Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:48

Душанбе Москвадан собиқ дала қўмондонини сўрамоқда


Тожикистон Россия томонидан собиқ мухолифат собиқ қўмондонларидан бири Абдулвосит Латиповни экстрадиция қилишни сўради. У жорий йилнинг ноябр ойи бошларида Тожикистон ва Россия ҳуқуқ-тартибот ходимларининг қўшма махсус амалиёти натижасида қўлга олинган эди.

Тожикистонда Восит қори лақаби билан танилган 42 ёшли Абдулвосит
Латипов сўнги ўн йил давомида Россиянинг Челябинск шаҳрида яшаб келгани айтилмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоев кўра, Латипов бир қатор оғир жиноятлар содир этганликда гумонмоқда.

- Абдулвосит Латипов 1998 йилда бир неча оғир жиноятлар содир этганлик, жумладан, бандитизм, террорчилик, қотиллик ва одам ўғирлаш кабиларда гумонланиб, ўтган ўн йил давомида халқаро қидирувда эди. У қўшма амалиёт чоғида 4 ноябр куни Волгоград шаҳрида қўлга олинди. Айни пайтда Латиповнинг экстрадициясини талаб қилиб, Россия Бош прокуратурасига зарур ҳужжатлар тақдим қилинди, - дея билдирди Ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоев.

Абдулвосит Латипов гуруҳи аъзолари Юсуф Жалилов ва Боймурод Холовлар ўтган йил декабри ва апрелида Россия миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Айни пайтда, Ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоевнинг билдиришича, бу икки тожикистонликни ҳам ватанига экстрадиция қилиш масаласи кўрилмоқда.

Айтилишича, бу гуруҳнинг яна бир фаол аъзоси Ёқуб Ғафуров ўтган йили Ўзбекистон ҳудудида бу мамлакат миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Қотилликда айбланган Ёқуб Ғафуров Ўзбекистон Олий суди ҳукми билан 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил ноябр бошларида россиялик журналистлар Абдулвосит Латиповнинг Россия ҳудудида қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

Интерфакс ахборот агентлигининг Россия Миллий хавфсизлик хизматидаги манбага таяниб ёзишича, тожик собиқ мухолифатининг собиқ қўмондони Абдулвосит Латипов 43 кишини ўлдирганликда гумонланмоқда экан. Айтилишича, ўлдирилганларнинг 19 нафари рус чегарачилари бўлган.

Бироқ Россия миллий хавфсизлигидаги манба Латипов бу жиноятларни қайси йилларда содир этганини маълум қилмаган.

Мазкур ахборот агентлигининг хабар беришича, Абдулвосит Латипов ўтган асрнинг 90-йилларида Эрон, Покистон ва Афғонистон ҳарбий лагерларида ҳарбий таълим олган бўлган.

1997 йили Тожикистонда тожиклараро тинчлик битими имзоланганидан сўнг Абдулвосит Латипов ва унинг гуруҳига аъзо шахслар президент буйруғи асосида авф қилинган эди. Бироқ 1998 йилда яна жиноятлар содир этгани ортидан 2001 йилда у ва шериклари халқаро қидирувга берилган.

Интерфакс агентлигининг ёзишича, Россия фуқаролигини олган Абдулвосит Латипов 2004 йилдан буён Челябинск шаҳрида яшаб келган.

Аснода Тожикистондаги маҳаллий нашрлар Абдулвосит Латипов тожик собиқ мухолифати собиқ раҳбари Акбар Тўражонзоданинг тансоқчиси бўлганини ёзадилар.

Бироқ Тўражонзода жаноблари бу даъволарни рад этар экан, бундай маълумотларни нашрга бериш уни ёмонотлиққа чиқаришдан ўзга нарса эмаслигини айтади.

- Абдулвосит 90-йиллар бошида мухолифат қаторида бўлмаган. У тахминан 1996 йилда ўзини мухолифат аъзоси, деб эълон қилди. У бир кун ҳам менинг тансоқчим бўлмаган. Бундай туҳматлар бизнинг ҳаққимизга тез-тез ёғилиб туради. Менимча, бу айрим гуруҳларнинг бизга нисбатан сиёсий ғаразидан бошқа нарса эмас. Зотан, биз 97 йили қоғозларда авф этилган эсак-да, айримлар қалбида ҳанузгача авф этилмаганимиз исботи бу, - дейди Тўражонзода жаноблари.
XS
SM
MD
LG