Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:25

Ўш қирғинида қурбон бўлганлар рўйхати эълон қилинди


Июн қирғинида Ўш ва Жалолободда асосан ўзбеклар ўлдирилди
Июн қирғинида Ўш ва Жалолободда асосан ўзбеклар ўлдирилди

Қирғизистонда Ўш ва Жалолободдаги қирғин қурбонлари рўйхати эълон қилинди. Бу ишни ҳукумат идоралари ва вазирликлардан йиғилган маълумот асосида Азиза Абдурасулова раҳбарлигидаги “Қилим шами” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази амалга оширди. Бу рўйхатда июн ойида қурбон бўлган 423 одамнинг исми келтирилган.

“Қилим шами” марказининг “Июн воқеаларида қурбон бўлганлар: жабрланганлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда давлат тузилмалари масъулияти. Таҳлил ва таклифлар”, деб номланган ҳисоботида айтилишича, Ўш ва Жалолобод қирғинида қурбон бўлганлар рўйхатини эълон қилиш ҳукуматнинг зиммасидаги мажбурият эди.

“Қурбонлар рўйхатининг эълон қилиниши нафақат сиёсий мажбурият, балки жабрланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида давлат тузилмалари масъулият олганининг кўрсаткичи ҳамдир. Давлат ҳолис тергов ва адолатли судловни ҳам таъминлаши зарур”, дейилади ҳисоботда.

Бироқ ҳукумат томонидан қурбонлар рўйхати эълон қилинмагач, бу масъулиятли вазифани “Қилим шами” ташкилоти амалга оширган.

.Ташкилот Қирғизистон Бош прокуратураси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўш ва Жалолободдаги ҳудудий касалхоналар, қишлоқ ҳамда маҳаллий кенгашлардан қурбон бўлганлар ҳақидаги расмий маълумотларни йиғиб, умумлаштирган. Шунингдек, рўйхатни тузишда норасмий манбаларнинг маълумотларидан ҳам фойдаланилган.

Ҳуқуқ маркази тузган рўйхатда айтилишича, июн қирғинида 423 одам – Ўшда 355, Жалолободда 68 одам ҳалок бўлган. Рўйхатда уларнинг миллати, жинсий мансублиги, ёши, ўлим сабаблари, қайси куни ўлдирилгани ва қайси қабристонга дафн этилгани кўрсатилган.

“Қилим шами” ташкилоти ҳисоботида ёзилишича, 423 одамдан 284 нафари ўқ отар қуролдан ўлдирилган. 11 июн куни 109, 12 июн куни эса 137 одам қурбон бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг 44 нафари аёл, 8 нафари 14 ёшгача бўлган болалар, 42 нафари эса 15 ёшдан 20 ёшгача бўлган ўсмирлардир.

“Июн ойида қирғиз миллатига мансуб 107, ўзбек миллатига мансуб 312, бошқа миллатларга мансуб бўлган 4 одам қурбон бўлган”, деб ёзилади ҳисоботда.

Ўш қирғинида айбланиб фақат ўзбеклар судланмоқда.
Қурбонларнинг энг ёши Одинахон 1 ёшу 6 ойлик чақалоқ бўлган. У 25 ёшдаги онаси Шахнозахон Мирбобоева ва 4 ёшдаги акаси Омадбек билан бирга ўз уйи ертўласида ёндириб юборилган.

7 ёшдаги қирғиз қизи Бермет эса квартираси болахонасига чиққанида ўқ отар қуролдан отиб ташланган.

“Қилим шами” ташкилоти ўз ҳисоботида қурбонлар рўйхати билан бир қаторда Қирғизистон ҳукуматига ҳам қатор таклифларни киритган.

Ташкилот Қирғизстон президентига июн воқеаларини ҳолис ва адолатли ўрганиш учун БМТ мандатига эга бўлган халқаро комиссияни чақиришни, ҳар бир қурбон бўлган одам юзасидан жиноят иши очилиб, адолатли тергов ўтказилишини, бу қотилликлар айбдорларини миллати, ижтимоий ва сиёсий келиб чиқишидан қатъий назар жиноий жавобгарликка тортишни ҳамда бу борада жамоатчиликка ахборот беришни тафсия қилади.

Қирғизистон Бош прокуратурасига ҳам қотилликлар айбдорларини миллати, ижтимоий ва сиёсий келиб чиқишидан қатъий назар жиноий жавобгарликка тортиш, тергов жараёнида маҳбуслар ҳуқуқларини бузмаслик, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш таклиф қилинган.

Шу билан бир қаторда “Қилим шами” ташкилоти ҳар бир қурбон бўлган одамнинг оилалари Қирғизистон ҳукуматининг алоҳида эътиборида бўлиши ва ҳукумат уларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаб, фаровон ҳаёт кечиришлари учун шароит яратиши зарур, деб ҳисоблайди.

“Қилим шами” ҳуқуқ маркази эълон қилинган рўйхат якуний деб ҳисобламайди. Бу рўйхат июн ойида қурбон бўлганлар ҳақидаги янги маълумотлар билан тўлдирилиб борилади.
XS
SM
MD
LG