Фарғона вилоятининг Қирғизистон ҳудудида жойлашган анклав тумани Сўхда табиий газ босими пасайди. Сўхлик Ҳалимжон аканинг сўзларига кўра, қирғизистонликлар мамлакатдаги ҳокимиятсизликдан фойдаланиб, Сўхга ўтган қувурларидан газни ўғирламоқдалар.
- Транзит газ келадию, Сўхга. Қирғизистондан ўтиб келади. Қирғизлар уни ўша ердан самоволно олиб қўйишяпти. Ўзбекистон Трансгазидан вакиллар келиб шуни текширамиз деса, уларни чегарадан ўтказишмаяпти. Масалан Сўхга 1000 кубометр жўнатилса, фақат 800 келаяпти. 200ни йўлда, Қирғизистон ҳудудида ўғирлаб олишяпти. Бизнинг специалистларни ҳам ўтказишмаяпти. Бунинг оқибатида қишда Сўхга газ берилмай қўйиши мумкинда. Ҳали Украина Европага қилгандай. Ҳозир қирғизлар диким образом границага пропускат қилмасдан бизнинг одамларни, шу муаммони қилишяпти, дейди Ҳалимжон ака.
Ўзбекистон магистрал газ қувурлари Фарғона бошқармасининг ўзини таништирмаган мутахассиси бундай ҳолатлар содир бўлаётганини тасдиқлади. Унинг айтишича, бу муаммоларни ҳозирча жойига бориб, текширишнинг имкон йўқ. Чунки, бошқарманинг Қирғизистон ҳудудидаги магистрал қувурларни назоратдан ўтказиш ҳақидаги илтимослари қирғиз чегарачилари томонидан рад қилиниб келмоқда.
- Шундай ҳолат бўлиши мумкин, чунки ҳозир чегаралар ëпиқ. Бизнинг ходимларимиз томонидан айтилади, бироқ ўтиб кўра олмаймиз. У ердан ўтган газопроводлар қирғизгазнинг балансида туради. Уларни ўзлари обслуживат қилади, ўзлари обход қилади,- дейди магистрал газ қувурлари Фарғона бошқармаси мутахассиси.
Сўхгазтаъминот идораси бошлиғи Мухторжон Эрматов, газ қувурлари магистралидаги муаммолар уларнинг идоарсига тегишли эмаслигини айтар экан, газ босими паст эканлигини ҳам инкор қилмайди.
- Энди ҳозир жуда нормада йўқда. Давление йўқ бизда. Ҳозир бизда атмосфера тўрт ярим. Қишда энди тўрт ярим етмайди. Энди бу газ қувури биздан сўнг яна Қирғизистонга ўтиб кетади, Ҳайдарконга. Сўхнинг ичидан Ҳайдарконга чиқиб кетади,- дейди Сўхгазтаъминот идораси бошлиғи Мухторжон Эрматов
Қирғизгаз идорасида узоқ йиллар ишлаган, исми ошкор этилмаслигини илтимос қилган мутахассис сўзларига кўра, бундай ҳолат Қирғизистонда кўп кузатилади.
- Ўша трубадан қирғизлар газ олаëтган бўлиши мумкин. Водилдан кейин Қадамжой орқали Шоҳимардонга кетадиган труба борку, ўшандан қирғизлар қувурнинг битта-иккита жойидан тешиб газ олган ҳолатлар бўлган. У давление унақа юқори давление эмасда. Аҳолига ишлатгани кетаëтган газнинг давлениеси паст бўлади. Шарт тешиб олиб олаëтган бўлиши мумкин.
Энди ўзбошимча шунақа ишларни мен ҳам эшитганман. Ўша ерларда тешиб олиб, оҳак пиширадиган цехларни қуриб олишиб, тошларни ямаларга тўкиб, тагидан трубалардан кесиб газни ëқиб қўйиб оҳак пишираëтганларни. Ҳеч қандай газ пулини тўламасдан, бировдан рухсат сўрамасдан олаëтган ишлар бўлаëтганини мен эшитганман. Тўғри, бугунги Қирғизистонда ҳукумат йўқлиги ва эгасизлик натижасида бундай ишлар қилинмоқда. Аслида эгаси бор пайтда ҳам ўша ишни қилишган улар. Ҳозир тем более хўжайини йўқ, хоҳлаганини қилаëтган бўлса керак,- дейди Қирғизгаз идорасида ишлаган мутахассислардан бири.