Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:12

Қирғизистонда сайлов олдидан “қора пиар” авж олди


Шу йил 10 октябрида парламент сайловлари бўлиб ўтадиган Қирғизистонда сайлов олдидан аксилтарғибот ишлари ҳам авжланиб кетди.
Шу йил 10 октябрида парламент сайловлари бўлиб ўтадиган Қирғизистонда сайлов олдидан аксилтарғибот ишлари ҳам авжланиб кетди.

Парламент сайлови ўтказилишига 4 кун қолган Қирғизистонда сайловолди тарғиботи қизғин паллага кирди. Овоз беришга бир оз вақт қолганда сайловда иштирок этаётган 29 партиядан айримлари ўз рақибларига қарши “қора пиар” ўйинини бошлади.

Расман 10 минг нусхада чоп этиладиган “Айил турмуши” газетасининг навбатдаги сони 210 минг нусхада чоп этилди. Бу газетада Қирғизистондаги йирик партиялар раҳбарлари қаттиқ қораланган ва сайловда уларга овоз бермасликка чақирилган.

Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати томонидан газета босмахонадан чиқмай турибоқ мусодара қилинган. Шунга қарамай, номаълум сабаблар туфайли мазкур газета муштарийлар қўлига етиб борган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Феликс Кулов раҳбарлигидаги “Ор-номус” партияси “Айил турмуши” газетасида чоп этилган қоралов ҳукмрон Социал демократлар партияси томонидан буюртма қилинган, деб ҳисоблайди. Феликс Қуловнинг айтишича, сайловга бир неча кун қолганда мазкур партиянинг “қора пиар” билан шуғулланиши партиялараро низо келтириб чиқариш ва шу йўл билан сайлов муддатини бошқа кунга кўчириш мақсадини кўзлаган.

Бироқ ҳукмрон Социал демократлар партияси расмийси Фарид Ниёзов бундай айблов асоссиз эканини айтади:

- Социал демократларга билдирилаётган айблов ғалатидир. Чунки бизнинг партия 17 йилдан бери демократик, холис сайлов ўтказилиши учун курашиб келади. Айни пайтда сайлов кунини бошқа муддатга кўчириш иштиёқида бўлган кучлар ҳам бор. Биз ҳам бундай кучларнинг жавобгарликка тортилишини талаб қилаяпмиз, - деди Фарид Ниёзов.

“Ор-номус” партияси вакиласи Бўдўш Мамирова эса ҳукмрон партия сайлов муддатини бошқа кунга қолдиришдан манфаатдор эканини, бунга эса ижтимоий сўровлар Социал демократлар партиясининг рейтинги кутилганидан пастроқ эканини аниқлагани сабаб бўлаётганини айтади:

- Президентнинг бир декрети билан сайловни бошқа кунга қолдириш мумкин. Социал демократлар партиялараро низо чиқариш йўли билан сайловни бошқа кунга кўчирилишига замин ҳозирламоқда. Бир партия иккинчи бир партия билан низолашса, сайловнинг қолдирилишига ҳуқуқий замин яратилади, - деди Бўдўш Мамирова.

Айтиб ўтиш лозимки, бундан бир ой олдин президент Ўтунбаева, агар сайловолди тарғиботи жараёнида партиялар ўртасида низо бошланса ёки партиялар томонидан ноқонуний ҳаракатлар кузатилса, сайлов номаълум муддатга тўхтатилишини ва мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилинишини билдирган эди.

Бироқ Марказий сайлов комиссияси бундай хавотирларга ўрин йўқлигини билдирди. Марказий сайлов комиссиясига кўра, сайловолди жараёнида партиялар томонидан айрим ноқонуний ҳаракатлар бўлаётгани кузатилмоқда. Аммо бу майда қонунбузарликлар партиялараро низо чиқариб, сайлов жараёнига таъсир кўрсата олмайди.

Айни пайтда ҳорижий давлатлар телеканаллари ҳам Қирғизистондаги партияларнинг “қора пиари” билан шуғулланмоқда. Масалан, Россиянинг НТВ ва Қозоғистоннинг КТК телеканаллари бугунги кунда энг юқори рейтингга эга бўлган “Ота макон” ва Социал демократлар партиялари раҳбарлари обрўсини тўкувчи лавҳаларни намойиш этмоқда.
XS
SM
MD
LG