Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:32

Клинтон Бишкекда халқаро текширувдан оғиз очмади


2 декабр куни Бишкекка келган Ҳиллари Клинтон президент Роза Ўтунбаева билан учрашар экан, нақадар машаққатли бўлса-да, Қирғизистоннинг демократия йўлидан оғишмай бораётгани олқишга сазовор эканини таъкидлади.
2 декабр куни Бишкекка келган Ҳиллари Клинтон президент Роза Ўтунбаева билан учрашар экан, нақадар машаққатли бўлса-да, Қирғизистоннинг демократия йўлидан оғишмай бораётгани олқишга сазовор эканини таъкидлади.

2 декабр куни Бишкекка келиб, президент Роза Ўтунбаева билан учрашган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ўш воқеалари ҳақида ҳам гапирди. Бироқ Клинтон хоним, Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти даъват этганидай, Ўш воқеаларини мустақил халқаро комиссия ўрганиши зарурлиги ҳақида лом-мим демади.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева Ҳиллари Клинтон билан ўтган учрашувдан сўнг бўлган матбуот анжуманида ўз мамлакати доимо АҚШ қўлловини ҳис қилиб келганини ва АҚШни ўзининг энг яқин ҳамкорларидан бири сифатида билишни айтиб ўтди.

Айни пайтда Роза Ўтунбаева сўннгги пайтларда АҚШ билан айрим масалаларда келишмовчиликлар борлигини ҳам таъкидлади. Мана шундай келишмовчиликлардан бири Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит марказини ёнилғи билан таъминлаш масаласида пайдо бўлган.

Бишкекдаги транзит марказини шу кунгача Мина групп ширкати таъминлаб келмоқда. Бироқ Қирғизистон муваққат ҳукумати бу ширкатни Бакиевлар оиласи билан бизнес муносабат ўрнатганликда ва бошқа бир қатор ноқонуний ҳатти ҳаракаларда айблаб келади. Шунга қарамай, АҚШ жорий йилда ҳам Бишкекдаги транзит базани ёнилғи билан таъминлашни мазкур ширкатга топширган.

- Биз Ҳиллари Клинтон билан Манас транзит марказини ёнилғи билан таъминлаш масаласида ҳам гаплашдик. Мина группга нисбатан очилган жиноят ишини Бош прокуратура олиб бормоқда. Биз ёзда Ўш воқеалари билан овора бўлиб қолдик ва эндигина Мина групп масаласига жиддий ёндошувни бошладик. Манас базасига келсак, “у 2014 йилгача Қирғизистонда қоладими?” деган савол берилди. Бу саволни биз бугун бевосита муҳокама қилмадик. Чунки бу янги ҳукуматнинг ваколатидир, - деди Роза Ўтунбаева.

Мина групп ширкати масаласида Роза Ўтунбаева чиқишига жавоб берган Ҳиллари Клинтон АҚШ тарафи бу масалада Қирғизистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини айтди. Клинтонга кўра, АҚШ тарафи базасини ёнилғи билан таъминлашда Америка фирмаларига рақобатбардош бўла оладиган қирғиз ширкатини шакллантиришда кўмак бера олади.

Шу билан бир қаторда Ҳиллари Клинтон матбуот анжумани чоғида “Доимий барқарорлик фақат инсон ҳуқуқларига тўла амал қилинган жойдагина бўлади”, дея фикр билдирди ва Ўш воқеалари ҳақида ҳам қисқагина мулоҳаза билдириб ўтди:

- Қирғизистон ҳукумати этник тўқнашувларда айбланиб судланаётганлар, эски ҳукумат аъзолари ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларига нисбатан ўтказилаётган суд жараёнларида Қирғизистон қонунчилигига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, деб умид қиламиз. Бу мамлакат июн воқеаларида мисли кўрилмаган зўравонликларни бошдан кечирди. Мен бу воқеаларда ўз яқинларидан ажраган барча одамларга таъзия изҳор қиламан, - деди Ҳиллари Клинтон.

Айни пайтда Ҳюман Райтс Вотч халқаро ташкилоти Ҳиллари Клинтон Қирғизистон сафари чоғида мамлакат ҳукуматини Ўш воқеалари юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказишга чақириши лозим, деган баёнот билан чиққан эди. Қирғизистон ҳукуматини адолатли судлов ўтказишга чақирган Ҳиллари Клинтон Ўш воқеалари юзасидан мустақил текширув халқаро даражада ўтказилиши зарурлиги ҳақида оғиз очмади.
XS
SM
MD
LG