Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича суди Денов тумани собиқ ҳокими Абдусамат Ҳожиқуловни 8 йил муддатга қамоққа ҳукм қилди. Бу ҳақда Озодликка тингловчилардан бири хабар берди.
Илгари хабар қилганимиздек, собиқ ҳоким шу йилнинг 6 июлида миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қамоққа олинган эди. Ўз исмини билдиришни истамаган деновлик тингловчининг сўзларига кўра, собиқ ҳокимнинг жияни йўл қоидасини бузганлиги учун уни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими тўхтатади. Ҳокимнинг жияни ва милиция ходими ўртасида жанжал чиқади. Шундан сўнг милиционер ҳаддидан ошган “жиян”нинг машинасини олиб қўйиб, ўзини қамаб қўяди:
- Ҳоким жиянини қамоқдан чиқариб оладида, мелисани чақириб, ўзининг кабинетида роса уради. Қонга бўяб, тишларини, бурунларини синдириб ташлайди. Кейин бундан началник милиция хабар топадида, тўғридан тўғри Тошкентга чиқади. Кейин буйруқ бўлиб, буни ишдан олишади. Бундан ташқари қилган нарсалари ҳам чиқадида. Шу одамни олиш керак бўлганми ишқилиб. Бошланиш шундан бошланади. Кейин қамайди,- дейди исми ошкор этилишини истамаган деновликлардан бири.
Яна бир деновлик йигит Азизбекнинг айтишича, ички ишлар бўлими бошлиғи ўз ходимининг бундай калтакланганини кўргандан сўнг, тўғридан-тўғри Ўзбекистон ички ишлар вазирлигига мурожаат қилади:
- Жанжаллашиб ургандан кейин бу иш ноҳақлик бўлганини билган бўлим бошлиғининг ўзи бу ишга бош-қош бўлиб, ҳаракат қилиб, ички ишлар вазирлигига хабар етказиб, “Мана шундай вазият юзага келди”, деб ўзининг ходими ноҳақ калтакланганлиги учун иш бошлаттиради. Натижада ҳоким судланиб, 8 йил муддатга кесилди,- дейди Азизбек.
Деновлик Абдулла эса калтакланган милиция ходимининг ўзи миллий хавфсизлик хизматида ишлайдиган яқинига бу ҳодиса ҳақида хабар берганини айтади:
- Ургандан кейин милиция ходими Тошкентга ўзининг қариндошига телефон қилган. Қариндоши МХХда ишлар экан. Ҳоким ўзидан қўрқиб ҳокимиятнинг орқа эшигидан чиқиб кетган Тошкентга. Тошкентга борган. Қайтиб келаëтганда йўлда ушлабди,- дейди Абдулла.
Озодлик билан суҳбатлашган деновликларга кўра, аслида ҳокимнинг қамоққа олиниши ва унинг устидан жиноят иши қўзғатилиши учун милиция ходимининг калтакланиши бир баҳона бўлган холос. Шу воқеа сабаб, ҳоким қамоққа олинганидан сўнг, унинг бошқа жиноятлари ўз-ўзидан очила бошлайди:
- Денов тумани бўйича кўпгина нарсаларни ўзлаштириш, порахўрликлар қилгани, бошқа амаллари фош бўлади. Денов-Тошкент йўналишида қатнайдиган автобуслари бор. Бундан ташқари оғир юк ташийдиган КамАЗ юк автомашиналари ҳам бор. Бир қанча қимматбаҳо енгил автомашиналарининг борлиги, Денов шаҳрининг ўзида қанча уйлари борлиги, ҳаттоки Тошкент шаҳрида янги-янги квартиралари борлиги аниқланди,- дейди деновлик Азизбек.
Исми сир қолишини сўраган деновлик суҳбатдошимизга кўра, Денов Сурхондарё вилоятида пул энг кўп айланадиган шаҳар ҳисобланади ва бу ерда ҳокимлар узоқ ишлаб қололмайди:
- Денов энди Сурхондарëнинг асосий савдо жойи. Пул айланмасининг маркази Денов бўлади. Катта корхоналар, ишлаб чиқаришлар ҳам шу ерда жойлашган. Жой ҳам ҳаддан ташқари қиммат. Жой олиш ҳам жуда қийин. Точка очиш ҳам жуда қийин. Ўшалардан сўрасак, энди ҳаммаси ҳам порахўр экан. Лекин оддий одамлар жуда яхши. Аҳоли жуда яхши,- дейди исми сир қолишини сўраган тингловчи.
Абдулланинг айтишича, Деновни Ўзбекистоннинг "Бомбейи" деб ҳам аташади ва бу ерга унча-бунча одам ҳоким бўлолмайди:
- Кўплар Деновга ҳоким бўлишга қўрқади. Келишиш қийинда Денов халқи билан. Бундан ташқари олигархлар ҳам кўп Деновда. Илдиз отиб кетган анча вақтдан бери. Мафия кучлида. Президент ҳар сафар Сурхондарëга келганда Денов ҳокими жиноятчилик ҳақида доим гапирганда. Жиноятчиликнинг ҳамма тури борда Деновда. Кўплар келган милицияга начальник бўлиб. Узоққа бормаган. Самарқанддан келди, Тошкентдан келди. Началниклар ҳам кўп вақт тура олмаган. Ўзи кетиб қолади кейин,- дейди Абдулла.
Унинг сўзларига кўра, собиқ ҳоким Абдусамат Ҳожиқулов қарийб беш ой давомида тергов қилинган ва тергов давомида у икки марта махсус касалхонага ётқизилган:
- Терговда анча қийнаган экан уни. Тергов қилибдида. Ëмон қийноқлар ўтказилган экан. Икки марта ëтиб чиққан касалхонада. Тергов пайтида изоляторда анча урган. Анча қийналган экан. Шунга ëтиб чиқибди касалхонага,- дейди деновлик Абдулла.
Суд ҳукмига кўра, собиқ ҳоким Абдусамат Ҳожиқулов жазони умумий тартибли колонияда ўтайди. Собиқ ҳоким адвокатлари суд ҳукмидан норози бўлиб, юқори суд идораларига шикоят аризаси киритгани айтилмоқда.