Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:34

Милиция ходими куппа-кундузи тунаб кетди


Менинг милициям, мени тунаб кетди, дейди қашқадарёлик Назокат Равшанова
Менинг милициям, мени тунаб кетди, дейди қашқадарёлик Назокат Равшанова

"Эркин микрофон"нинг бугунги қаҳрамонлари ҳам ўзлар дуч келган муаммо ва ноҳақликлардан сўзлади. Милиция ходими фирибгарлик йўли билан 4000 минг доллар пулини олиб қўйганини айтаётган аёл, қариган чоғида фирибгар аёлнинг тузоғига тушганидан ҳикоя қилган онахон улар орасида.


Фирибгар милиционер пулимни олиб қўйди


“Эркин микрофон”га Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан телефон қилган Назокат Равшанова бошига тушган ташвишни ҳикоя қилар экан: “Мени тумандаги милиция ходимларидан бири ошкора тунади ва буни тан олмаяпти”, деб зорланди.

Бу аёлнинг сўзларига кўра, у турмуш ўртоғи Россиядан жўнатган 4000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўғирлатиб қўйган ва милиция ўғрини топиб, ундан пули ундирилгану, аммо, бир фирибгар милиция ходимининг қўлига ўтиб кетган.

- Турмуш ўртоғим беш-олти йилдан бери Россияда ишлайди. 2010 йил 6 августда ойлик жўнатган эди. Жиянларим билан биргаликда қўшиб юборишган эди. Шаҳрисабздан олиб келаëтганимда ўғирлатиб қўйдим у пулни сумкамдан. Ўзимизнинг Чироқчи туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилганимда, 4000 АҚШ долларини ундириб олиб беришди. “Пулимни тўлиқ олдим деб тилхат ëзиб беринг. Мана пулингиз”, дейишди. Мен бу пулни кўрдимда буларга чиндан ҳам ишониб, тилхат ëзиб бердим. Олдимда иккита гувоҳим ҳам бор эди. Иккита гувоҳнинг олдида пулни менинг қўлимга берди. Ички ишлар бўлими дарвозасидан чиқар-чиқмас яна бирданига қайтариб олдида “Опажон, менга пулни қайтариб олиб келинг”, деди. Кейин биз иккита гувоҳ билан биргаликда пулни қўлимдан олди у киши. “Пулингиз ҳам, тилхатингиз ҳам бизда туради”, деди.

Мен бу гапга ишониб, гувоҳлар билан бирга хонасидан чиқиб кетдик. Кечқурун соат олтиларда телефонлашганимизда, бугун-эрта дейишдида, ҳозирги кунда “Опа, сизга пулни қайтариб берганман”, деб туриб олди. “Мана тилхатингиз бор”, деб ўзимга ëздирган тилхатни ўзимга кўрсатиб ўтирибди. Бормаган жойим қолмади. Чироқчи туман прокуратурасига ўтганига ҳам бир ойдан ошди. Ижобий ҳал бўлгани йўқ ҳали. Ички ишлар ходимларининг иши мана шунақа бўлиб турса, мен кимга мурожаат қилай опажон?

Йигит киши хотин кишининг юзига қараб “Опа, пулни берганман. Мана тилхатингиз турибди” деб, иккита гувоҳ ҳам “Пул сиздаку. Қайтариб олдингизку”, деса ҳам оддийгина қоғозга ишониб, иккита-учта инсонга ишонмай ўтирибди. Бу қандай кўргилик бўлди? Тирик инсонларнинг гапига ишонмасаю, оддий бир қоғозга ишонса. Тўғрисини айтсам ўлишга жой топа олмай, кечалари ухлай олмайман, дейди Чироқчи туманидан телефон қилган Назокат Равшанова.

“Сизлардан бошқа кимга мурожаат қилишни билмаяпман”, дея зорланган Назокат Равшанованинг мурожаатини сизга эшиттирар эканмиз, эслатиб ўтамиз, бу ҳозирча шу фуқаронинг фикр-мулоҳазалари ва бунга оид бизда мавжуд яна бошқа тафсилотлар юзасидан имкон қадар суриштирув ўтказишга уриниб кўрамиз.


