Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:34

Бангладеш ўзбек пахтасини воситачиларсиз олмоқчи


Пахта нархининг рекорд даражада ошиши оқибати тўқимачилик ширкатларининг оғир аҳволга тушиб қолгани айтилмоқда.
Пахта нархининг рекорд даражада ошиши оқибати тўқимачилик ширкатларининг оғир аҳволга тушиб қолгани айтилмоқда.

Пахта нархи жаҳон бозорида кўтарилиб борар экан, Бангладеш учун пахтани воситачи орқали сотиб олиш янада қимматга тушмоқда. Бангладеш Тижорат вазири Форуқ Хон ўзбек пахтасини Женевадаги даллолларсиз сотиб олиш йўл-йўриқларини топиш учун Тошкентга йўл олди.


- Мақсадимиз йирик миқдордаги ўзбек пахтасини воситачиларсиз сотиб олиш, уни учинчи қўлдан олаётганимиз нархдан арзонроқ олиш ва Ўзбекистондан Бангладешга пахта етказишни тез амалга ошириш механизмларини йўлга қўйиш, деди Бангладеш Тўқимачилик ширкатлари уюшмаси вице-президенти Саид Манзурул Ҳуқ.

Ҳиндистон томонидан пахта экспортига тақиқ жорий этилиши ва халқаро бозордаги нархлар берқарорлигидан катта зарар кўраётган Бангладеш ширкатлари пахтани тўғридан-тўғри Ўзбекистондан арзон нархга сотиб олиш ҳаракатида.

- Бу йил пахта билан боғлиқ вазият ёмон, бозорда нархлар ўзгарувчан. Бундан ким фойда кўради, буни биз билмаймиз. Мана шундай бир вазиятда жаҳондаги йирик пахта импортчиси саналган Бангладеш пахта етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар билан юзма-юз келмоқда. Мана шу муаммони бартараф этиш мақсадида тижорат вазиримиз Ўзбекистонга сафар қилмоқда, дейди Саид Манзурул Ҳуқ.

Жаҳон бозорида пахтанинг нархи ушбу ой сўнгги ўн йилларда кузатилмаган даражага етди. Ўтган ҳафта бир килограмм пахта толаси нархи, Cotton Outlook кўрсаткичи бўйича, қарийб 2,83 АҚШ долларига баҳоланди.

- Сўнгги икки ой ичида жаҳон бозорида пахта нархи икки баравар қимматлади, бунақа ошишни бу соҳада ишлаганимдан бери ҳали кузатмаганман. Пахта нархларининг бундай ошишидан тўқимачилик ва кийим-кечак саноати ҳам зиён кўриши тайин. Чунки пахта нархининг ошиши оқибатида кийим-кечак ишлаб чиқариш харажатлари ҳам ортиб кетади, дейди Саид Манзурул Ҳуқ.

Бангладеш мамлакат эҳтиёжи учун зарур йиллик 4 миллион толанинг 39 фоизини воситачи ширкатлар орқали Ўзбекистондан олади. Бангладеш Текстил ширкатлари уюшмаси вице-президенти Саид Манзурул Ҳуқ пахтани воситачиларсиз олиш ҳар икки мамлакат манфаатларига мос келишини айтади.

- 2006- 2009 йиллар оралиғида Бангладеш пахта хом ашёсига бўлган эхтиёжининг 60-65 фоизини Ўзбекистон ҳисобига қоплар эди. Кўриб турибсизки, мамлакатимиз ўзбек пахтасига жуда қарам. Лекин, бу йил ўзбек пахтаси умумий эҳтиёжимизнинг 39 фоизини, Ҳиндистондан оладиганимиз пахта эса 29 фоизини ташкил этяпти. Ўзбек пахтасини воситачиларсиз оладиган бўлсак, бу бизга арзон тушади. Ўзбекистон томонига эса ўз маҳсулотини бозорга чиқариш учун қулайлик яратади, дейди Саид Манзурул Ҳуқ.

Мажбурий болалар меҳнати сабаб, сўнгги йилларда қатор хорижий ширкатлар Ўзбекистон пахтасини олмай қўйишган. Европа ва АҚШнинг етакчи ширкатлари Бангладеш ҳукуматини ҳам Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган кийим-кечакларни сотиб олмаслиги ҳақида огоҳлантирган эди.

“Ўзбекистонда болалар меҳнати борасида бу мамлакатда бўлмаганим учун сизга ҳеч нарса айта олмайман”, деб сўзида давом этади Бангладеш Тўқимачилик ширкатлари уюшмаси вице-президенти Саид Манзурул Ҳуқ.

- Тижорат вазири билан бу сафар Ўзбекистонга сафар қилиш ниятим бор эди, лекин бўлмай қолди. Шунинг учун кўрмаганим учун сизга бирон нарса дея олмайман. Тўғри, бир қанча ширкатлар ўзбек пахтасига бойкот эълон қилганлар ва бу борада бизни ҳам огоҳлантиришган. Биз бу борада ўзбек ҳукуматини ўз вақтида огоҳлантирганмиз. Ўз навбатида¸ Ўзбекистон томони вазиятни яхшилашни ваъда қилган эди. Менимча, бу хавотирлар эскирган. Сабаби¸ мен яқинда ўзбек Савдо вазири билан учрашганимда, бундай муаммо йўқлигини айтган, дейди Бангладеш Тўқимачилик ширкатлари уюшмаси вице-президенти Саид Манзурул Ҳуқ.

Пахта экспорт қилиш бўйича дунёда учинчи¸ пахта етиштириш бўйича эса¸ олтинчи ўринни эгалловчи Ўзбекистон ўз пахтасини асосан Хитой, Россия, Эрон, Бангладеш, Покистонга сотади.
XS
SM
MD
LG