Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:45

Қирғизистонда сайлов протоколлари қайта текширилмоқда


Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясига сайлов участкаларидан жўнатилган овоз бериш протоколларининг асл нусхаси ва кўчирма нусхалари ўртасида катта тафовутлар топилмоқда. Бу эса сайловнинг дастлабки натижаларини шубҳа остига қўйиши мумкин.

Марказий сайлов комиссияси 10 октябрда ўтган парламент сайловининг дастлабки тахминий натижасини ҳар бир овоз бериш участкасидан факс орқали юборилган якуний протокол кўчирма нусхалари асосида чиқарган эди.

Аммо айрим партиялар овозларни қайта санаб чиқиш талаби билан чиққан эдилар. Шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси протокол нусхаларини асл нусхалар билан солиштирилишини эълон қилди.

Сайлов участкаларидан олинган протоколларнинг асл нусхаларини сейф-пакетлардан олиш жараёни 20 октябр куни бошланди. Марказий сайлов комиссияси вилоятлардан олинган протколларнинг кўчирма нусхалари билан мазкур протоколларнинг сейф-пакетлардан олинган асл нусхаларига солиштириш жараёнига барча сиёсий партиялардан ва оммавий ахборот воситаларидан вакилларни таклиф қилди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Акилбек Сариевнинг айтишича, овозларни қайта саналишига партиялар томонидан тақдим этилган овоз бериш натижалари ҳақидаги баённомалар туртки бўлган.

- Овозларни қайта санаш ёки протоколларни тўлиқ солиштириб чиқиш учун етарли асос керак эди. Партиялар томонидан тақдим этилган баённомаларни протоколларнинг кўчирма нусхаси билан солиштирганимизда бир қатор хатоликлар борлиги аниқланди. Шунинг учун сейф-пакетларни очиб, протоколларнинг асл нусхаларини олишга қарор қилдик. Сейф-пакетларни ўзимиз очсак ва текширсак бўлар эди, бироқ бу жараён ошкора бўлиши учун партиялар вакилларини ҳам таклиф қилдик, - деди Ақилбек Сариев.

Дастлабки маълумотларга қараганда, сейф-пакетлардан олинган овоз бериш протоколларининг асл нусхалардида кўрсатилган рақамлар мазкур протоколларнинг кўчирма нусхаларидаги рақамлардан фарқ қилмоқда. Айрим протоколлар эса умуман нотўғри тўлдирилган.

Бишкекдаги “Инсон ҳуқуқлари ва демократия” маркази раҳбари Идрисбек Қубатбековнинг айтишича, агар протоколларни солиштириш жараёнида қўпол қонунбузарликлар ёки овоз бериш натижалари соҳталаштирилгани аниқланса, Қирғизистонда парламентга қайта сайлов ўтказиш керак бўлади.

- Биринчидан, қайта овоз бериш ўтказилиши мумкин. Қайта овоз бериш қонунбузарликлар аниқланган айрим сайлов участкаларида ўтказилади. Бироқ Марказий сайлов комиссияси умумий овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатган қўпол қонунбузарликларни аниқласа, у ҳолда 10 октябрда ўтган парламент сайлови натижалари бекор қилинади ва мамлакат ҳудудида қайтадан сайлов ўтказилиши керак бўлади, - деди Идрисбек Қубатбеков.

Марказий сайлов комиссияси протоколларни солиштириш ва овозларни қайта санаш жараёнини бошлаши билан парламент сайлови натижаларини расман эълон қилиниши ҳам кечиктирилмоқда. Айрим кузатувчиларга кўра, расмий маълумот эълон қилинишининг кечиктирилиши мамлакатдаги сиёсий вазиятни мураккаблаштириб юбориши мумкин.

- Сайлов натижаларининг расман эълон қилинишининг кечиктирилиши вазиятни беқарорлаштириши мумкин. Чунки сайловчиларда “ҳукумат овоз бериш натижаларини сохталаштиришга уринмоқда”, деган шубҳа пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам парламент сайлови натижаларини тез орада расман эълон қилиш зарур, - деди “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” нодавлат ташкилотлари бирлашмаси раҳбари Динара Оширахунова.

Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси барча протоколлар солиштирилиб, рақамларда тафовутлар йўқлиги аниқлангачгина расмий натижалар эълон қилинишини, қонунбузарликлар бўлгани аниқланмиш сайлов участкаларида эса қайта овоз бериш ўтказилишини эълон қилди.

Марказий сайлов комиссияси, шунингдек, овозларни қайта санаш ва протоколларни солиштирш жараёни қанча муддатга чўзилиши номаълум эканини ҳам билдирди.
XS
SM
MD
LG