Қариганда 35 миллионни қаердан оламиз?

Яна бир суҳбатдошимиз эса Андижон шаҳри, Андижон туманидаги Оқёр қишлоғида истиқомат қиладиган кекса пенсионер.

Оила бекаси Ҳамида Тўхтасинова уйни гаровга қўйиб, бир кишидан қарз олгани, эндиликда қарзни қайтариб беришга рози бўлса-да, у киши қарзни олишни рад этиб, уйга даъвогарлик қилаётганини гапириб беради.

- Менинг болам Россияда касал бўлиб қолган. Ўшанда менга пул керак бўлиб қолганда. Бу хотин келиб қолган меникига. Кейин қарз олганман. Эримдан бесўроқ қилганман буни. Кейин пулини бераман десам, “Сени чопаман, ўлдираман. Менга 10 баробар қилиб қайтарасан”, деди. Уйимнинг документини залогга олганда. Биз кўчада қолдик. Чолим “Нима бўлди ўзи?”, деган эди, мен “Шунақа пул олган эдим” десам, бу ҳам даъвогар бўлиб ëзиб юборган эди, уй бизники бўлиб чиқди ҳозир. Ўзимнинг номимда уй ҳозир. Мана шунақа бўлиб бизнинг фойдамизга бўлиб келди. Охиригача биз ютиб чиқдик. Ютиб чиқдикку, лекин пулга келганда йўқ ремонтларни қилиб туриб, ҳеч қанақа лицензияси йўқ ташкилотдан банкнинг ходими келиб ўлчаб туриб, мана бунақа ремонт бўлган деяпти. “Менинг тўйларим бор. Куëв чақирдим бор. Шу дискларни кўргин. Ҳеч қанақа гувоҳнинг кераги йўқ. Уйим қанақа ҳолатда эдию, ҳозир қанақа” десам, “компютерга тушмаяпти диск”, деб баҳона қилишяпти.

Озодлик: Судяга баҳона кўрсатишнинг нима кераги бор?

- Бу хотин иккита одамни қаматган. Шундан қўрқишаяпти булар. Бизнинг ҳам бошимизни емасин, деб бунинг тарафини олиб, йўқ ремонтга “ремонт бўлган” деб 59 миллион пул чиқариб қўяяпти бизга. Адолат керакда менга ҳозир. Энди биз қариганда 35 миллионни қанақа қилиб тўлаймиз? Боқувчимиз бўлмаса, (йиғлаб) ўғлимиз ўлиб қолган бўлса 36 ëшида, энди икки йил бўлди болам ўлганига. Ҳар кун ғамда, ташвишда ўтирамиз. Адолат қилсин, деб мурожаат қилаяпмиз сизга, дейди Андижон туманидаги Оқёр қишлоғида истиқомат қиладиган кекса пенсионер Ҳамида Тўхтасинова.

Озодлик мухбирлари имкон қадар бу воқеани ҳам ўрганишга ҳаракат қилади.


Пластик карточка нақ пулга қирон келтиряпти

Яна бир тингловчимиз Андижон вилоятининг Марҳамат туманидан телефон қилган Исомиддин исмли йигит.

У тингловчиларимиз тез-тез тилга олиб турадиган пластик карточка ва нақд пул муаммоси бўйича арз қилар экан, кейинги вақтларда бизнинг туманларда нақд пул жуда камайиб кетмоқда, дейди.

- Пенсия ҳам, ойлик ҳам ҳозир пластикка ўтказилган. Ҳозир нақд пул йўқ бўлиб кетди. Пул муомаладан йўқолиб кетаяпти. Масалан, энамнинг пенсияси ҳам пластикка ўтказилди. Ҳар пайшанба-жума куни қўлига пластигининг ичидан 25 минг сўм пул бераяпти. Ўшанда ололса олаяпти, ололмаса қолиб кетаяпти. Пластик ҳозир муомалада жуда кўпайиб кетдию, лекин уни ишлатадиган жойлар жуда камда. Бозор айланай дейдиган бўлсангиз ҳам қўлингизда пластик нақд пул йўқ. У-бу нарса олгани ҳам ҳижолат бўласиз. Терминал бўлган тақдирда ҳам савдо йўқ, деб турибди бизда. Транспорт нақд пулда. Нақд пул жуда кам.

