Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:40

МХХ чегарадаги ўлим учун айбни тожикистонликларга юклади


Ўзбек-тожик чегарасидаги ҳандақ ва тўсиқлар¸ одамларни чегарадан ўтишнинг ноқонуний усулларига мажбур қилмоқда.
Ўзбек-тожик чегарасидаги ҳандақ ва тўсиқлар¸ одамларни чегарадан ўтишнинг ноқонуний усулларига мажбур қилмоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси тарқатган баëнотга кўра, Тожикистон билан чегара ҳудудларидаги криминал вазият борган сари кескинлашмоқда ва тожикистонликларнинг чегарани бузиб ўтиши ҳоллари ва улар содир этаётган жиноятлар сони ошмоқда.

14 ноябр куни ўзбек-тожик чегарасида Ўзбекистон ҳарбийси тожикистонлик фуқарони отиб ўлдирди¸ яна бир тожикистонликни ярадор қилди. Орадан 10 кун ўтиб берилган расмий баëнотда¸ Ўзбекистон томони рўй берган воқеа учун жавобгарликни тожикистонликлар зиммасига юклади.

Тожикистоннинг Зафаробод ва Ўзбекистоннинг Ховос туманлари ўртасидаги чегарада содир бўлган бу воқеа муносабати билан 25 ноябр куни
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси тарқатган баëнотда:

“14 ноябр куни Тожикистоннинг Сўғд вилояти Зафаробод туманидан 30га яқин номаълум шахс, 14та эшакка ортилган юк билан чегарани ноқонуний тарзда кесиб Ўзбекистон ҳудудига кирган. УларЎзбекистоннинг Ховос тумани ҳудудига 600 метр киришга муваффақ бўлишган. Ўзбек чегарачилари уларни “тўхта”, дея огоҳлантирган. Бироқ чегара бузувчилар бунга эътибор бермай ўз йўлида давом этган. Шундан кейин ўзбек чегарачилари осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узган. Шунда тожикистонликлар ўзбек чегарачиларига ҳужум қилган. Улардан бири қирқма милтиқдан ўзбек чегарачиларига қарата ўт очган. Қолганлари эса, пичоқ ва тошлар билан қуролланиб чегарачиларга ҳужум қилишган. Тўқнашувда тожикистонликларнинг бири ўлдирилган, қолганлари эса Тожикистон ҳудудига ўтиб кетишган"¸ дейилади.


Тожикистон Чегараларни қўриқлаш давлат қўмитасининг Зафаробод чегара бўлими маъмурияти Ўзбекистон томони келтирган бу иддаоларини рад этмоқда.

- Тожикистонликлар чегарани ноқонуний кесиб ўтган, буни инкор қилиб бўлмайди. Бироқ ўзбек чегарачилар ҳеч бир огоҳлантиришсиз уларга қарата ўқ узган. Ҳолбуки, чегарачилар биринчи навбатда қонунбузарларни ушлашга ҳаракат қилишлари лозим эди. Лекин улар ўша заҳоти ўт очганлар. Тожикистонликлар қўлида ҳеч қандай қурол бўлмаган. Яна бир факт – тожикистонликлар, Ўзбекистон томони айтганидек, 30 киши эмас, балки икки йигит ва икки нафар аёл бўлган. Улар аслида тижоратчилар бўлган, дейди Зафаробод чегара бўлими вакили Раҳим Каримов.

Ўзбек чегарачилари томонидан ўлдирлиган 20 ёшли Соли Ваҳобовнинг отаси Абдуқаҳҳор ака Озодлик билан суҳбатда ўғлининг жасадини Ўзбекистондан олиб келиш анча муаммо бўлганини айтади.

- Биз у ерга бордик. Лекин ўғлимнинг жасади олдига боришга чегарачилар қўйишмади. Олдин пул беринглар¸ дейишган эди. Пулни йиғиб бордик. Барибир беришмади. Нима қиларни билмай бошимиз қотди. Охири, Сирдарёда яшайдиган қариндошларга қўнғироқ қилдик. Улар билан гаплашдик, ёрдам қилишди. Сирдарёдаги укамни, бошқа қариндошларни илтимос қилдик. Ёрдам қилишди, ўғлимни жасадини олиб келиб беришди, дейди марҳумнинг отаси Абдуқахор Ваҳобов

Ваҳобовлар хонадонига яқин кишилардан бири Бегали Ашурматовнинг айтишича, марҳум ва унинг шериги бир неча йилдан бери тижорат билан шуғулланиб келган.Улар бу чегара нуқтасидан бир эмас¸ ўнлаб марта ўтишган ва шу кунгача ҳеч қандай муаммо бўлмаган.

Ўзбекистон 2008 йилда бир томонлама равишда икки давлат ўртасидаги чегара пунктларининг олтитасини ёпиб қўйган. Бу эса икки давлат фуқароларининг чегарани бузиб ўтиши ҳолларини кўпайтирмоқда, дейди мустақил кузатувчилар.

- Ўзбеку тожикларнинг чегарани ноқонуний кесиб ўтишларига¸ биринчи навбатда¸ иқтисодий қийинчиликлар сабаб бўлмоқда. Бу икки халқни азал азалдан дўстлик ришталари, савдо сотиқ алоқалари боғлаб келмоқда. Мана шу нуқтаи назардан икки республика аҳолисининг ўзаро борди-келдисига ҳеч қандай чегара тўсиқ бўлолмайди, дейди сўғдлик кузатувчи Маҳина Ваҳобова.
XS
SM
MD
LG