Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:01

Тожикистон: Жиҳодчиларнинг янги масканими?


Душанбе фикрича¸ Покистон ҳудудидаги жанггариларни Марказий Осиë томон ҳаракатлантириш ортида Покистон махфий хизматлари турибди.
Душанбе фикрича¸ Покистон ҳудудидаги жанггариларни Марказий Осиë томон ҳаракатлантириш ортида Покистон махфий хизматлари турибди.

Покистонлик таниқли журналист¸ Марказий Осиëдаги исломий гуруҳлар¸ хусусан Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолиятига оид китоблар муаллифи Аҳмад Рашиднинг АҚШ нашрларидан бирида чоп этилган янги мақоласи шундай деб номланади.


Куни-кеча Тожикистонга сафар қилиб қайтган Аҳмад Рашиднинг ëзишича¸ ҳозирда кузнинг гўзал манзарасига бурканган Душанбе¸ зоҳиран Парижнинг сўлим ва сокин кўчаларини ëдга солсада¸ ботинан сокинликликдан йироқ.

“Душанбе шимолидаги водийда Афғонистон ва Покистондаги экстремистларга алоқаси борлиги тахмин этилаëтган жанггари гуруҳ кейинги уч ой ичида 50 ка яқин аскарни ўлдирди ва камида бир вертолëтни уриб туширди. Шу кунларда жавобини кутаëтган долзарб савол Толибон¸ Ал-Қоида ëхуд уларга ëндош гуруҳларнинг Покистон шимол-ғарбидаги қабила ҳудудларидаги ўн йиллик курашдан сўнг Тожикистонга қайтиб¸ бу ерни ўз навбатдаги қароргоҳи қилиб танламоқдами¸ деган мазмундадир”¸ деб ëзади покистонлик журналист.

1992 йилдан бери Тожикистонни идора қилаëтган Имомали Раҳмон қўли остидаги бу мамлакат кейинги йилларда чуқур турғунлик домига ботган¸ дер экан 93 фоиз ҳудуди тоғли бўлган Тожикистонда¸ айниқса¸ қиш ойларида юзага чиқадиган ëнилғи ва электр тақчиллиги аҳоли тинкасини қуритаëтганини ëзади муаллиф.

“Тожикистон иқтисоди¸ саноат ëки савдо ривожланиши эмас¸ балки Афғонистондан келаëтган наркотиклар контрабандаси ва хориждаги тожик муҳожирлари юбораëтган маблағ туфайли жон сақламоқда. 7¸5 миллионлик тожикистонликларнинг бир миллиондан ошиғи постсовет ҳудудларида меҳнат қилмоқда”¸ деб давом этади покистонлик журналист.

”Душанбе марказидаги кўзни қамаштириб турган ҳашаматли меҳмонхоналару қиморхоналар¸ кўнгил очиш учун эмас¸ балки мафия бошлиқлари ва порахўр ҳукумат арбоблари пулини ювиш учун хизмат қилади. Душанбе ҳукумати ичидаги порахўрлик кўламини фақат Кобул билан солиштириш мумкин. Афғонистонда етиштирилаëтган героиннинг камида 30 фоизи айнан Тожикистон орқали Россия ва Европага етиб келмоқда”¸ дейди Аҳмад Рашид.

Покистонлик таҳлилчи фикрича¸ иқтисодий-ижтимоий муаммолар ва коррупция кўламининг ниҳоятда кенглиги каби сабаблар бирлашиб Тожикистонни жанггари исломий гуруҳлар учун ўзига хос базага айлантирмоқда.

Марказий Осиë ҳукуматларини кўпдан қўрқувга солиб келаëтган Ўзбекистон исломий ҳаракати Тожикистонда ўз тарихига эга¸ дер экан Аҳмад Рашид¸ Покистон ва Афғонистонда халқаро кучлар сиқувида қолаëтган мазкур гуруҳ жанггариларининг шу кунларда Тожикистондаги эски қароргоҳларига қайтиш эҳтимоли кучайиб бораëтганини қайд этади.

”Бугун исломий жанггарилар Марказий Осиëни заиф ва қалтис бир минтақа деб биладилар ва бу ердаги режимларни ағдариб¸ халифалик барпо этиш учун имкон кучаяëтганига ишонадилар”¸ деб ëзади Рашид.

Журналист суҳбатлашган тожик расмийлари Афғонистон шимолий чегараларидаги янги ҳарбий амалиëтлар ортида Покистон махфий хизматлари тургани ва улар мақсади Афғонистон ва Покистон чегарасида АҚШ кучларининг Толибонга қарши олиб бораëтган урушидан диққатни чалғитиш эканидан гапирганлар. Бироқ Покистон махфий хизмати бундай даъвони инкор қилмоқда.

Покистонлик таҳлилчи фикрича¸ Афғонистон шимолий ҳудудлари¸ хусусан Қундуз¸ Бағлон¸ Балх ва Таҳор каби Тожикистон ва Ўзбекистонга туташ минтақаларда хавфсизлик вазиятининг ëмонлашаëтгани Ўзбекистон исломий ҳаракати ва унга ëндош бошқа гуруҳларнинг айнан шу ҳудудларда ўз базаларини қуриш ва ўз сафларига янги жанггарилар ëллаш уринишлари ҳосиласидир.

