Турмуш тебратишнинг кундан кунга оғирлашиб бораётгани боис давлат ишида ишлайдиган ўзбекистонликлар, айниқса тошкентликлар ҳам ҳар куни ишдан кейин 3-4 соат киракашлик қилишга мажбур бўлмоқда.
Тошкентда таксичилик, тўғрироғи киракашлик билан шуғулланувчиларни уч гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси давлат таксилари, иккинчиси хусусий ширкатларда лицензия асосида ишлайдиган ҳайдовчилар ва учинчиси лицензиясиз киракашлик қиладиганлар.
Гапни ана шу сўнггисидан бошлайлик. Суҳбатдошимиз лицензиясиз киракаш бўлгани учун ўз исмини айтмасликни маъқул кўрди. У “Тико” автомобилида кечқурунлари, ишдан қайтгандан сўнг тирикчилик учун киракашлик қилади. Асосий ишдан ташқари киракашликка чиқдиганлар оз эмас, дейди суҳбатдошимиз.
- Ишдан кейин кўп. Министерствода ишлайдиган болалар бор, органда ишлайдиган болалар бор. Ишдан кейин кечқурун овқатини еб ҳаммаси 7-8-9 ларда кўчага чиқади. 10дан кейин умуман кўпайиб кетади. Ишдан кейин машинаси бор одамнинг ҳаммаси чиқади кўчага.
Киракаш суҳбатдошимиз ўзи ва "ҳамкасблари"ни "қўшимча иш" билан шуғулланишга мажбурлаётган омилларни санаб берди.
- Масалан, гўштнинг килоси ҳозир 12-13 минг. Бир оилага икки кило гўшт керак. 25 минг сўм. Уннинг килоси 1600 сўм. Битта одамнинг ейдиган битта нони 500 сўм бўлса, 400-500 минг сўм ҳеч нарса бўлмайди битта оилага. Камида бир миллион керак. Фақат овқат учун. Қиммат ҳамма нарса. Шакарнинг килоси 2600 сўмдан 3000 сўмгача. Кунгабоқар ëғини 2300 сўмдан берарди. Ҳозир 4000-4500 сўм. Қолганини ҳисоблаб олаверинг,- дейди тошкентлик суҳбатдошимиз.
Унинг айтишича, айни кунларда бу касб билан шуғулланиш жуда қийин бўлиб кетган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва солиқ инспекцияси ходимлари қўшма рейдлар ўтказиб, лицензиясиз ҳайдовчиларни қаттиқ жазолаяпти. Биринчи жарима 200 минг сўм. Агар такрор қўлга тушса, иш судга ҳам оширилиши мумкин. Гарчи, шундай бўлса-да, одамлар барибир тирикчилик учун кўчага чиқмоқда,- дейди у.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2010 йил 25 майдаги қарорига биноан, 2012 йилгача пойтахтдаги барча такси автомобиллари таксометрлар билан жиҳозланиши лозим. Бу қарорда айтилишича, ноқонуний киракашлар фаолиятини чеклаш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлиги ва солиқ инспекцияси ходимлари мунтазам қўшма рейдлар ўтказишлари лозим.
Тошкентдаги 5-таксисарой директори ўринбосари Баҳром Иброҳимовнинг Озодликка айтишича, бугун Тошкент кўчаларида кўпайиб кетган шахсий киракашларнинг ҳаммасини ҳам малакали ҳайдовчи деб бўлмайди.
- Машина ҳайдашни билганларнинг ҳаммаси таксист бўлиб кетаяпти. Шунинг учун бизнинг план бажаришимизга анча қийин бўлаяпти. Энди яхши бўлиб қолса керак. Қарорни энди бекорга чиқармади. Мана ҳозир план бўйича кейинги этапда “Нексия, Ласетти машиналар бўлсин, таксометри бўлсин деган талаблар қўйиляпти. Форма оплата любая қилиб пластик карточка билан ишлашга ҳам ўтсин”, деб қарорга шу нарсалар киритилган. Таксометрлар энди қўйилаяпти. Таксометрлар энди ҳамма жойники ҳар хилда. Ҳозир электронний таксометр қўйиляпти. Шунинг учун ҳозир яхши таксометрларни танлаш устида иш олиб бориляпти,- дейди 5-таксисарой директори ўринбосари Баҳром Иброҳимов.
Тошкентдаги “Фаворит такси” хусусий фирмаси ҳам ўз машиналари билан, ҳам фуқаролардан ижарага олинган машиналар билан фаолият юритади. Фирма директори Азимжон Каримхўжаевнинг Озодликка айтишича, агар ҳайдовчи ўз машинаси билан фирмага ишга келса, у фақат ҳокимият томонидан тасдиқланган лицензияга оид маблағни тўлайди холос.
- Кунига 12500 сўмдан ҳокимият томонидан белгиланган тариф бор. Шу тариф бўйича ишлаймиз. Яъни лицензияга кўра, ҳайдовчи ҳар иш кунига 12500 сўмдан пул топширади. Биз ҳам бензин берамиз, пенсионний фонд, ҳамма корхонага керакли бўлган документлар, маълумотлар бизларда бўлади. Ҳозир бизларда халқнинг кўпчилиги бу нарсани тушунмайди. Ҳали бунга етиб боришига анча бор шекилли. “Ўзимнинг машинам билан кирсам, мен хусусий тадбиркор бўла олмайман”, деб ўйлайди. Унақамас. Айниқса кўча томондан келадиган, бизларга ижара фаолиятини юрғизаман, деб келадиган ҳайдовчиларга жуда катта имкониятлар яратиб берилаяпти. Шаҳар ГАИси мана жуда катта имкониятлар яратиб беришди. Остановкада тўхташ масаласи кўтарилди. Именно лицензияси бор машиналарга жуда катта имкониятлар яратиб беришаяпти.
“Фаворит такси” хусусий фирмаси директори Азимжон Каримхўжаев, лицензияли хусусий таксичиларга яратилган шароитлар ҳақида буларни қўшимча қилади.
- Бир ойда 24 иш куни белгиланади. Бу 24 иш кунида шофëрнинг касал бўлиб қолиши бор, ремонтга туриб қолиши бор. У вақтда ҳайдовчи пул тўламайди. Ҳокимият ўзига яраша ҳаммасини ҳисоблаб чиққан. Президентимизнинг 303-қонуни асосида ишлаймиз. Ўша қонунда ëзилган. Ўша ерда шофëрларнинг авария бўладиган ҳолатларигача жавобгарлик масъулияти чекланган жамият томонидан кафолатланади. Машина суғурталанган бўлади, ҳайдовчи, унинг ичидаги пассажирларигача суғурталанган бўлади.
Озодлик: Азимжон ака, 12500 сўмнинг 20 фоизи уларга ойлик қилиб ҳам берилади шекилли?
-20 фоизмас, 40 фоиз ойлик тўланади. Топширилган пулнинг 40 фоизи ойлик қилиб топширилади. Пулига ҳисобласангиз, 4000-5000га айланади. “Планимни чиқара олмаяпман”, деган гапни қаердан олишади билмайман. Мисол учун Тошкент шаҳрида такси қиладиган таксистларнинг ўртача даромади 30 мингга яқин,- дейди“Фаворит такси” хусусий фирмаси директори Азимжон Каримхўжаев