Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:39

Жаслиқ бошлиғи қийноқ ҳақидаги хабарларни инкор қилди


Жаслиқдаги маҳбуслар яқинлари бир неча ҳафтадан бери тутқунлар ҳолидан хабар ололмай овора.
Жаслиқдаги маҳбуслар яқинлари бир неча ҳафтадан бери тутқунлар ҳолидан хабар ололмай овора.

Жаслиқ қамоқхонаси бошлиғи Қуролбой Бердиев Озодлик билан суҳбатда жазони ижро этиш муассасида маҳкумларга нисбатан қийноқлар ҳаддан ташқари кучайгани ҳақидаги хабарларни қатъиян инкор қилиб, яқинлари билан кўриша олмай ўтирган тутқунларнинг қариндошларига учрашувга рухсат берилганини таъкидлади.


Озодлик 30 ноябр куни Жаслиқ қамоқхонаси бошлиғи Қуролбой Бердиев билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлди.

Бердиев 27 ноябр куни Жаслиқ қамоқхонаси қошидаги меҳмонхонада яқинлари билан учрашувни кутиб ўтирган аёллар билан шахсан учрашгани ва уларнинг барчасига яқинлари билан учрашиш имкони берилганини таъкидлади.

Жаслиқдаги яқинларини кўргани келган аёллар, бир неча ҳафтадан бери учрашувга рухсат ололмаётгани (аёллар орасида 25 кундан буён кутиб ўтирганлар ҳам бор - таҳр.) боис, бир неча кундан бери Жаслиқ маъмуриятига ўз норозилигини билдириб келмоқда.

Бердиев жаноблари бу ҳолатни изоҳлар экан, аксар ҳолларда Жаслиқдаги яқинлари билан учрашиш ниятида бўлган аёллар 10-15 киши бўлиб келишлари, лекин уларга навбати билан учрашув белгиланиши, яъни бир аёлга икки кунлик учрашув имкони берилиши боис¸ бошқа аёлларнинг кутиб қолишларига сабаб бўлаётганини таъкидлади.

Қуролбой Бердиев Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбусларга нисбатан аёвсиз қийноқлар қўлланилиши ҳақидаги хабарларни мутлақо рад қилиб, “Бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон. Бундай ҳолатлар ҳея қачон бўлмаган ва бўлмайди ҳам”, дея таъкидлади қатъий оҳангда.

Ўтган ҳафта Қуролбой Бердиев Жаслиқ қамоқхонаси бошлиғи лавозимидан бўшатилиб, Қорақалпоғистон Ички ишлар вазири ўринбосари этиб тайинлангани, унинг ўрнига Ботир Кенжаев исмли шахс бошлиқ этиб тайинлангани ҳақида хабар пайдо бўлган эди.

Бердиев бу маълумотни ҳам рад қилиб, унинг ўзи ҳануз 64/71 рақамли колония, яъни Жаслиқ қамоқхонаси бошлиғи лавозимида ишлаётганини маълум қилди.

Микрофонсиз суҳбат ниҳоясида Бердиев Жаслиқ қамоқхонаси билан боғлиқ бошқа саволларимизни ёзма равишда йўлласак¸ уларга ҳам жавоб қайтаришини билдирди.

Бердиев билан суҳбатдан сўнг Озодлик мухбири 30 ноябр куни Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбуслар оилаларига мўлжалланган меҳмонхонада ўтирган аёллар билан яна боғланди.

Жаслиқда 9 йилдан буён жазони ўтаётган эри билан учрашувни кутиб ўтирган тошкентлик Малика Холмуҳамедова 27 ноябр куни Бердиевнинг яқинлари билан кўришиш учун рухсат кутиб турган айрим аëллар билан учрашганини тасдиқлади.

- Шанба куни Бердиевнинг шахсан ўзи келиб, иккинчи отряддан тўртта аëл билан гаплашиб, “Сизларнинг ишингларни ҳал қилиб беришга ҳаракат қиламан”, деди. Бу ерда бўлган нималар айтилди. “Биз қатъий турамиз. Ҳеч қаëққа кетмаймиз. Изолятордан чиқишигача кутиб ўтирамиз”, дейилгандан кейин фамилияма-фамилия чақириб, “27 ноябрда изолятордан чиқадиган бўлса, 28 ноябрда кирасизлар”, деб Нигора опамга айтди. Улар кириб кетишди. Уларга уч кун берди. Ҳозир Нигора опа Жаслиқ ичкарисида. Бу ерда Бердиевнинг ўзига “Биз бу ерда шунча пайтдан бери ўтирибмиз”, дейилгандан кейин “Майли, сизларга уч кун қилиб бераман”, деди. Уч кун берди.

