Ўзбекистонда жорий йил давомида бензин ва дизел ёнилғиси тақчиллиги яққол сезила бошлади. Йил бошидан мамлакатдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин узилишлари бўлиб турди. Бугунги кунда ҳам бир қанча вилоятларда ёнилғи қуйиш шохобчалари ёпилган. Озодлик 11 ноябр куни суҳбатлашган бухоролик ҳайдовчи Авазбекнинг айтишича¸ айни кунларда Ўзбекистоннинг бу йирик вилоятида бензин анқонинг уруғига айланган:
- Бензиннинг муаммолиги аниқ. Ҳеч қаерда йўқ бензин. Бухоро, Навоий умуман ҳеч қаерда бензин йўқ. Заправкалар бензин йўқ¸ деб бекитиб қўйилган. Солярка ҳам худди шунақа аҳвол. Соляркани ҳозир қўлдан бир литрини 2000 дан олаяпмиз. Давлат нархи 1240 сўм, дейди бухоролик ҳайдовчи Авазбек..
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармон доираларининг Тошкентда ўтказилган бизнес-форуми ҳам ана шу муаммо ечими - мамлакатда бензин тақчиллигини ҳал қилиш масаласига қаратилган кўринади.. REGNUM ахборот агентлиги хабарига кўра, Корея республикаси Табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги департаменти директори Кук Хюн Су бу хусусда шундай деган:
“Ўзбекистон жуда катта табиий газ заҳираларига эга. Бу форум Ўзбекистондаги транспорт воситаларининг, жумладан автомобилларни суюлтирилган ва сиқилган газга ўтказиш ҳамда автомобилларга газ қуйиш станциялари ва компрессорлар станцияларини қуриш масалаларини муҳокама қилиш учун имконият яратди”.
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги матбуот маркази хабарига кўра, 2011 йилдан бошлаб GM Ўзбекистон қўшма корхонаси газга мослаштирилган автомобиллар ишлаб чиқара бошлайди. Шунингдек, Навоийдаги эркин иқтисодий зонада автомобиллар газ баллонларини ишлаб чиқарувчи корхона очиш ҳақида Корея компаниялари билан биргаликда иш олиб борилмоқда.
Асакадаги GM Ўзбекистон қўшма корхонасидаги автомобилларни йиғиш цехининг исми сир қолишини сўраган мутахассиси айни пайтда газ билан ишлайдиган автомобиллар ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича қизғин иш кетаётганлигини айтади:
- 2011 йилдан проект тайëр бўлаяпти. Худо хоҳласа¸2011 йилдан проектни тўғирласак, биринчи бўлиб Дамас автомобилимизга суюлтирилган газ установкасини қўйишни бошлаймиз. Кўраяпсизку, бензин, дизел масаласи йилдан йилга анча қийин бўлиб кетаяпти. Биринчи Дамасни ўтказамиз. Кейин секин-секин бир-икки йилда қолган моделларни ҳам ўтказсак керак.
Озодлик: Газ баллони Дамас машинасининг қаерига қўйилади? Ўзи багажи ҳам йўқку унинг.
- Дамас автомобилининг орқа қисмида запаска турадиган жойи бўлади. Ўша ерга қўйилиши мумкин ëки бензин бакининг ўрнига қўйилиши мумкин. Суюлтирилган гази бўлса, бензин баки керак эмаску машинага. Ўрни бўшайди. Анча арзон ëнилғига ўтаяпмизда, -дейди GM Ўзбекистон қўшма корхонаси мутахассиси.
Андижонлик ҳайдовчи Муҳаммаджон ака бу ишнинг хайрли эканлигини, айни бензин тақчил бўлиб турган пайтда газ қуйиш станцияларининг кўпайишини яхши хабар дейди:
- Газ станцияларининг кўпайгани яхши. Андижонда бензин олдингидан озайиб кетди. Очеред жуда кўп. Газни ҳам уч соат очередга турсангиз оласиз. Мен яқинда газ қўйдим. Уч ой бўлди.
Озодлик: Бензин билан газ нархи орасидаги фарқ қанчалик?
- Жуда катта. Масалан, 50 минг сўмлик бензин кетадиган жойга 15 минг сўмлик газ билан бориб келасиз. 35 минг фойдага қолади..
Бироқ дейди, Муҳаммаджон ака, газ бензинга нисбатан арзон бўлса-да, бензиннинг кучини беролмайди. Айниқса, дейди у, довонлардан ошаётганда машинанинг кучи етмай қолаётгани яққол сезилади ва ўз навбатида бу автомобил моторининг тезда ишдан чиқишига сабаб бўлади:
- Таъсири бўлса керак бензин билан газники. Олдин мотор 10 йилга етаëтган бўлса, газ қўйгандан кейин 7 йилга етса керагов, дейди андижонлик ҳайдовчи Муҳаммаджон ака.
Жиззахлик автомобил устаси Бекмурод ҳам, агар машина мотори газда ишласа икки баравар кам умр кўришини айтади:
-Бензин билан юрган яхшида. Ҳозирги моторлар бензинга мўлжалланган. Газ билан клапанлар куяди, колцолар тезроқ разнос беради. Газ қуруқ ёнилғида.
Озодлик: Бензин ëғлими?
- Бензиннинг ëғи борда ўзига яраша. Барибир киргандан ëғлайди.
Озодлик: Янги машина газ билан юрса қанча умр кўриши мумкин, бензин билан юрса қанча умр кўриши мумкин?
-Бензинда юрган машиналар бир марта мотор қилса, газда юрган машиналар икки марта қилади. Ярмига қисқаради. Бир томондан фойда беради, иккинчи томондан тежаган пулини йиғиб-йиғиб мотор қилади,дейди Бекмурод.
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги матбуот маркази хабарига кўра, 2012 йилга бориб Ўзбекистонда 190 та автогазтўпловчи компрессорлар станцияси ва 1250 автомобилларга газ қуйиш станциялари ишга тушади.