Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:16

Душанбеда ҳизбчиликда гумонланган олтовлон ҳибс этилди


Ҳибсга олинганларнинг онаси Сомина Ҳафизова Озодлик радиосига мурожаат қилиб, дастлабки тергов жараёнида қизи, ўғиллари ва куёвларига нисбатан қийноқлар қўлланилганини маълум қилган.

Асли сўғдлик Сомина Ҳафизова, ўзининг айтиши бўйича, бундан етти ой аввал ҳибсга олинган ўғли Юсуфжон Ҳафизов ҳолидан хабар олиш учун Душанбега келганди.

Аёл Душанбега келган кунининг эртаси, яъни 21 ноябр куни пойтахтда яшаб турган ўғиллари Ҳафиз, Алибой, Тожибой, қизи Ҳабиба Ҳафизовалар, куёвлари Умматбой Раҳматов ва Алижон Додобоевларни ҳам Ҳизбут-Таҳрир партиясига алоқадорлик айби билан ҳибсга олганини айтди.

Суҳбатдошимизга кўра, фарзандларининг ҳаммаси тижорат билан шуғулланишади ва шу ниятда бир неча йил аввал Душанбе шаҳрига келиб, шу ерда ўрнашиб қолган эканлар.

- Қизимнинг уч фарзанди бор, яна ҳомиладор эди. Сўроқ пайтида унинг бошига уришибди. Куёвим: “Хотиним ҳомиладор, нега урасан?” деса, “Сенинг ҳароми болаларинг кимга керак?” дейишиб, уни ҳам калтаклаб ташлашибди. Кичкина қизим Сайфурани ҳам олиб кетишганди. Уни ҳам уришибди. Лекин Сайфурани икки кундан кейин қўйиб юборишди, - дейди Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туманидан бўлган Сомина Ҳафизова.

Суҳбатдошимиз фарзандлари бегуноҳлигига амин эканини, улар фақат беш вақт намозини ўқиганлари учун шундай балога гирифтор бўлганларини айтиб зорланди.

- Менинг болаларим бегуноҳ. Улар бировнинг ҳаққини еганлари йўқ. Мана, одам ўлдирганлар, ўғрилар юришибди-ку. Нега уларнинг мушугини биров “пишт” демайди? - дейди бирданига олти нафар яқини ҳибсга олинган онахон.

Аёл оиласи жуда ночор аҳволдалиги боис фарзандлари ҳимояси учун оқловчи ёллашга қурби етмаслигини айтди.

Онахон катта фарзанди бундан етти ой аввал ҳибсга олинган Юсуфжон Ҳафизовнинг тақдири ҳануз номаълум қолаётганидан куюнди.

Мавзу юзасидан Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасига сим қоқдик.
Аммо телефон гўшагини кўтарган навбатчи бу гаплардан хабарсизлигини, бизни қизиқтирган саволлар бўйича душанба куни масъул шахсларга қўнғироқ қилишни тавсия қилди.

Аснода расмий манбалар ўтган ўн йил бадалида Тожикистон ва умуман Марказий Осиёда фаолияти тақиқланган Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига аъзолик айби билан тахминан 300 дан ортиқ киши қамоққа солинганини маълум қилади. Норасмий манбалар эса бу рақам икки баравар кўпроқ эканини айтади.

Айтилишича, республика жазо калонияларида жазо муҳлатини ўтаётганлар орасида бу мамлакат турли шаҳар ва туманлари фуқаролари орасида ўзбекистонлик фуқаролар ҳам бор экан.

Бир гуруҳ мустақил кузатувчилар эса сўнгги бир йил давомида Ҳизбут-Таҳрир ташкилоти тожик жамиятида ўз фаолиятини кучайтириб, ташвиқот варақалари билан бир қаторда рангли журнал ҳам чоп қила бошлаганига ишора қиладилар.

Кузатувчиларга кўра, иқтидордаги ҳукуматга қарши бу баёнотларида ҳизбчилар “ҳукуматнинг мусулмонларга қарши йўналтирилган сиёсат”ини қоралаганлар.

Шундай баёнотларининг бирида ўтган йил ҳизбчилар “агар Тожикистон ҳукумати Ҳизбут-Таҳрир аъзоларининг яқинларини тутиш ва жазолашни тўхтатмаса, яқин келажакда иқтидордаги ҳукумат тегишли жазо олиши” билан таҳдид қилган эдилар.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати бу ташкилотнинг асл мақсади халифалик қуриш экани ва улар тарғиб қилаётган ғоялар бу мамлакат миллий манфаатларига зид ва жамият учун хавфли бўлгани сабабли Ҳизбут-Таҳрир аъзолари қонун доирасида ҳибсга олиниб, жазоланаётагнини таъкидлайди.

Шу ўринда эслатсак, Ҳизбут-Таҳрир партияси 2008 йил мартида Тожикистон Олий суди қарори билан экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритилган эди.

Мазкур қарорга мувофиқ, партиянинг Интернет сайти ҳам Тожикистон ҳудудида тақиқланганди. Шунингдек, Ҳизбут-Таҳрир ғояларини тарғиб қилувчи аудио, видеотасмалар ва адабиётларни ҳам Тожикистон ҳудудига олиб кириш тақиқланганди.

Жаҳонда исломий халифалик қуришни мақсад қилган Ҳизбут-Таҳрир партияси ўз мақсадларига эришиш йўлида ҳар қандай зўравонлик тадбирларидан йироқ эканини билдириб келади.
XS
SM
MD
LG