Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:14

Халқаро ташкилот қуриб берган уйни Ўш шаҳар мэрияси бузмоқчи


Июн воқеаларидан кейин Ўш шаҳар мэрияси шаҳар марказидан оқиб ўтувчи Оқбура дарёсининг шарқий соҳилига йўл қура бошлади. Мэрия йўлни бир чети дарё соҳилига туташ Мажримтол маҳалласидан ўтказишни режалаштирган.Мэриянинг бу лойиҳаси ўзбеклар манфаатларига навбатдаги зарба бўлмоқда.


Оқбура соҳилида янги йўл қуриш билан боғлиқ можаро июн қирғинидан кейин бошланиб, Ўш шаҳар мэри бундан икки ярим ой олдин таътилга кетганидан кейин тўхтаб қолган эди.

Мэлис Мирзақматов ишга қайтдию можаро яна бошланди.

Шу кундаги можаро Ўшнинг марказий автовокзали билан “Сузоқ” чойхонаси ўртасида жойлашган ҳовли-жойларга боғлиқ. (Можаронинг биринчи қисми маҳалланинг юқорироғида бўлган эди)

Айтилган ҳудуддаги хонадонлардан бирининг соҳибаси билан гаплашдик.

Исмини айтмаслигимизни сўраган аёлнинг 8 хонали уйини июн қирғини давомида босқинчилар ёндириб юборган эди.

- Бизникида ҳеч нарса қолгани йўқ. 8 хона уйдан ҳозир ҳеч нарса қолмаган, дейди аёл.

Унинг ҳовлиси 6 сўтикли ҳовли.

Аввалига:

- Икки сўтикдан ер оламиз деб ҳисоблашган эди, дейди аëл.

Бугунга келиб эса,

- Эшигинглар тагига ўзинглар тротуар қиласизлар, 5 метр киргизасизлар деяпти. 5 метр киргизсак¸ у ерга давлат пул тўламас экан, дейди аëл.

Изоҳ: суҳбатдошимизнинг ҳовлиси дарёга туташ. Аввалига ҳовлисининг соҳилга туташ этагидан икки сўтикни (соҳилдан 16 метр) йўл қурилиши учун олмоқчи бўлишди.

Бугунга келиб, “аввал белгиланган чизиқдан яна 5 метр ичкарига кирасан, ана шу 5 метр ҳам шаҳар ҳисобига ўтади, бу 5 метр учун пул тўламаймиз, тротуарни ҳам ўз ҳисобингдан чиқарасан”, дейишаяпти, деди аёл.

Ҳовлининг аввал белгиланган, йўл тушадиган қисми учун давлат товон тўламоқчи.

- Йўлга тушган ерда навес, ўтинхона, тандирхона, баня ва туалетимиз бор. Ëнмай қолган баня, туалет, навес. Ëнмай қолган нарсаларимизнинг ҳаммаси кетаяпти. Ўша ерга менга 82500 сўм чиқарди, дейди аëл.

82500 қирғиз сўми тақрибан 1800 АҚШ доллари бўлади.

Икки сўтикдан ортиқроқ ер учун 1800 доллар.

Суҳбатдошимизнинг ҳовлиси асл қийматини тасаввур қилиш учун Тошкентнинг Олой бозорига қўшни ҳовли қиймати қанча бўлишини ўйлаб кўринг.

Шаҳарнинг қоқ марказидаги ҳовлининг икки сўтигини сув текинга олаётган шаҳар мэрияси бугунга келиб яна 5 метрга кўзини тикаяптики, айнан шу ўринда мутлақо ақл бовар қилмайдиган ҳодиса бошланади.

- ACTED қуриб кетган иккита уйнинг ҳам тахминан 70 сантиметри кетадиган бўлаяпти ҳозир яна беш метр қўшимча олишадиган бўлса.

Озодлик: ACTED қуриб берган уйнинг 70 сантиметрини қанақа қилиб кеткизишади? Бузишадими?

- Бузасизлар деяпти. Янги қурилган. Ҳали стройкамиз тугагани йўқ. Ҳали полига стяжка қуйилди ҳозир. Томи ëпилди, сувоғи бўлди. Усталар бугун стяжкани қилиб чиқиб кетишди. Яна чала ишлари кўп. Шунгача келиб бизни огоҳлантирмасдан ҳозир бизга договор тузгани ҳам келишгани йўқ.

Озодлик: Демак, янги қурилган уйни ҳам бузасан деяпти-а?

- Беш метр оладиган бўлса, ўша ҳам кетаркан, дейди аëл.

Бу асло фарс эмас. Бу – воқелик. Бугунги Ўш воқелиги.

11 ноябр куни бу масалага алоқадор барча томонларнинг фикрларини, позицияларини ўрганишга ҳаракат қилдик. Изланишларимиз тугагани йўқ. Ишни эртага эрталабдан яна давом эттирамиз ва мавзуга эртагалик эшиттиришимизда яна қайтамиз.
XS
SM
MD
LG