Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:17

Ўш воқеаси бўйича миллий комиссия холис бўла оладими?


Ўшлик бир болакайнинг юракни ларзага солувчи ижоди.
Ўшлик бир болакайнинг юракни ларзага солувчи ижоди.

Ўш фожеасини ўрганаётган Қирғизистон мустақил комиссияси июн воқеалари юзасидан ҳукумат расмийлари кўрсатмаларини йиға бошлади. Комиссия раиси Абдуғани Эркабоевга кўра, бу Қирғизистон ҳукумати аъзоларининг Ўш фожеасига нақадар алоқадор эканликлари ва уларнинг жавобгарлиги ҳамда масъулиятини аниқлашга хизмат қилади.

Нодавлат ташкилотлари ва турли миллат вакилларидан иборат мустақил комиссия ўз хулосасини 10 декабргача эълон қилишини билдирган.

Июн воқеаларини ўрганаётган мустақил комиссия раиси Абдуғани Эркабоевнинг айтишича, уч ой оралиғида қонли воқеада жабрланган юздан ортиқ одам ва гувоҳлар билан учрашилган. Ўнлаб видеотасмалар ўрганилиб, ҳозир уларнинг ҳақиқий ёки қалбаки эканлиги текширилмоқда.

Миллий комиссия раиси Абдуғани Эркабоев подадан олдин чанг чиқариб, Ўш фожеасида ўзбекларни айблаган.
Абдуғани Эркабоевга кўра, айни пайтда айрим ҳукумат расмийларидан ҳам кўрсатмалар олинади.

- Ҳозир ишимизнинг сўнгги босқичини бошладик. Очиғини айтсам бўлади, бу босқич марказий ҳукумат раҳбарлари, куч тузилмалари ва муваққат ҳукумат аъзоларининг Ўш воқеаларидаги ҳатти-ҳаракатларига баҳо беришдан иборат бўлади,-деди Абдуғани Эркабоев.

Айтиб ўтиш керакки, мустақил комиссия раиси бундан аввалги чиқишларида “Ўш қирғинини ўзбеклар бошлаган, ўзбеклар қирғизларни қирган, қирғизлар эса ўзини-ўзи ҳимоя қилган”, деб билдирган эди.

Айни пайтда Абдуғани Эркабоев бу хулосасини янги тафсилотлар билан бойитган кўринади:

- Мен тўла масъулият билан айтаманки, бу қонли воқеа анча вақт турли жойларда ва аниқ режага асосан пухта тайёрланган. Биз бу фожеада ташқи ва ички кучларнинг излари борлигини аниқладик. Бу маълумотларни Ўш воқеаларини ўрганаётган халқаро комиссияга ҳам тақдим этамиз,- деди Абдуғани Эркабоев.

Комиссия раиси бу ҳужжатлар махфий эканини ва шунинг учун ҳам у фақат расмий хулоса билан бирга эълон қилинишини билдирди.

Айтиб ўтиш лозимки, мустақил комиссия бир қатор нодавлат ташкилотлари ва турли миллат вакилларидан иборат 30 кишилик гуруҳдир. Бироқ комиссиянинг барча аъзолари ҳам мазкур гуруҳнинг фаолияти самарали, унинг хулосаси эса холис бўлади, деган фикрда эмаслар.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова "Ўш қирғини пайтида талончиларга ким қурол берди?" деган саволга жавоб изламоқда.
Комиссиянинг бир қатор аъзолари бу гуруҳ фаолиятига норозилик сифатида комиссия аъзолигидан чиққанлар. Улардан бири ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасуловадир.

- Одамлар қўлига қурол қаердан тушиб қолди? БТРлар талончилар қўлидан қачон тортиб олинди? Қурол-аслаҳа айнан қайси ерларда ишлатилди? Бу саволларни ҳам ўрганишни талаб қилганмиз. Бу масалада ҳарбий қисмлар зобитларини, ҳарбий прокурорларни чақириб, савол берганмиз. Ўшанда "Миллий комиссия қурол масаласига мутлақо эътибор бермаслиги керак, бу масалани кўтармаслик керак", деб бизга қаршилик кўрсатишган. Миллий комиссия одамларга қурол тарқатилгани ҳолатига кўз юмаяпти. Шунинг учун ҳам бу комиссияга нисбатан ҳуқуқ ҳимоячиларида ишонч қолмаган,- деди Азиза Абдурасулова.

Бишкеклик мустақил кузатувчи Сардор Багишбеков эса миллий комиссия хулосаси адолатли ва холис бўлишига шубҳа билдиради.

- Комиссия тузилганидан бошлаб унинг кўплаб аъзолари сиёсат билан машғул бўлдилар ва комиссиянинг асл мақсадидан четладилар. Бугунги кунда нафақат миллий комисся, балки Қирғизистон ҳукумати ҳам Ўш ва Жалолобод воқеаси юзасидан адолатли хулоса чиқаришга маънавий жиҳатдан тайёр эмас, -деди Сардор Багишбеков.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Сардор Багишбеков миллий комиссия адолатли хулоса чиқаришига ишонмайди.
Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова миллий комиссия ўз фаолиятида Ўш қирғини пайтида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар ҳақида маълумот йиғиш масаласига ҳам бепарво бўлганини айтади:

- Нега шу кунгача ҳалок бўлганлар рўйхати эълон қилинмаяпти? Нормасмий маълумотлар расмий маълумотлардан жуда катта фарқ қилади. Ўшда бир неча минг одам ўлгани ҳақида маълумотлар бор,-деди Азиза Абдурасулова.

Расмий маълумотларда Ўш қирғинида ҳалок бўлганлар сони 429 одам деб кўрсатилади. Азиза Абдурасулова хорижий радиолардан бирига берган суҳбатида, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига таянган ҳолда, расман ҳалок бўлган деб эълон қилинган 415 одамдан 209 нафари ўзбек, 100 нафари қирғиз, 5 нафари бошқа миллат вакиллари эканини, 51 жасаднинг эса шу кунгача миллати аниқланмаганини айтган эди.
XS
SM
MD
LG