Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:01

Ўшдаги ўзбеклар янги зўравонликлардан қўрқмоқда


10 инчидан 20 декабргача бўлган 10 кунни юрак ҳовучлаб ўтказган ўшликлар кечадан бошлаб яна ваҳимада: шаҳарда яна тўполон бўлармиш, деган миш-миш тарқалди. Оддий ўшликлардан олинган бу хабарни қирғиз ҳуқуқ фаоли тасдиқласа¸ Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Мелис Турғанбаев миш-мишларда асос йўқ, дея инкор қилди.

10-инчидан 20 декабргача ўшликларни юрак ҳовучлаб ўтиришга шаҳар мэри Мелис Мирзақматов мажбур қилди.

KGinform сайти 15 декабр куни "Мелис Мирзақматов ўшлик ўзбеклар вакиллари билан 13 декабр кунги учрашуви чоғида 10-инчи билан 20 декабр орасида шаҳарда террористик ҳужумлар бўлади деди", деб хабар берган эди.

Тилга олинган сайт ва Қирғизистондаги бошқа ахборот агентликлари 15 декабр куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи Кенешбек Душебаевнинг Мирзақматов баёноти юзасидан айтганларини эълон қилган эди.

Айтилишича, Душебаев "жанубий пойтахт мэри аҳоли ўртасида фитна тарқатувчи сиёсатчилар сирасига киради" деган.

Ортда қолган 10 кун ичида ўшликлар кўникишга улгуриб бўлган турли инцидентлар ҳисобга олинмаса, Мирзақматов айтган террор ҳужумлари содир этилмади.

Бироқ ваҳимали 10 кун ўтиб, Ўшда тартибсизликлар учун янги сана – 25 декабр айтилмоқда.

Баъзи манбалардан олинган хабарларга қараганда, бу ҳақда одамларга СМСлар келмоқда.

Исмини айтмаслигимизни сўраган ўшлик йигит 21 декабр куни Озодлик саволларига жавоб берар экан, тилга олинганга ўхшаш СМС олмаганини айтди. Бироқ у кеча Черемушкида юз берган воқеа тўғрисида айтиб берди.

- Бу кундаги вазият ака ўта яхши эмас. Борган сари оғирлашиб кетаяпти. Болалар кўчада юра олмаяпти ëлғиз. Мана кечаги ситуация. Черемушкидаги тубдиспансер борку, касаллар чиқиб туриб ичиб олишиб, савдо қилаëтган аëлларга “Сенлар ўзбеклар қирғизларнинг пулларига уй солиб олиб яшашаяпсан” деб тўполон қилишибди.

Озодлик: Касалларми ëки савдо қилаëтган аëлларми?

- Касаллар чиқиб туриб савдо қилаëтган аëлларга ташланган.

Озодлик: Савдо қилаëтган ўзбек аëлларига-а?

- Ҳа. Ўша ердаги бир-иккита уйга ҳам киришиб тўполон қилишибди. “Қирғизнинг пулига уй солинаяпти. Сенлар яшашаяпсан яна. Кетиш” деб туриб шунақа вазиятлар бўлибди.

Озодлик: Қайси уйларни назарда тутган? Қирғиндан кейинги уйларни айтаяптими?

- Ҳа, дейди исмини айтмаслигимизни сўраган ўшлик йигит.

Суҳбатдошимиз айтиб берган воқеа - Черемушкидаги сил касалликлари диспансерида даволанаётган қирғиз беморларнинг касалхона атрофида яшайдиган ўзбекларга таҳдид қилгани тўғрисидаги хабарни Ўшдаги бошқа ишончли манбалар ҳам тасдиқлади.

Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова шу кунда Ўшда. У ҳам оддий ўшлик йигит айтган гапни айтди: "Шаҳардаги вазият жуда оғир".

- Ўшдаги вазият оғир, одамлар кўчага чиқишдан ҳам, бозорга бориб савдо қилиб келишдан ҳам қўрқади, деди Азиза Абдурасулова.

У ўтган 10 кун ичида Мирзақматов башорат қилган террор ҳужуми содир этилмаганини қониқиш билан эътироф этар экан,

- Бугун 21-инчи, энди 25-инчида тўполон бўлади, дейишмоқда, бундай гаплар аҳоли қўрқиб қолганидан ҳамда расмийлар ана ўшандай миш-мишлар чиқишининг олдини олиш устида иш олиб бормаётгани сабабли чиқмоқда, деди.

Мақоламиз бошида ўшандай миш-мишларнинг тарқалишига шаҳар мэрининг баёнотлари ҳам сабаб бўлаётганини, уни баёнотлари учун Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи қоралаганини айтдик.

Озодлик қирғиз хизмати мухбири Мэлис Мирзақматовнинг ўзига ҳам 21 декабр куни микрофон тутди.

Мухбирнинг "Ўшликлар бизга қўнғироқ қилиб, 25 декабрда яна тўполон бўлар экан, деб сўрашмоқда, сиз нима деб жавоб берган бўлардингиз?" деган саволига Мирзақматов

- Халқни ваҳимага соладиган бундай хабарлар телефон орқали, интернет орқали кунига 5-6 мартадан пайдо бўлиб туради. Хавфсирашга асос йўқ, деб ҳисоблайман, деб жавоб берди.

Ўш шаҳар мэрининг гапларига, шаҳарда бундан буён тўқнашув бўлмаслигига, албатта, ишонгинг келади.

Лекин унинг бутун Ўш биладиган жиноятларни "бўлмаган" дейиши ўйлантиради.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирининг кейинги ойларда бир неча ўзбек келини номаълум шахслар томонидан опқочиб кетилиб, зўрлангани тўғрисидаги саволига Мирзақматов бундай жавоб берди:

- (Хотин-қизларнинг) ўғирлаб кетилгани, куч ишлатилгани, зўрлангани фактлари йўқ. Қўшнисиникига, дугонаси ёки отасиникига бориб қайтган хотин-қизлар тўғрисидаям шундай миш-мишлар тарқатишаяпти. Бу "Самарқандда сомон учди", деса, "Самарқандга ўт кетди", деб тушунилганга ўхшаш гап холос, деди Мирзақматов.

Материалимизни Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Мелис Турғанбаевнинг гапи билан якунлаймиз:

- Қорақўлдагина эмас, Ўшда ҳам, Тўқмоқда ҳам “Сартларга ўлим” деган ёзувлар пайдо бўлаяпти. Албатта, бундай ёзувлар пайдо бўлишига туртки бўлаётган шахслар бор. Аммо “миллатлараро низо бошланар экан” қабилидаги миш-мишларда асос йўқ, деди Ички ишлар вазирлиги расмийси Турғанбаев.
XS
SM
MD
LG