. Тушуниб бўлмайдиган ҳолат бўлаяптида. Қанақадир Наманганда ҳамма ëқ мозорга ўхшаб қолди, даштга ўхшаб қолди, даштга. Кўчага чиқиб туриб ҳайрон бўлиб халқни ўйлаб сиқилиб кетдим. Янаги йили бу кетишда пахтага чиқмаганларни қамайдими дейманда¸ дейди наманганлик Муҳиддин ака.


“Болалар пахта терса, бунинг нимаси ёмон”

Андижонлик проводник Қодиржон Аҳмедов эса давлат манфаати йўлида болаларни ҳам пахта теримига жалб қилишни оқлашини айтади.

- Бизда энг долзарб масала бўлиб турган пахта масаласида сизларни озгина танқид қилмоқчиман. Иккинчиси, ўзим темир йўлда проводник бўлиб ишлайман.

Озодлик: Қодиржон ака, олдин бизни танқид қилиб олинг. Кейин темир йўлга ўтамиз.

- Хўп. Ҳар кун радио орқали пахтада болалар меҳнатидан фойдаланиш, талабалар меҳнатидан фойдаланиш тўғрисида гапирилаяпти. Пахта бизнинг энг бойлигимиз. Пахта шундай нарсаки, бир марта ëмғир ëғса, унинг сорти бузилади. Бу дегани миллион эмас, миллиардлаб сўм пул йўқотамиз дегани.

Озодлик: Ўша пулни йўқотмаслик учун болалар меҳнатидан фойдаланиш керак демоқчисиз.

- Йўқ, фақат болалар меҳнатига кейин келамиз. Куз ëғингарчилик кўп бўлган фасл бизда. Иложи борича шуни тезроқ йиғиштириб олиш учун халқаро ҳашар деймизми, ҳашар йўли билан талабалар, ўқувчилар жалб қилинади. Ўзи аслида олиб қараганда мен ҳам ғўзанинг ичидан чиққан одамман. Мен учун пахтага чиқиш байрам ҳисобланарди. Дам олиш биринчи навбатда. Пахтазорга чиққанда бола яйраб кетади. Кечаги кун мана радиода эшитдим. Сариосиëданми қаердандир “болаларни қамчилаган” деди. Бучи ишониб бўлмайдиган гап.

Озодлик: Қодиржон ака, сиз пахта тердик деяпсиз. Мен ҳам 3 синфдан бошлаб пахта терганман. Нормани бажармаган болалар бўлса, албатта жазоланарди. Сизларда норма бўлмасмиди?

- Норма бўларди. Норма бажариларди албатта. Бажарилмаса, қамчи билан уриш ëки бурчакка тикка қилиб қўйиш бўлган эмас. Биринчи навбатда бола пахтага чиқадиган бўлса, ота-онадан, бошқадан, ўқитувчилардан ҳар кун лекция эшитавериб қулоқлари шалпайиб кетади деймизми, шундан қутулиб эркин юради.

Озодлик: Бир сўз билан айтганда сиз болаларни пахтага олиб чиқишга қарши эмассиз. Шунақами?

- Болаларни пахтага олиб чиқишга қаршилик эмас бу ерда. Пахтани териш учун Ўзбекистонда ҳамма кучни жалб қилиш керак.

Озодлик: 1-синф болаларини олиб чиқиб бўлса ҳам сизнинг фикрингизча.

- Йўқ, 1-синф болалари чиқаëтгани йўқ. Андижон вилояти, Андижон тумани, Ëрбоши қишлоқ фуқаролар йиғинида тураман. 1-синф ўқувчилари чиқаëтгани йўқ. Ҳатто менинг 4-синфда ўқиëтган қизим пахтага чиқмаяпти.

Озодлик: Ўша 4 синфда ўқийдиган қизингизни пахтага олиб чиқишса, сиз қанақа қабул қилардингиз?

- Жуда ҳам тўғри қабул қилардим. Чунки у ҳам ўз ҳиссасини миллий бойлигимизга қўшиши керак¸ дейди андижонлик проводник Қодиржон ака.


“Икки ойлик стипендиямизни ушлаб қолишди”

Тошкентдаги Жаҳон тиллари университети битирувчиси Маҳмуда банкдан таълим кредити олиб ўқиганини айтар экан, айни пайтда университет раҳбарияти битирувчиларнинг икки ойлик стипендиясини ушлаб қолишгани боис мушкул аҳволга тушиб қолгани ҳақида гапиради.

- Мен Жаҳон тиллари университетини тугатганман. Мен контрактда ўқиганман. Контрактни бизлар август ойигача тўладик. Лекин бизнинг стипендиямизнинг икки ойлигини “Президент қарори бор. Шу икки ойнинг стипендияси отмен қилинади” деб олиб қолди. Контракт пулини тўладик, икки ой ўқимадик, яна стипендиямизни олиб қолишди.

Озодлик: Фақат охирги курсларнинг икки ойлик стипендиясини олиб қолишдими ëки ҳамма курсларникиними?

- Фақат охирги курсларникини.

Озодлик: Нима деб изоҳлашди буни?

- Буни “президент қарори” деб изоҳлашди. Олдин президент қарори чиққан. 3 баҳога ўқиганларнинг контракт пулини перерасчëт қилишган. Контрактда ўқиб сессиясини 3 баҳога ëпган бўлса, перерасчëт бўлган. “Кейин бу қарорни президентнинг ўзи отмен қилган” деб изоҳлашди. Мен Адлия вазирлигига телефон қилдим, Олий таълим вазирлигига телефон қилдим. Улар иккаласи ҳам “Президент ўз қарорини ўзи отмен қилган” деб айтишди.

Озодлик: Ўша қарорни кўрдингизми кўзингиз билан?

- Қарорни кўрдим. У қарорда “Уч баҳога ëпган студентлар перерасчëт қилинсин стипендияси ва охирида компенсация тўлансин” дейилган. Энди бизлар ҳзоир мана студентмиз. Уч-тўрт ойдан бун ишламаëтган студентлар бор. Қаерга боришни, нима қилишни билмаяпти. Мен ўзим кредит олганман банкдан. Фоизларимни тўлашим керак. Яна бунинг устига менинг икки ойлик стипендиямни олиб қолишди¸ дейди Жаҳон тиллари университетини тугатган Маҳмуда.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG