Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:44

Тожикистонда таблиғчи аёллар ҳибcга олинди


Хатлон вилоят Қўрғонтепа шаҳар прокуратураси вакиллари “Таблиғ жамоати”га аъзоликда гумонланган аёллар бир неча йил давомида назорат остида бўлишганини айтмоқдалар.

- Бу аёллар “Таблиғ жамоати”га аъзо эканликлари бизга олдиндан маълум эди. Бироқ айнан аёл бўлганликлари учун улар илгари ҳибсга олинмаган эди. Бошқа томондан, бу аёллар эс-ҳушини йиғиб, бу оқимдан чиқиб кетишади, дея умид қилгандик. Афсуски, уларнинг фаолияти йил сайин активлашиб борди. Шундан кейингина уларни қўлга олишга мажбур бўлдик. Қўлга олинганлар аёлларнинг энг ёши Шарофат Азизова 23 ёшда, энг каттаси Зебинисо Пирхонова эса 37 ёшда, - деди Қўрғонтепа шаҳар прокурори ўринбосари Маҳмадсаид Насимов.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоевнинг айтишича, “Таблиғ жамоати” 2006 йили Тожикистон Олий суди қарори билан таъқиқлаб қўйилган. Шунга қарамай, кейинги пайтларда бу оқим фаоллашаётгани кузатилаяпти.

- Биздаги маълумотларга кўра, “Таблиғ жамоати”га Покистон ва Ҳиндистонда асос солинган. Улар ўша мамлакатларда содир этилган қатор террористик амалиётларда бевосита қатнашган, - деди Маҳмадулло Асадуллоев.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Хатлон вилоятидаги бўлим раҳбари Қаландар Садриддинзода эса расмийларнинг таблиғчилар мамлакат миллий хавфсизлиги учун хатар туғдириши ҳақидаги иддаоларини ўринсиз, дея баҳолади.

- “Таблиғ жамоати”нинг мамлакат хавфсизлигига ёки жамиятга бирор-бир зиёни йўқ. Таблиғчиларнинг сиёсатга аралашгани ёки қўлига қурол олгани ҳам аниқланмаган. Улар фақат Исломга даъват ишлари билан банд, холос. Таълимотлари ҳам сунний мазҳабимизга зид эмас, - дейди Қаландар Садриддинзода.

Таҳлилчилар фикрича, айнан аёлларнинг турли диний оқимлар ёки гуруҳларга аъзо бўлиб кетаётганига мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий шароитнинг оғирлиги сабаб бўлмоқда.

- Бор нарсасидан маҳрум бўлган, эртанги кунига ишончу умиди қолмаган ва арз-додинин кимга айтишни билмай, боши берк кўчага кириб қолган аёлгина мана шундай оқимлару гуруҳларга аъзо бўлади. Ҳуқуқлари поймол этилган аёлга давлат ёрдам бермагандан кейин бошини қаерга урсин? - дейди таҳлилчи Зарафо Раҳмоний.

Унинг айтишича, куч ишлатар тизимлари вакилларининг турли диний оқимларга қарши амалга ошираётган тадбирлари бу шунчаки ўзини кўрсатиш тадбири, холос. Оқибатда бундай тадбирлар жамоатчилик орасида турли гап-сўзларни келтириб чиқармоқда. Шу кунларда бу каби тадбирлар баҳонасида кўплаб одамлар қўлга олиниб, улардан расмию норасмий жарима ундирилаётганига оид хабарлар ҳам йўқ эмас.

Тожикистонда янги қабул қилинган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун давлат қайдидан ўтмаган ҳар қандай гуруҳ учун диний тарғибот билан шуғулланишни таъқиқлайди. Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда фақат Хатлон вилоятида 45 тожикистонлик “Таблиғ жамоати” оқимига аъзоликда гумонланиб, ҳибсга олинган. Яқинда эса бирданига 36 киши мазкур оқимга аъзоликда айбланиб, 3 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилди.
XS
SM
MD
LG