Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:15

Қирғизистонда янги ҳукумат таркиби эълон қилинди


Таҳлилчилар янги Бош вазир Алмазбек Атамбаевга Қирғизистондаги вазиятни изга тушириш у қадар осон кечмаслигини тахмин қилмоқдалар.
Таҳлилчилар янги Бош вазир Алмазбек Атамбаевга Қирғизистондаги вазиятни изга тушириш у қадар осон кечмаслигини тахмин қилмоқдалар.

20 декабр куни Бишкекда ўтган йиғилишда Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева парламентдаги кўпчиликни ташкил қилувчи коалиция томонидан таклиф этилган ҳукумат таркибини очиқлади. Айни пайтда янги ҳукумат таркиби Қирғизистонда ҳаммага ҳам бирдек маъқул келаётгани йўқ.

Ўтган ҳафта сўнгида Қирғизистон парламенти Социал-демократлар, Республика ва Ата-Журт партиялари коалицияси томонидан кўрсатилган Аҳмадбек Келдибековни парламент раиси лавозимига, Алмазбек Атамбаевни эса Бош вазир лавозимига кўпчилик овоз билан сайлагани ҳақида Озодлик аввалроқ ёзган эди.

Бугун эса мамлакат президенти Роза Ўтунбаева янги ҳукуматнинг таркибини тўлалигича эълон қилди. Унда аввалги президентлар Ақаев ва Бакиев даврида юқори лавозимларни эгаллаган вазирлар ҳам бор.

Янги ҳукумат ташкил этилиши муносабати билан Қирғизистонда апрел воқеаларидан кейин тузилган Муваққат ҳукумат истеъфога кетди ва бу ҳақда президент фармони ҳам ёйинланди.

Янги Бош вазир Алмазбек Атамбаев ўзи бошлигидаги ҳукумат ўз зиммаси юклатилган масъулиятнинг улкан экани жуда яхши тушунишини айтди. Ўтган ҳафта якунида журналистлар олдида сўзлаган Атамбаев жорий йил Қирғизистонни титратган икки воқеа – апрел ва июн воқеаларига ҳам алоҳида тўхталди.

- 7 апрел куни Қирғизистонда инқилоб бўлганди, июн ойида эса жанубда биродаркушлик уруши чиқиб кетди, - дер экан Атамбаев апрел ва июн ойида ҳалок бўлганларни “ўз” ва “ўзга” кишиларга ажратмаслигини қайд этди.

Атамбаевга кўра, июн воқеалари чоғида кўпчилик давлатлар Ўзбекистон билан Қирғизистон бир-бирини қонга ботиришини кутиб турган, бироқ “Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг донолиги туфайли” бунинг олди олинган.

- Ўша машъум кунларда ҳалок бўлганларга келсак, улар мен учун 7 апрел куни майдонда жон берган 87 бола каби қадрлидир. Бу бир фожеанинг икки турли чеккаси эканини унутмаслик лозим, - деди Алмазбек Атамбаев.

Айни пайтда янги ҳукумат таркибидан коалицияга кирмай қолган Ар-Намис ва Ата-Мекен партиялари вакиллари норози эканларини билдирмоқдалар. Муваққат ҳукуматда етакчи роллардан бирини ўйнаган, эндиликда эса истеъфо чиққан Азимбек Бекназаров ҳам янги ҳукуматга аввалги икки режимга садоқат билан хизмат қилган кишилар кириб қолганидан таассуфда эканинини айтди.

Аснода Қирғизистоннинг шимолий вилоятлари бўлмиш Талас, Норин ва Иссиқкўлда янги ҳукумат таркибига қарши норозилик намойишлари ўтказилмоқда.

- Бакиевнинг ёнида халқ мулкини ўмариб, еб-ичганларнинг қайта (ҳокимиятга) келишига қаршимиз. Болаларимиз қийналиб, қанчаси ўлиб кетди (апрел воқеаларини назарда тутаяпти – таҳр.). Ўшалар қайтиб келсин, деб ўлган эмасда улар, - деди Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида Нориндаги инқилобни ҳимоя қилиш қўмитаси аъзоси Кенже Сатибалдиева.

Айни пайтда айрим таҳлилчилар янги тузилган ҳукумат узоқ умр кўра олмаслигини тахмин қилмоқдалар.

- Икки ойдан кейин ҳозир бошланган ижтимоий норозилик пишиб етилганда Ҳукуматга қаттиқ эътирозлар айта бошлайдилар, деб ўйлайман. Балки буни Ата-Журт партияси биринчи бўлиб бошлаши мумкин. Улар “Алмазбек Атамбаев вазиятни изга сололмади, ижтимоий масалаларни ҳал қилолмади” деб айтишиб, коалициядан чиқиб, Атамбаевнинг ўзини сиёсий саҳнадан четлатиб қўйишлари мумкин. Мен коалиция таркибидаги фракцияларнинг бир-бирига ишонч даражаси ўта паст, деб ўйлайман, - деди “Перспектика” таҳлилий консорциуми раҳбари Валентин Богатирев.
XS
SM
MD
LG