Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:22

Душанбе ОИТСга чалинган болаларга кўмаклашмоқчи


Тожикистонда ОИТСга қарши тадбирлар ҳар йили 1 декабр арафасида ўтказилади.
Тожикистонда ОИТСга қарши тадбирлар ҳар йили 1 декабр арафасида ўтказилади.

Одам иммунтанқислиги вируси юқтириб олган тожикистонлик болалар янги йилдан бошлаб ҳукуматдан ойига тақрибан 55 АҚШ доллари миқдорида ёрдам пули ола бошлайдилар.

Тожикистон ОИТСга қарши кураш маркази раиси Муродали Рўзиев мазкур ёрдам пули ОИТВни онасидан юқтириб олган тожикистонлик 14 ёшгача бўлган 56 нафар болага берилишини билдирди.

Жаноб Рўзиевнинг маълум қилишича, республикада ОИТВга чалинган яна 125 ҳомиладор аёл расман қайдга олинган.

- Бугун республикада 492 нафар аёл бу вирусни юқтирган. Шундан 125 нафари ҳомиладор аёллардирки, улар доимий назоратда бўлиб турибди.
Шунингдек, жорий йил майида имзоланган ҳукумат қарорига мувофиқ, 2011 йил январидан эътиборан ОИТВга чалинган 14 ёшгача бўлган 56 нафар болага ойига 250 сомоний (тахминан 55 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида ёрдам пули берилади, деди республика ОИТСга қарши кураш маркази расмийси Рўзиев.

Расмийдаги маълумотларга кўра, айни кунда Тожикистонда XX аср вабосига мубтало бўлган 2 мингу 300 киши расман қайдга олинган. Шундан тахминан 80 нафари беморликнинг тўртинчи босқичида, яъни ОИТСга чалинган экани билдирилди.

Норасмий маълумотларда тожик жамиятида ОИТВга чалинган 10 минг чоғли бемор борлиги айтилади.

Республика ОИТСга қарши кураш маркази масъуллари тожикистонликлар орасида бу вирус аксар ҳолларда шприц, игна ёки банг моддалари эритмаси орқали тарқалаётганини маълум қилдилар.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари сўнгги йиллар ОИТВ аёллар орасида тез тарқалаётганидан ташвиш билдирмоқдалар.

Аснода БМТнинг Тожикистондаги ваколатхонаси масъули Ростислав Вербенский 2015 йил бориб Тожикистонда одам иммунтанқислиги вирусига чалинганлар сони нисбатан камайишини тахмин қилади.

БМТ расмийси фикрича, Тожикистонда бу вируснинг тарқалиши олдини олиш учун етарли чора-тадбирлар йўлга қўйилган.

- Тожикистон томони бу вируснинг тарқалиши олдини олиш йўлида имкони борича ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, бу вирусни юқтирганларга юқори малакадаги тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бизнинг тахминларга кўра, бу кетишда Тожикистон 2015 йилга бориб бу иллатга қарши курашда ғолиб келиши имконига эга, дейди БМТ расмийси Вербинский.

Эслатиб ўтамиз, ОИТВга чалинган илк бемор Тожикистонда 1991 йили қайдга олинган эди.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган 19 йил бадалида шу вирусни юқтириб олган 264 киши вафот этган.

Тожикистон ҳукумати бундан икки йил аввал ОИТВга қарши кураш миллий дастурини қабул қилган эди.

Шунинг билан бирга, бу йўналишда Тожикистонга бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам яқиндан ёрдам бериб келмоқда .

Масалан, 2008 ва 2009 йилларда ОИТВ тарқалиши олдини олиш учун тахминан 100 миллион сомоний (тақрибан 22,5 миллион АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида маблағ ажратилган. Бу маблағнинг атиги 15 фоизигина Тожикистонга тегишлидир.

Шунингдек, минтақа давлатлари қаторида Тожикистонда ҳам ОИТВга қарши кураш лойиҳаларининг асосий ҳомийси бўлган Глобал жамғарма 2003 ва 2015 йиллар учун махсус лойиҳа асосида тахминан 70 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратгани маълум бўлди.

ОИТСга қарши кураш маркази расмийси Рўзиевнинг айтишича, келгуси йилдан Тожикистон ҳукумати аср вабосига қарши кураш лойиҳаларига дин уламоларини ҳам жалб қилишни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG