Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:53

Березовскийга нисбатан қуйи суд ҳукми кучда қолди


Владимир Березовский.
Владимир Березовский.

Тошкент шаҳар суди россиялик журналист, “Vesti.uz” нашри муҳаррири Владимир Березовский устидан Яккасарой туман суди чиқарган "бошқа шахс"ни ҳақорат қилиш ва уни туҳмат қилиш, деган айбловни кучда қолдирди. Бундан норози Россия фуқароси энди Олий судга мурожаат қилиш ниятида.


Россиялик журналист, “Vesti.uz” нашри муҳаррири Владимир Березовский устидан Тошкент шаҳар судида ўтган аппеляция жараёнида Яккасарой туман суди ҳукми ўз кучида қолдирилди.

29 октябр куни бўлиб ўтган суд роппа-роса 10 дақиқа давом этди, дейди Озодлик билан суҳбатда Владимир Березовский.

- Суд роппа-роса 10 дақиқа давом этди. Мен тўртта сўровнома киритиб улгурдим, холос. Улардан бири суд ишида мен томондан ҳақорат ва туҳмат қилинган, деб топилган “бошқа шахс”ни маҳкамага таклиф қилиш эди. Яъни, суд ишида Ўзбекистон ёхуд ўзбек халқи, деган сўз йўқ. "Бошқа шахс", дейилган. Эҳтимол, мен у билан ярашмоқчидирман, деб судядан уни чақиртиришни сўрадим. Аммо, судя: "Биз унинг исм-фамилиясини билмаймиз, шунинг учун уни судга чақира олмаймиз” деди, дейди журналист.

Шунингдек, суд ҳайъати журналистга нисбатан айловга асос бўлган хулосани тақдим этган Республика Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қошидаги Мониторинг маркази ходими Зуфаров исмли шахснинг маҳкамага чақирилиши тўғрисидаги талабни ҳам рад этган.

Журналистнинг аппеляция судига киритган сўровномаларидан яна бири журналистика соҳасидаги мустақил экспертларни маҳкамага таклиф қилиш эди.

Аммо Березовский шу каби тўрт сўровноманинг бирортаси инобатга олинмаганини айтмоқда.

- Бундан ташқари, мен судяга адвокатим Шокарим Усмонов туман судидаги маҳкамага қўйилмагани ва шунинг ўзи ҳуқуқларим қўпол равишда бузилгани исботи экани, шунинг ўзи қуйи суд ҳукмини бекор қилиш учун етарли асос эканини айтдим. Аммо, бундай эътирозлар ҳам инобатга олинмади, дейди Владимир Березовский.

Журналист ўзига нисбатан тергов иши бошланган кезданоқ жабрланувчи ким, деган саволга ҳануз жавоб берилмаганини айтар экан, шу боис ўзига нисбатан суд жараёнини бошдан-оёқ ноқонуний, деб ҳисоблаши ҳамда шикоят билан яна юқори босқич судларига мурожаат қилишини айтмоқда.

Шу йил 13 октябр куни Тошкент шаҳар Жиноий ишлар бўйича Яккасарой туман судида журналист Владимир Березовский иши бўйича ҳукм чиқарилган ва суд ҳукмига кўра, Россия фуқароси бўлган журналист Владимир Березовский Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддалари бўйича айбдор, деб топилди.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Оммавий коммуникация соҳасини мониторинг қилиш маркази "Vesti.uz" сайтида чоп этилган 16 та хабарни Ўзбекистонга қарши туҳмат ва ўзбек халқини ҳақорат қилувчи, дея топган эди.

Эндиликда журналистнинг сўзларига кўра, суд ишида у "бошқа шахс"ни ҳақорат ва туҳмат қилган, деб келтирилган.
XS
SM
MD
LG