Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:04

“Мени президентнинг одами зўрлади”


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўтган йили турли амалдорларнинг ўзи билан бирга расмларини шаҳар ва туманларда намойишкорона илиб қўйилишини маън қилганди.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўтган йили турли амалдорларнинг ўзи билан бирга расмларини шаҳар ва туманларда намойишкорона илиб қўйилишини маън қилганди.

Тожикистон жанубидаги Вахш туманидан Озодликнинг Душанбедаги бюросига шикоят билан келган 18 ёшли Мўътабар Жалолова ҳали балоғат ёшига етмаган чоғида “президент одами” томонидан зўрланганини айтади.

Вахш туманининг Тожикобод қишлоғидан бўлган Мўътабар 2008 йилнинг октябр ойида дугоналари билан бирга иш ҳаққини олиш учун деҳқон хўжалиги раисининг идорасига боради. Раис қизларга маошларини бериб, 16 ёшли Мўътабарга эса маошини уйидан беришини айтади.

- Пулимни олиш учун раиснинг уйига борганимда у қўлларимдан маҳкам тутди, роса қўрқдим. “Аёлингиз ва болаларингиз қани?” деб сўрадим. У жавоб ўрнига мени кўрпача устига отди. Бақирдим, ҳеч ким додимга етмади, дейди ўша воқеани эслар экан, ўзини йиғидан куч билан тийган Мўътабар.

16 ёшида зўрланган вахшлик Мўътабар Жалолова ҳали ҳам адолат қарор топишидан умидвор.
Қишлоқ қизи Мўътабар бундан икки йил аввал ҳаётини остин-устин қилган воқеани шу кунгача ичига ютиб юрганини “президент одами” агар гап ташқарига чиқса, ногирон отаси ва икки акасини ўлдириш билан таҳдид қилгани билан изоҳлади.

- Аммо, - дея гапида давом этади Мўътабар, - шу йил бир қишлоқдошим уйимизга совчи юборганидан сўнг яқинларимни бўлган воқеадан хабардор қилишга мажбур бўлдим.

Мавзуга ойдинлик киритиш учун Вахш туманининг Тожикобод қишлоғидаги деҳқон хўжалиги раиси, 47 ёшли Ашраф Маҳмудовга ҳам сим қоқдик. Бироқ Маҳмудовга уланишнинг имкони бўлмади.

Аснода Вахш туман ички ишлар бўлим терговчиси Давлатали Юсупов Мўътабар Жалолованинг зўрлангани билан боғлиқ ҳодиса юзасидан шу йил октябр ўрталарида жиноят иши очилганини билдирди.

- Шундай шикоят олганмиз ва бўлимимизда дело қилиниб, барча ҳужжатлар Вахш туман прокуратурасига топширилган. Билишимча, мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳам ниҳоясига етай деб қолган, деди Вахш туман ички ишлар бўлими масъули Давлатов.

Бу орада Мўътабар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, тегишли давлат идораларига 17 маротаба ариза ёзган эса-да, хўжалик раиси Маҳмудов озодликда қолаётган экан. Аксинча Мўътабарнинг икки акаси номус талашиб, ватанини тарк этибди.

Тожикистонда “президент одами” эканини жамиятга исботламоқчи бўлган айрим шахслар орасида шахсий машинасининг давлат рақамига РТ ёзувини қўшимча қилиш ё бўлмаса тўртта бир хил рақам олиши урф бўлмоқда.

Аснода мустақил таҳлилчилар президент номидан иш қилаётган шахслар вақтида ва жойида қонун доирасида жазоланмаётгани сабабли уларнинг фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини истаганича поймол қилишига замин яратаётганини урғулашмоқда.

- Бундай шахслар қилаётган жиноятлари учун жазосиз қолиши мумкинлигини яхши англаётганлари сабабли ҳам ўз мансабларини суиистеъмол қилаётирлар. Менимча, суд тизимлари ана шундай мансабдорларни жазосиз қолдирмаслиги шарт. Ўшандагина бу йўналишда бирор-бир натижага эришиш мумкин, дейди мустақил таҳлилчи Иброҳим Усмонов.

Айни пайтда балоғат ёшига етмаёқ турли кўргиликлар бошига тушган Мўътабар Жалолова судларнинг адолатли ҳукм чиқаришига ва ҳуқуқларини поймол қилган мансабдор шахс қонун олдида албатта жавоб беришига умид билан яшаётганини айтади.
XS
SM
MD
LG