Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:22

Москвада ушланган ўзбек қочқини озод этилди¸ аммо...


Наби Султонов Москва милицияси томонидан ҳужжат текшириш пайтида қўлга олинган.
Наби Султонов Москва милицияси томонидан ҳужжат текшириш пайтида қўлга олинган.

Москвада Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган 31 ёшли Наби Султонов милиция томонидан яна бир бор қўлга олинди. Вақтинчалик қочқин мақомига эга Султонов озод қилинган бўлса-да¸ бундай хатарли ҳолатнинг қидирувда бўлган бошқа ўзбекистонликлар билан яна такрорланиши мумкинлигини айтилмоқда.

23 декабр куни Москва метро бекатларидан бирида шаҳар метрополитени милицияси ходимлари хужжатлари текширилган шахснинг “хавфли террорчи” сифатида халқаро қидирувда бўлган Наби Султонов эканлигини аниқлашган ва бу шахсни маҳаллий милиция бўлимига олиб кетишган. Бу ҳақда Озодликка Наби Султоновнинг адвокати, Мемориал маркази ходими Роза Магомедова хабар берди.

- У эрталаб соат 8 ларда Тимирязевская метро бекатида қўлга олинди. Унинг шахсини аниқлаш учун милицияда кўп вақт сарфлашди. Барча ҳужжатлар келтирилгандан кейин кечирим сўраб қўйиб юборишди. Гап шундаки, у Россияда вақтинчалик қочқинлик мақомига эга, яқиндагина қўлга олган эди бу мақомни. Бу ҳолатнинг яна бир неча бор такрорланиши эҳтимолидан чўчияпмиз, чунки айнан шу вазият иккинчи маротаба такрорланяпти: 3 ой олдин Султонов қўлга олиниб қўйиб юборилган эди. У бу ерда ишлайди, оиласини боқади, дейди Наби Султоновнинг ҳимоячиси Роза Магомедова.

Озодлик мухбири асли наманганлик Наби Султоновнинг жорий йил 14 сентябрида Москва вилоятининг Кубинка шаҳрида маҳаллий милиция ходимлари томонидан қўлга олиниб¸ уч кундан кейин қўйиб юборилгани ҳақида ўз вақтида хабар берган эди.

Ўзбекистон сўровига биноан халқаро қидирувда бўлган Султонов Россиядан экстрадиция қилинишини хавфи остида яшаб келмоқда. Зотан 2010 йилнинг 30 май куни Ўзбекистон томонидан Россия Ички ишлар бўлимларига тарқатилган янги рўйхатда қидирувда бўлган шахслар рўйхатига Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши Европа Судининг 2009 йил 20 март кунги қарори билан тақиқланган Наби Султонов исми-шарифи ҳам киритилган.

Ўзбекистонда Султонов республика Жиноят Кодексининг 159-моддаси 3- банди бўйича террорчилик ва экстремизмда айбланиб¸ халқаро қидирувга берилган. Хабарларга қараганда¸ Россиядан вақтинча бошпана топган Наби Султоновнинг Наманганда қолган яқинларига Ўзбекистон хавфсизлик кучлари томонидан босим ўтказилмоқда.

"Шунга қарамай¸ Россияда вақтинчалик қочқин мақоми берилган Наби Султонов фуқароликни олмагунга қадар айрим бюрократик механизмлар туфайли экстрадиция хавфи остида яшашни давом эттиради", дейди Мемориал қошидаги “Фуқаровий кўмак” кўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина.

- У Интерпол қидирувида ва уни бу рўйхатдан на Россия, на Европа суди олиб ташлаши мумкин. Бу ҳолат қочқинлик мақомини олганлар халқаро қидирув базасидан олиб ташланмагунга қадар давом этаверади. Кеча мен милиция билан гаплашдим, Омбудсмангача бордим, улар ҳатто кечирим сўрашди. Султоновни Ўзбекистон домий қидирувга бериб туради ва Россияда у қочқин бўлатуриб ҳам милиция ходимлари томонидан қўлга олинаверади. Бу ерда милициянинг ҳам айби йўқлигини тушунинг. Набининг озод қилиниши бутун ташкилотимизнинг ярим кун вақтини олди, ўзининг қандай аҳволга тушганини тасаввур қилинг! дейди Светлана Ганнушкина.

Ҳуқуқ фаоли сўзларига кўра, қидирувда бўлган бошқа ўзбекистонлик ва умуман марказий осиёлик қочқинларнинг Наби Султонов ҳолатига тушишлари ҳеч гап эмас.

- Гап шундаки, муаммони бартараф этиш учун қидирув базаларидаги бундай шахсга тегишли маълумотларда унинг бадарға қилиниши мумкин эмаслиги ҳақида белги қўйилмоғи зарур. Бу қарор Европа Суди қарори ва Наби Султонов вазиятида, Россия суди қарори билан унинг экстрадиция қилиниши мумкин эмаслигини кўрсатиш керак. Бу ишни Россия расмий органлари бажариши керак. Лекин биласизку, бизда мулозимлар ташаббус ўзидан чиқишни истамайди. Уларга тепадан буйруқ келмагунга қадар қўл қовуштириб ўтираверади, дейди “Фуқаровий кўмак” кўмитаси раиси.

Ганнушкина хоним қочқинлар билан бўлаётган бундай вазият Ўзбекистон махфий идоралари ходимларининг Россияда бемалол фаолият юритишига имкон бераëтганини таъкидлайди.

- Ўзбекистон махсус хизматлари бу одамларни қўлга киритиш учун пул тўлашга ҳам тайёр. Мана бир ўзбек йигити 15 сентябр куни бу ердан ўғирлаб кетилди. Ноябр охирларида яқинларидан унинг ҳозирда Андижон турмасида экани ҳақида хабар олдик. Яъни уни экстрадиция процедурасисиз Россия махфий органлари ёрдамида ўғирлаб кетишган. Исми Сотволдиев Санжарбек! Биз унинг учун бошқа одам номида паспорт расмийлаштирилгани ва Ўзбекистонга олиб кетилганлиги ҳақида маълумот олдик. Сентябр ойидан буён шу тариқа бизда 11 киши йўқолди! дейди Мемориал инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти қошидаги “Фуқаровий кўмак” кўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина.

Бевосита лавҳамиз қаҳрамони тақдирига оид тафсилотларга келадиган бўлсак¸ 2008 йил март ойида Россияга келган Наби Султонов илк бор Ўзбекистон сўрови билан 17 июн куни Перм шаҳрида ҳибсга олинган.

Наманган шаҳар судининг 2008 йил 5 июнда сиртдан чиқарган ҳукмига кўра, Наби Султонов Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва тақиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланган.

2008 йилнинг 18 сентябрида Россия Бош прокуратураси Наби Султоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича қарор чиқарган.

2009 йилнинг 20 мартида Европа суди қарори билан Ўзбекистон фуқароси Наби Султоновни Россиядан экстрадиция қилиш жараëни тўхтатилган.

Жорий йилнинг 14 сентябрида Наби Султонов Москва вилоятининг Кубинка шаҳрида маҳаллий милиция ходимлари томонидан қўлга олиниб¸ ҳуқуқ ҳимоячилари аралашуви билан қўйиб юборилган.
XS
SM
MD
LG