Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:27

Удмурт қишлоғида Ўзбек маданий маркази иш бошлади


Удмуртия республикасида очилган яна бир Ўзбек миллий-маданий маркази фаоллари.
Удмуртия республикасида очилган яна бир Ўзбек миллий-маданий маркази фаоллари.

Удмуртиянинг Катта Жужгес қишлоғида Ўзбек миллий-маданий марказининг маҳаллий бўлими очилди. Ижевскдаги “Тинчлик” миллий-маданий бирлашмаси қошида очилган бу тузилманинг маҳаллий халқ билан муносабатларни яхшилашга хизмат қилиши айтилмоқда.


Катта Жужгес Ўзбек миллий-маданий маркази “Тинчлик” Ўзбек миллий-маданий жамоаси ва Катта Жужгес қишлоқ кенгаши ташаббуси билан тузилди ва бу янги тузилма 29 октябр куни қишлоқ Маданият уйида ўтказилган Дўстлик фестивалида жамоатчиликка тақдим этилди.
Марказ очилиш маросимида ўзбекча дастурхон ҳам тузалди.
4 ноябр куни 90 йиллигини нишонлаётган Удмуртия Республикаси Россиянинг кўп миллатли минтақаларидан ҳисобланади.Удмуртиянинг Ува туманига қарашли ва 500 кишидан ортиқроқ аҳолига эга бўлган Катта Жужгес қишлоғида асосан удмуртлар, руслар, озарбайжон ва ўзбеклардан иборат тўрт миллат вакиллари яшаб келмоқда.

Яқинда Россия оммавий ахборот воситаларида Жужгесда яшаëтган руслар ва удмуртлар билан бу қишлоққа оилавий кўчиб келиб ўрнашаётган озарбайжон ва ўзбеклар ўртасида келишмовчиликлар юзага келгани хабари чиққан эди.

Удмуртияда етти йилдан буён фаолият юритаётган “Тинчлик” ўзбек миллий-маданий маркази президенти Аҳмаджон Муртазоев қишлоқда очилган Ўзбек миллий маркази бўлими, биринчи навбатда, маҳаллий аҳолини ўзбек маданияти билан таништириш ва келгусида шундай низолар юзага келиши олдини олиш мақсадида очилганлигини айтади.

- Бизнинг ишимиз шу бўлганидан кейин¸ албатта¸ маданий, миллий, урф-одат, тарихий масалалар бўйича доимо иш олиб борамиз. Ҳар йили¸ албатта¸ Наврўз байрами, Мустақиллик куни, Қурбон байрам, Рўза байрам- буларнинг ҳаммаси¸ албатта¸ ўтказилади. Кейин бу ерда бошқа миллатларнинг байрамлари ҳам бўлади ва биз уларда ҳам иштирок этамиз. Урф-одатларимизни кўрсатамиз, телевидение ва газеталарга чиқамиз. Хуллас, тараққиёт йўллари-да. Ўзимизнинг ватандошларга ёрдам керак бўлиб қолади- маънавий, юридик, моддий – бу томондан ёрдам берамиз.

Ўзимизнинг адвокатларимиз, юристларимиз бор. Ишга рухсатнома олиш керак, биров уларни алдайди, бошқа тушунмовчиликлар бўлади... Вақтинчалик яшаш қарори, ФМС масалалари, битта-яримтаси шаҳарда ножўя иш қилиб проблемаси пайдо бўлиб қолади- улар бизга юридик ёрдам сўраб қолади. Қонунларни бузмаслиги учун тушунтириш ишларини олиб борамиз. Баъзилар қонунни бузиб қўяди- уларга ёрдам кўрсатамиз: таржимон керак бўлса таржимон топиб берамиз, адвокат керак бўлса адвокат берамиз. Аслида биз Адлия вазирлигида рўйхатга олинган жамоат-юридик ташкилотимиз, дейди Удмуртиядаги Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Аҳмаджон Муртазоев.

"Дўстлик фестивали" герби.
Марказ раисига кўра, Ўзбек миллий маданий маркази фаолиятида доимий равишда қатнашувчилар сони 100 кишидан ортади. Ўзбек жамоатчилик маркази Удмуртияда яшовчи ўзбекистонлик тожик, корейс, рус , ўзбек ва бошқа миллат вакилларини бирлаштирган.
"Биз ўзбекистонликлар ҳам Удмуртия равнақига ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз"¸ дейди Аҳмаджон Муртазоев.

- Ижевскда “Дом Дружбы” бор. Шуни офис қилиб берган бизга. Удмуртия 90 йиллигига президент Медведев келар экан. Шунга тайёрланяпмиз.

"Ижевск қурол ясовчилар “пойтахти” ҳисобланади ва бу ерда Калашников ишлаб чиқарилади¸ шунингдек Ижмаш, Иж сталь, автомобил заводи бор" дер экан ўзбек жамоаси етакчиси¸ Удмуртияга келаëтган ўзбекистонликларнинг асосан савдо ва қурилиш соҳасида ишлаëтганини айтади.

- Келганларнинг кўпинча савдо ишлари билан шуғулланаяпти ёки қишлоқларда жой оляпти, мана патент чиққани билан патент олиб бировга ёрдам бериб ишлаяпти. Заводларга ишлай деса кўпчилигида мутахассислик йўқ-ку, шунинг учун асосан қурилишда ишлайди. Қишлоқ хўжалигида одамларимиз меҳнаткашку, арендага ер олишяпти, мол-қўй қилиб боллари билан уй сотволишяпти, айримлари гражданство олишяпти. Қурилишда¸ айниқса¸ бизнинг ўзбекларни жуда мақташади. Ишқилиб, ҳар соҳада бор укажон! дейди Удмуртиядаги Ўзбек миллий-маданий марказ президенти Аҳмаджон Муртазоев.

Удмуртия Федерал миграция хизматидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг сентябр ойига қадар бу республикада расман 16 мингдан ортиқ меҳнат муҳожири қайдга олинган ва уларнинг асосий қисмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. “Известия” нашрининг ёзишича, Удмуртияда 2000 дан зиёд ўзбек яшаб келади.

Бугунги кунда Россиянинг турли ўлкаларида кўплаб Ўзбек миллий-маданий марказлари фаолият юритмоқда. Афтидан¸ Россияда ўзбекистонлик муҳожирлар сони кўпайгани сари бундай ташкилот тузилишига бўлган эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG