Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:55

Россия суди Ўзбекистонда қийноқлар борлигини қайд этди


Татаристон суди Ўзбекистон фуқаросини Россия бош прокуратурасидан ҳимоя қилди.
Татаристон суди Ўзбекистон фуқаросини Россия бош прокуратурасидан ҳимоя қилди.

Ўзбекистонда қийноқлар борлигини эътироф этган Татаристон Олий суди Россия Бош прокуратурасининг Ўзбекистон фуқароси Шокиржон Солиевни экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. Асли Фарғонанинг Қувасидан бўлган бу йигит Ўзбекистонда конституцион тузумга тажоввуз қилиш ва бошқа айбловлар билан қидирувга берилган.


“Бошпана олиш ҳуқуқи” ташкилоти раҳбари Елена Рябининанинг Озодликка айтишича, Солиевнинг экстрадицияси бекор қилинишини Россия Олий судининг ўзбекистонлик қочқинлар бобида халқаро ҳуқуқий меёрларга бўйсунишга мажбур бўлаётганидан ишорат, дея умид қилиш мумкин.

- Умид қилишни истар эдик ва бунга асос бор, деб ҳам ўйлайнамки, Европа судида бундай қочқинларни Ўзбекистонга бермаслик талаб қилинган шикоятлар ва бу ҳақдаги қарорларнинг йиғилиб қолгани бу борада ўз таъсирини ўтказди. Шу боис, Россия адлия тизими мана шу муайян, алоҳида масалада халқаро ҳуқуқ меёрлари томон юз буришга мажбур бўлмоқда, деди ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Аммо, ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, Шокиржон Солиевнинг ишида ҳуқуқ фаоли муқаддам кузатилмаган муҳим бир ҳолат бор.

- Россия Олий суди томонидан Ўзбекистонда қийноқлар борлигининг қайд этилиши ва бу каби қочқинларга қўйилаётган сиёсий айбловлар тўғрисида Ўзбекистон қонунчилигидан қўлланган моддаларнинг Россия қонунчилиги билан номувоқилиги тан олиниши – биринчи марта содир бўлмоқда.

Шу тариқа Ўзбекистонда конституцион тузумга тажовуз қилди, дея қидирувга берилган Шокиржон Солиев ўз юртига экстрадиция қилиниш хавфидан фориғ бўлди.

- Ҳозир у Қозон шаҳрида. У Федерал Миграция хизматининг Татаристон бўлимига вақтинчалик бошпана бериш сўрови билан мурожаат қилди. Бугун биз унинг адвокати билан Миграция хизматига бориб келдик. Шундай қилиб, бу одам учинчи кундирки озодликда. Аммо, бундай қочқинлар учун Россия ҳудуди хавфсиз бўлмай қолганини ҳам, албатта, эслаб ўтиш керак, деди Елена Рябинина.

Ҳуқуқ фаоли бу қочқиннинг ҳикоясини сўзлар экан, яна бир қизиқ жиҳатга эътиборимизни тортди.

- У ёшлигида спорт билан шуғулланган ва жиддий жароҳат олиб, оёқдан қолган экан. Шифокорлар унга бошқа ҳеч қачон юрмайсан, деб айтишган экан. Шунда у биринчи бор нажотни диндан топган ва намозга кирар экан, агар яна юра бошласам, ўзим каби ночорларга ёрдам бераман, деб ўзига сўз берган экан. Кейин маълум вақтдан кейин юриб кетган ва шу куйи бева-бечора, етим-есир, ногиронларга ёрдам билан шуғулланган.

Рябининанинг сўзларига кўра, Солиев 2009 йилнинг кузига қадар ЎЗбекистонда топган тутганини хайру эҳсонга сарфлаб юрган ва у саҳоват қилган оилалар орасида оталари диний мотивларда айбланиб, қамалга оилалар ҳам кўп бўлган.

- Эндиликда бу қочқинга тиркалган расмий айблов хулосасида айтилган турфа айбловлар ичида “у диний экстремитсликда айбланганларнинг оиласига ҳам ёрдам берган”, деган сатр бор. Бу жуда ҳам кулгили ва ҳуқуқий жиҳатдан жуда ҳам мантиқсиз айбловдир, деди Озодлик билан суҳбатда Россиядаги “Бошпана олиш ҳуқуқ” дастури раҳбари Елена Рябинина.

Озодлик мухбирининг Солиев билан интервю ҳақидаги сўровига жавобан ҳуқуқ фаоли Солиев ўз яқинлари хавфсизлигини кўзлаб, интервюлардан тийилиб турганини айтди.

Шокиржон Солиев асли Фарғона вилоятининг Қува шаҳридан. Олий маълумотли, аммо, касби йўналишида иш топа олмагани учун кўп йиллардан давомида чакана савдо билан шуғуллангани айтилади.
XS
SM
MD
LG