Озодлик: Одамларнинг қўлида кўпи билан қанча нақд пул бўлаяпти?

- Ҳар хил. Энг кўп борса, 100 мингга боради. Ошиқчаси жуда кам.

Озодлик: Россиядан келаëтган пулларни алмаштира олаяпсизларми?

- Ҳа. Ўша бизга фойда қилаяпти лекин.

Озодлик: Уни алмаштирганда нақд пул борми ишқилиб?

- Бор. Ўша билан сал тирикчилик қилиб турибмизку, лекин ўзимизнинг пенсияга, ойликка ҳеч нима қилиб бўлмаяпти. Биримиз икки бўлиши қийин бўлаяпти, дейди марҳаматлик Исомиддин исмли йигит.


Ўқишни битирган мутахассисларга иш йўқ

“Эркин микрофон” га телефон қилган яна бир тингловчимиз Фарғона вилоятидан Темуржон. У тарих фани бўйича ўқитувчи, аммо, бир неча йилдан буён ўзига иш тополмай сарсон-саргардон.

“Ҳар йили биргина Фарғона Давлат университетини 60га яқин тарих ўқитувчиси битиради, бунча битирувчини чиқарган давлат уларга етарли иш ўрни борми, деб ўйламайдими?”, дейди бу суҳбатдошимиз.

- 2006 йили Фарғона давлат университетини битирдим. 10тача жойдан иш суриштирдим. Топа олмадим.

Озодлик: Менимча, мактабларда ўқитувчиларга эҳтиëж катта. Исталган мактабдан ўзингизнинг йўналишингиз бўйича иш топсангиз бўлади.

- Қаерда? Йўқ нарса бу. Нечта жойга борсам ҳам йўқ деяпти. Мутахассислигим бўйича тарихчиман. Директорга етиб бормай замдиректор ë бошқаси эшик тагидан йўқ дейди.

Озодлик: Сиз мана 26 ëш бўлсангиз, ўқишни битирганингизга тўрт йўл бўлибди. Сиз билан нечтаси битирган эди?

- 60та бола битириб чиққан эди.

Озодлик: Ҳаммаси ҳам ишли бўлиб кетдими?

- 30 фоизи ташқарида. Бизда ҳисоб-китоб қилинмаса керак деб ўйлайман. Масалан, йилига қанча мутахассис битираяпти ўқишни? Мана бу ëқда ишчи ўрни қанча? Статистика бўйича ҳисоб-китоб қиладиган одам йўқ шекилли. Ишчи ўрин борми йўқми кадрлар чиқавериши керак менимча. Мени қийнаëтган муаммо шу. Ичим чиқиб кетишни хоҳлаяптида. Энди шуни план қилаяпман. Европа давлатларининг бирортасида яшамоқчиман, дейди фарғоналик Темуржон.

Пахта қолмади, план тўлди, лекин...

“Эркин микрофон” га телефон қилган сурхондарёлик суҳбатдошимиз Абдуллажон далаларда пахта тугул, ғозапоя ҳам қолмаган бир шароитда, боз устига Ўзбекистон пахта режасини бажарган бўлса-да, мактаб ўқувчилар теримга мажбурлаб чиқарилмоқда, дейди.

- Республиканинг пахта плани тўлдику. Пахта ҳали ҳам давом этаяпти. 1 нояргача деяпти. Мактаблар очилибди. Ўқувчилар мактабга бориб икки дарс ўтиб, кейин пахта тергани мажбурий далага кетаркан. Ҳар кун пахта териб келар экан.

Озодлик: Ўзи пахта қолибдими далада?

- Пахта йўқ. Ҳозир ўқувчилар ўтини ўрилган ердан териб юрибди.

Озодлик: Ғўзапояси даладан олиб кетилган.

- Ҳа, олиб кетилаяпти. Ғўзапоянинг ичидан териб юрибди ўқувчилар. Нимага деса, мактаб буюраяптида, дейди сурхондарëлик Абдулла.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG