Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2025, Тошкент вақти: 15:56

БМТ Тараққиëт дастури Ўзбекистонда яхшиланиш кўрмоқда


БМТ ҳисоботлари¸ одатда расмий статистикага асосланиб тузилади.
БМТ ҳисоботлари¸ одатда расмий статистикага асосланиб тузилади.

Ўзбекистон БМТ Тараққиёт дастурининг Инсон тараққиёти бўйича бу йилги ҳисоботида дунё бўйича 102-ўринга қўйилди ва ўтган йилгига қараганда 17 поғона юқорилади. Жами 169 мамлакат киритилган ҳисобот муаллифлари бу юқорилашнинг оддий одамлар турмуш тарзида кўп ҳам акс этмаëтганини тан оладилар.



Ўзбекистон қўшнилари Туркманистон (87 ўрин), Қирғизистон (109 ўрин) ва Тожикистон (112 ўрин) қаторида инсоний тараққиёт даражаси ўртача бўлган давлатлар қаторида қолмоқда.

- Ўзбекистон инсон тараққиёти бўйича эълон қилганимиз бу йилги ҳисоботда кўриб турганингиздек 102-поғонада. Аввалги йилдагига қараганда кўрсаткич яхшироқ, лекин, одамлар турмуш тарзи билан боғлиқ сезиларли ўзгаришни кузатганимиз йўқ, дейди ҳисобот муаллифларидан бири Уилиам Орме.

Марказий Осиё минтақасида фақат Қозоғистон бу йил аҳолисининг тараққиёт даражаси юқори бўлган мамлакатлар орасидан жой олди.

- Қозоғистон 66-ўрин билан минтақанинг энг бадавлат мамлакати бўлиб қолмоқда. Жон бошига тўғри келадиган пул тушуми, аҳоли саводхонлиги ҳамда одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси бу мамлакатда юқорироқ, дейди Уилиам Орме.

Инсон тараққиёти бўйича ҳисобот аҳолининг ўртача умр кўриши, аҳоли саводхонлиги ҳамда ялпи ички маҳсулотнинг жон бошига тушадиган миқдори ҳамда аҳолининг харидоргирлик қобилияти каби омиллар асосида тузилади.

БМТ таҳлилчиларига кўра, 2010 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот жон бошига 3085 АҚШ долларини, одамларнинг ўртача умр кўриши 68.2 ёшни, мажбурий таълим муддати эса 10 йилни ташкил этади.

Ўзбек расмийлари ҳам тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш туфайли мамлакатда ўртача умр кўриш 1990 йилдан бери сезиларли ошгани ва болалар ўлими камайганини айтиб келишади.

Шу йил сентябр ойида БМТнинг Минг йиллик саммитида қилган нутқида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакатда аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси ошгани соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самараси эканини қайд этган эди.

- Мамлакатда оналар ўлими икки баравар, болалар ўлими уч баравар камайди. Ўтган 20 йил мобайнида аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси эркаклар орасида 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар орасида эса 75 ёшга ўсди, деб таъкидлаган эди Ўзбекистон раҳбари.

Беларус (61 ўрин), Россия (65 ўрин), Қозоғистон (66 ўрин), Озарбайжон (67 ўрин) ва Украина (69 ўрин) инсон тараққиёти юқори даражадаги постсовет мамлакатлари қаторидан ўрин олган.

Дунёдаги энг фаровон мамлакатлар сифатида Норвегия, Австралия, Янги Зеландия, АҚШ ва Ирландия тилга олинади.

Дунёдаги энг яхши мамлакат сифатида кўриладиган Норвегияда аҳолининг ўртача умр кўриши 80,5 ёшга тенг, ялпи ички маҳсулот жон бошига 53 433 АҚШ долларини ташкил этади.

Ялпи ички маҳсулотнинг жон бошига тўғри келадиган улуши бўйича эса Лихтенштейн етакчилик қилмоқда. Бу мамлакатда ялпи ички маҳсулот жон бошига 85 383 АҚШ долларини ташкил этади.

Ҳисобот тубидан ўрин эгаллаган мамлакатлар эса Нигерия, Афғонистон, Фил Суяги қирғоғи ҳамда Сомалидир. Бу ўлкаларда аҳолининг ярми қашшоқ ва саводсиз.
XS
SM
MD
LG