Озодлик: Жазо изоляторида 13 йигит бор дейишган эди. Улардан нечтаси чиқдию, уларнинг аҳволлари қандай?

- Ҳозир уларнинг ҳолатини билмаймиз. Чунки ҳали ундан кейин ҳеч кимни олиб кириб олиб чиққани йўқ. Энди бошқа статьялар (бошқа айбловлар билан жазони ўтаётган маҳкумлар яқинлари - таҳр.) кириб чиқишди. Болаларнинг ҳар қанақа отрядларга бўлиб ташлангани айтилаяпти. Мана ҳозир чиққанлар зулмлар аввалгидан озгина пасайганлигини айтишди. “Ҳозирги ҳолатлари олдингидан анча яхшироқ экан”, деб чиқишди, дейди Малика Холмуҳаммедова.

Тошкентлик Нигора Хўжаева маҳкум укаси Миробид билан учрашиш имконини 16 кун кутди. Миробид Ҳолиқов ҳам 159 модда билан қамалганлардан. У 11 йилдан бери қамоқ жазосини ўтамоқда. Ўтган сафар суҳбатлашганимизда Нигора жазо изоляторига ташланган укаси тақдиридан хавотир олаётганди. Биз Нигора Жаслиқ ичкарисидан чиққач¸ у билан яна боғланишга ҳаракат қиламиз.

Озодлик Жаслиқдаги яқинлари билан учрашган тошкентлик Клара Алимова ва Дилором Мирзаевалар билан суҳбатлашганда, улар қамоқхонадаги маҳбуслар қийноққа солинаётгани ва улар оғир аҳволда эканини гапирган эдилар.

Тошкентлик Нодира Каримова ҳам Жаслиқда қамоқ жазосини ўтаётган 25 ёшли ўғли Бекзод тақдиридан хавотирда. Бекзод Миразизов Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича айбланиб қамалганида 11-синф ўқувчиси бўлган. Нодира опа ўғли ва қамоқ жазосини ўтаётган турмуш ўртоғи Миразиз Каримовга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ва бу қийноқлар тўхтатилишини талаб қилиб, бир неча йилдан бери матбуот орқали чиқишлар қилиб келади.

Жаслиқ маъмурияти 30 ноябр куни Нодира Каримовага ўғли билан учраша олмаслигини маълум қилдии.

- 159-модда билан Ҳизбут-Таҳрир, деб қамашган. Қамалганида 11-синф ўқувчиси эди. Бошида 8 йил беришди. Кейин уч йилини олиб ташлаб, беш йили қолган эди. Беш йиллик муддати тугашига беш ой қолганида яна муддат қўшиб, Жаслиққа олиб келиб ташлашди. Олдин Қизилтепада бўлди беш йил. Кейинги йил 30 январда муддати тугаши керак. 4 декабр кунига раскруткага этапга тайëрлаб қўйган эмиш. Яна судлаб йилига йил қўшмоқчи. Нима айб қилди булар? Зонанинг ичида ҳам нарушение қиладими булар? Ўзи муддати тугаëтган бўлса. Қайси инсон муддатига яна муддат қўшиб берилишни хоҳлайди? Айниқса муддати тугаëтган маҳалда. Айниқса бу ëш бола бўлса. Олиб кириб олиб чиқадиган свиданшики келиб, Алибек дегани, “Боланг изоляторда. Тез кетгин. Учрашув йўқ”, деди менга, дейди Нодира Каримова.

25 ноябр куни Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Жаслиқдаги вазият бўйича қатъий текширув ўтказиш ва қамоқхонадаги яқинлари билан учраша олмаётган аёлларга ўз қариндошлари билан кўришиш имконини беришга чақирди.

26 ноябр куни эса Amnesty International ташкилоти Жаслиқ қамоқхонасидаги вазият бўйича хавотир билдириб, у ерда мунтазам тус олган қийноқларни тўхтатиш учун Ўзбекистон ҳукуматига халқаро босимни кучайтириш чақируви битилган баёнот эълон қилди.

Қорақалпоғистоннинг шимолий чеккасида жойлашган Жаслиқ колонияси халқ орасида “борса келмас” номини олган.

Жаслиқ қамоқхонаси аслида 400 маҳбусга мўлжалланган, лекин шу кунларда у ерда 600га яқин маҳбус сақланаётгани ва уларнинг асосий қисмини диний ва сиёсий маҳбуслар ташкил этиши ҳақида норасмий маълумотлар бор. Бироқ бу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан на тасдиқланган ва на инкор этилган.
XS
SM
MD
LG