Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:14

Бишкек жанубий чегараларни мустаҳкамлаш тараддудида


Қирғизистон расмийлари деярли бир ойдан бери мамлакат ҳудудида турли террорчилик ҳаракатлари содир этилиши мумкинлиги ҳақида аҳолини огоҳлантириб келмоқда ва хорижлик террорчи гуруҳлар мамлакат жанубида яхши қўриқланмаётган чегаралар орқали кириб келаётганини билдирмоқда.

Қирғизистон куч ишлатар тузилмалари ва айрим ҳокимлар мамлакатда хориждан кириб келган террорчилар амалиётлари хавфи мавжудлиги ҳақида аҳолини огоҳлантираётган бир пайтда, президент Ўтунбаеванинг Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари билан ўтган учрашувда сўзлаган нутқи қирғиз жамиятини яна ташвишга солиб қўйди.

- Бизнинг олдимизда қирғиз чегарасининг жанубий йўналишини мустаҳкамлаш вазифаси турибди. Айни пайтда бу чегара чизиғининг ҳар бир километрига фақат битта чегарачи тўғри келмоқда. Айрим ҳудудларда эса чегарачилар деярли йўқ, - деди Роза Ўтунбаева.

Айни пайтда Афғонистон ва Тожикистондан турли қуролли гуруҳлар яширин тарзда Қирғизистоннинг жанубий ҳудудлари ҳисобланмиш Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларига ўтаётгани, бу гуруҳлар Ўш қирғини воқеасидан кейин мураккаблашган вазиятни янада мураккаблаштириши мумкинлиги ҳақида ҳам баёнотлар берилмоқда.

Хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Тўқўн Мамитовнинг айтишича, қирғиз ҳукуматининг бундай билдирувларида жон бор:

- Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг бир нечта жамоати бор. Ўзбек жамоати, тожик жамоати, шунингдек, қирғиз жамоати ҳам мавжуд. Бу жамоатлар айни пайтда Фарғона водийсида йиғилаяпти. Шунинг учун жанубий ҳудудларимиздаги чегаралар таҳдид остида, - дейди Тўқўн Мамитов.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Қирғизистон махсус хизматлари бир ой мобайнида террорчиликда гумонланган ўнга яқин одамни қамоққа олган, яна 30 га яқин одамни террорчи гуруҳларга аъзоликда гумонлаб, қидирувга берган эди.

29 ноябрда эса Ўш шаҳридаги Мажримтол маҳалласи масжиди имоми Фарҳод Нурматов хонадонида махсус амалиёт ўтказилган ва бу ерда 4 одам террорчи сифатида ўлдирилган эди. 30 ноябрда Бишкекдаги Спорт саройи олдида портлаш содир этилган.

Қирғизистон махсус хизматлари бу воқеаларнинг барчасини бир занжирнинг халқалари сифатида баҳолаган.

Бироқ ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров Қирғизистон расмийларининг диний террорчи гуруҳлар мамлакат ҳудудида фаолият бошлагани тўғрисидаги баёнотларига ишонмаслигини айтади. Унинг фикрича, бу динга қарши кураш ва донор мамлакатлар эътиборини тортиш учун қилинаётган ишдир.

- Динга қарши кураш доимо бўлиб келган ва айниқса, бугунги кунда кучайди. Бундан мақсад “диний-экстремистик, терорчилик гуруҳлари кўпайиб кетди” деб, террорчиликка қарши кураш баҳонасида Америка ва бошқа ғарб давлатларидан ёрдам пули олишдир. Мамлакат ҳудудида террорчилик ҳаракатларининг пайдо бўлиши ҳақидаги баёнотлар кўпиртирилган қуруқ сўзлардир, - дейди Равшан Гапиров.

Айни пайтда Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева мамлакат жанубидаги вазиятнинг мураккаблигича қолаётганида экстремист ва террорчи гуруҳларни айблади.
XS
SM
MD
LG