Афғонистон аҳолисининг 8 миллиони¸ қарийб 28 фоизи этник тожиклар ва уларнинг кўпи 1917 йилги болшевиклар инқилобидан сўнг бу ерларга келиб ўрнашган¸ дер экан Аҳмад Рашид¸ бу аҳолининг ЎИҲ каби гуруҳларнинг ўз фаолиятини кенгайтириши учун қулай замин эканини қайд этади.

“Шундай бўлсада¸ АҚШ ва Ғарб дипломатлари Афғонистон шимолий сарҳадларидаги вазият борасида тожик расмийлари каби тушкун эмас. Уларга кўра¸ бугун Тожикистоннинг айрим тоғли районларида фаоллашган жанггарилар маҳаллий гуруҳлар ва улар ҳаракатини Ал-Қоиданинг Марказий Осиëга ҳужуми деб эмас¸ балки маҳаллий исломий гуруҳларнинг Тожикистондаги ҳозирги режим туғдирган жиноятчилик¸ порахўрлик ва қашшоқликка нисбатан норозилиги деб талқин этиш тўғрироқ бўлади”¸ ўқиймиз Аҳмад Рашиднинг каттагина мақоласи давомида.

Айни пайтда¸ деб давом этади Аҳмад Рашид¸ на тожик ва на хориж кузатувчилари Ал- Қоида ëки Толибон учун ўз амалиëтларини Марказий Осиëнинг заиф нуқталари бўлмиш Тожикистон¸ Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудларига ëйиш мақсадга мувофиқ иш бўлишини инкор қиладилар.

“Зотан айни шу уч давлатда қашшоқлик¸ ислом ғояларига берилиш ва ҳукуматлар номақбуллигидан туғилган ғазаб кучайиб бормоқда.
НАТО Афғонистондан халқаро кучларни олиб чиқиш муҳлатини белгилаган бир кезда Марказий Осиëда жанггари исломий ҳаракатларнинг қайта жонланиши ҳам Афғонистон¸ ҳам минтақа учун ниҳоятда хатарли ва бундай эҳтимол жанггарилик кўламининг ҳозирги можаролар доирасидан-да кенгайишига йўл очиши мумкин.

Бундай эҳтимолдан энг кўп ташвишга тушаëтган¸ Россиядир. Москва ўз орқа ҳовлиси деб қарайдиган Марказий Осидаги вазиятнинг беқарорлашуви¸ шундоқ ҳам миллионлаб русларни ўзига қул қилган афғон героинига ружуъ қўйганлар сонини янада ошириши¸ айни пайтда Кавказдаги исломий ҳаракатларни кучайтириши мумкинлиги ҳақидаги қўрқувлар оловига мой қуймоқда”¸ деб давом эттиради кузатишларини муаллиф.

“Уруш уйимизга тобора яқинлашиб келмоқда”¸ деди Кобулдаги суҳбатда рус дипломатларидан бири менга совуққонлик билан.“Афғонистон шимолидаги вазиятнинг ëмонлашуви ўта ташвишли ҳол. Биз террорчилик¸ наркотиклар ва экстремизмнинг дастлаб Марказий Осиë¸ сўнгра Россия бўйлаб ëйилишидан қўрқамиз”¸ дея қўшиб қўйди у”¸ ëзади Аҳмад Рашид.

Ана шу қўрқув турткисида¸ деб қайд этади таҳлилчи¸ Россия ҳукумати Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучлари билан ҳамкорликни кучайтирмоқда. НАТОнинг Лиссабондаги сўнгги саммитида президент Медведев Эрон ва Ал Қоида таҳдидини чеклаш борасида америкаликлар билан бирга ишлашга рози бўлди.

”Аммо бу борада осон ечимнинг ўзи йўқ. Марказий Осиëнинг қудратли давлатлар томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилиши¸ минтақадаги ëмонлашиб бораëтган иқтисодий ва сиëсий вазият ва наркотиклар контрабандасининг тобора гуллаб-яшнаëтгани 90 йилларда бир кучайиб¸ сўнгра заифлашган исломий жанггариликни қайта жонланиши учун идеал шароит яратмоқда.

Бу экстремистлар¸ америкаликлар айтаëтган каби¸ минтақанинг ўз боласими ëхуд тожик расмийлари таъкидлаëтган каби¸ Покистон ва Ал-Қоиданинг импорти¸ бунинг кўп ҳам аҳамияти йўқ.

Муҳими¸ агар жанггари ислом Марказий Осиëда қайта жонланадиган бўлса¸ бу Ғарбнинг Афғонистондан чиқиб кетишини ниҳоятда оғирлаштириб юборади”¸ деб хулосалайди ўз таҳлилий кузатишларини покистонлик таниқли журналист ва таҳлилчи Аҳмад Рашид.
XS
SM
MD
LG