Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:09

Тожикистонлик имомлар рўйхат асосида маъвиза қиладилар


2011 йил бошидан тожикистонлик дин уламолари ҳафтанинг ҳар жума куни мамлакат расмийлари таклиф қилган мавзулар асосида намозхонларга амри маъруф қила бошлайдилар.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ислом маркази уламолар кенгаши янги йил арафасида тожикистонлик имомларга тахминан 60 та диний мазмундаги мавзуларни тақдим қилди.

Дин қўмитаси масъулларининг билдиришича, имомлар айнан шу мавзуларда йил бўйи намозхонларга амри маъруф қилишлари лозим.

Тожикистонлик кўпчилик имомлар ҳукумат масъуллари таклиф қилган дастурдан рози эмаслар.

Улардан бири Зубайдуллоҳи Розиқнинг мулоҳазасича, бир йилга 60 мавзу кифоя эмас. Унингча, бу мавзулар бир ҳафта ёки ҳеч бўлмаганда бир ойга таклиф қилинса, айни муддао бўлур эди.

- Бундай тажриба бошқа давлатларда бор. Лекин уларда бир ҳафталикка етадиган мавзу беришади. Кейин у мамлакатларда бизга уқтирилганидек, “мана шу биз белгилаган мавзу атрофида лекция ўқийсан”, дейилмайди.
Улар фақат имомларга “мана шу, мана шу мавзулар атрофида ҳам гапирилсин”, деб кўрсатма беради, холос. У ёғи имомлар шу Ислом кўрсатмалари асосида намозхонларга амри маъруф қилишади, - дейди тожикистонлик имом Зубайдуллоҳи Розиқ.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита масъули Идибек Зиёев эса бундай хулоса чиқариш нотўғри эканини таъкидлайди.

- Имомларимизга таклиф қилган мавзуларимиз рўйхатидан одоб-ахлоқ, ота-онага ҳурмат, қўшниларнинг ҳаққи кабилар ўрин олган. Ҳар жума куни имомлар мана шу белгиланган ҳар бир мавзу атрофида тўла ва ҳар томонлама амри маъруф қилишлари лозим, деб ўйлаймиз. Менимча, бу имомларимиз учун жуда фойдали бир дастурдир, - дея таъкидлади Дин ишлари бўйича қўмита расмийси Зиёев.

Унинг маълумотларига кўра, ҳар жума куни шаҳар масжидларида икки мингдан беш минггача одам тўпланади. Улар намоз ўқиш билан бирга фойдали мавзулар атрофида ҳам тўла маълумотлар олиши зарур.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Зиёевдан: “Имомларга таклиф қилинган йиллик мавзулар рўйхатидан диний экстримизмга қарши кураш масалалари билан боғлиқ мавзулар ҳам жой олганми?” дея сўрадик.

Зиеёв жаноблари бундай мавзулар рўйхатда йўқлигини ва агар зарурат туғилиб қолса, йил бўйи бу масала ҳам назардан четда қолмаслигини билдирди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Тожикистон Конституциясида “дин давлатдан ажратилган”и белгилаб берилган. Иқтидордаги ҳукумат расмийлари ҳам давлат дин ишларига дахл қилмаслигидан бонг уради. Аммо аслида, мустақил кузатувчилар фикрича, тожик жамиятида бунинг акси кузатилади.

Иқтидордаги ҳукумат расмийлари ҳозиргача айрим дин уламоларининг маъвизалари жамиятни булғаётганидан хавотир билдириб, уларнинг ҳар бир маърузаси экспентизадан ўтказилишини талаб қилиб келади.

Тожик расмийларига кўра, республика дин уламолари кенгашига аъзо бўлмаган диндорлар кўпинча сиёсий мавзуларга ҳам қўл уриб, айрим сиёсатчиларни танқид қилади ва ҳатто таҳқирлайди ҳам.

Жорий йил ўрталарида Тожикистон ҳукумат қарори билан дин уламоларининг амри маъруфлари ёзилган ҳар бир компакт-диск савдо расталарига узатилишдан аввал албатта Дин қўмитаси экспертизасидан ўтказилишини лозимлиги белгиланди.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, ҳукуматнинг бу қарори дин уламолари устидан назоратни янада кучайтиради.

- Шу тариқа ҳукумат диндорларнинг ўзи чизган чизиғи доирасида қолишини ва “ичкарининг гапи ташқарига чиқмаслиги” принципини қонунийлаштирди, - дейди мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло.

Аввалроқ инсон ҳуқуқларини ҳимояси билан шуғулланувчи бир қатор халқаро ташкилотлар ва АҚШ Давлат департаменти бир неча бор Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, дин эркинлиги масаласида қабул қилинаётган қарорларида эҳтиёт бўлишга ундаган эди.

Шунга қарамай, Тожикистонда дин уламоларининг маъвизаларини цензура қилишга уриниш, масжидларни ёпиш ва ҳатто соқол қўйган эркаклар ҳамда ҳижоб кийган аёлларни ҳуқуқ-тартибот идораларида сўроққа тутиш қилиш каби тадбирлар ҳали-ҳануз давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG