Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:26

Қирғиз расмийлари Тошкентга газ ҳақида сўзлашувга отланди


Қирғиз расмийлари 2011 йилда ўзбек газининг ҳар минг куб метрини 140 АҚШ долларидан сотиб олишга умид қилмоқдалар.
Қирғиз расмийлари 2011 йилда ўзбек газининг ҳар минг куб метрини 140 АҚШ долларидан сотиб олишга умид қилмоқдалар.

Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Амангелди Муралиев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси кейинги ҳафтада табиий газ етказиб бериш бўйича музокара ўтказиш учун Тошкентга бормоқчи.

Бу ҳақда маҳаллий ахборот агентликларига сўзлаган “Қирғизгаз” ҳиссадорлик жамияти бош директори Евгений Орленкога кўра, бугунги кунда “Қирғизгаз” ҳиссадорлик жамияти “Ўзтрансгаз” ҳиссадорлик ширкатига газ етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар лойиҳаларини юборган. Мазкур шартномаларга мувофиқ, Қирғизистон 2011 йилда Ўзбекистондан 600 миллион куб метр табиий газ сотиб олмоқчи. Бу газнинг 540 миллион куб метри мамлакат шимоли, 60 миллион куб метри эса жанубий вилоятларга тақсимланиши кўзда тутилган.

“Қирғизгаз” расмийларига кўра, Қирғизистон томони кейинги йилда Ўзбекистондан олинадиган табиий газнинг ҳар минг куб метрига 140 АҚШ долларидан тўламоқчи. Эслатиб ўтамиз, 2010 йил йил бошида Бишкек ўзбек газининг ҳар минг куб метрига 220 доллардан, йил охирига келиб эса 240 доллардан пул тўлаган.

Қайд этиш жоизки, ҳар йили декабр ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида табиий газ етказиб бериш бўйича бўладиган музокаралар осон кечмайди. Музокараларнинг авж нуқтаси газ нархи бўйича сўзлашувлар бўлади. Таҳлилчилар Ўзбекистон ҳар янги йил олдидан табиий газ бўйича музокаралар чоғида Қирғизистон олдига муайян талаблар қўйишини айтиб келади. Жорий йилда бир неча халқаро анжуманда ўзбек расмийларининг июн ойида содир бўлган Ўш ва Жалолобод воқеалари юзасидан қирғиз расмийларига эътирозлар билдиргани, таҳлилчиларга кўра, газ бўйича бўлажак музокараларни янада қийинлаштириши мумкин.

Айни пайтда қирғиз расмийлари мамлакат президенти Роза Ўтунбаева жорий ойда Москвада бўлиб ўтган МДҲ ва КХШТ анжуманлари доирасида Ислом Каримов билан табиий газ масаласини сўзлашгани ҳақида гапирмоқдалар. “Қирғизгаз” раҳбари Евгений Орленкога кўра, газ бўйича музокаралар қандай якун топиши ҳозирча маълум эмас, бироқ Қирғизистон томони Ўзбекистоннинг ўз қўшниси таклифларига кўнишига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG