Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:21

Қозоғистонда референдум тараддуди бошланди


Нурсултон Назарбоевнинг умри охирига қадар президентликда қолишига қонуний асос яратилган.
Нурсултон Назарбоевнинг умри охирига қадар президентликда қолишига қонуний асос яратилган.

Нурсултон Назарбоев президентлик ваколатларини узайтириш бўйича умумхалқ референдуми ўтказиш таклифи билан чиққан ташаббус гуруҳи икки кун ичида Қозоғистон Марказий сайлов комиссияда рўйхатга олинди ва эндиликда ўз таклифини қўлловчи фуқаролар имзосини йиғишга киришди.

27 декабр куни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси Нурсултон Назарбоев президентлик ваколатларини узайтириш бўйича умумхалқ референдуми ўтказиш таклифи билан чиққан ташаббус гуруҳининг рўйхатга олиниб¸ расман фаолият бошлаганини эълон қилди.

Бу ҳақда МСК раиси Қувондиқ Турғанқулов 27 декабр куни Озодликка маълум қилди.

Мазкур ташаббус гуруҳи 320 одамдан ташкил топган бўлиб¸ улар¸ Қозоғистон қонунчилигига кўра¸ мамлакатдаги республика аҳамиятига молик барча минтақа ва шаҳар вакилларини ўзида жамлайди.

МСК раисининг таъкидлашича¸ бундай ташаббус гуруҳи фаолияти умумхалқ референдуми ўтказиш бўйича Қозоғистон конституциясида белгиланган қоида ва талабларга тўлиқ мос келади. 27 декабр кунги комиссия йиғилишида ташаббус гуруҳи вакилларига гуруҳнинг қайддан ўтганини тасдиқловчи гувоҳнома¸ ҳамда фуқаролар имзосини йиғиш учун махсус варақалар тақдим этилди. Йиғин иштирокчилари¸ ташаббус гуруҳининг бугундан бошлаб Назарбоев ваколатларини узайтириш бўйича умумхалқ референдуми ўтказишни қўлловчилар имзосини йиғишга киришишлари мумкинлигини алоҳида таъкидладилар.

Қозоғистон МСК раисига кўра¸ мамлакат қонунчилигида ташаббус гуруҳининг халқдан имзо йиғиш жараëни муҳлатини белгиловчи чекловлар йўқ ва сайлов тизимларининг кейинги фаолияти бу жараëннинг қанча давом этишига боғлиқ.

Қонунга кўра¸ ташаббус гуруҳи республика аҳамиятига молик минтақа ва шаҳарлар аҳолисини ўзида тенг акс эттириш учун ҳар бир минтақа ва шаҳардан камида 12 500 нафардан фуқаро¸ жами эса 200 минг одам имзосини тўплаши лозим.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раисининг таъкидлашича¸ мамлакатда навбатдаги президентлик сайловидан кўра¸ умумхалқ референдуми ўтказиш давлат бюджети узун арзонроқ тушади.

- Ҳозирча бундай референдум учун давлат бюджетидан маблағ ажратилганича йўқ. Аммо ҳозирданоқ сайлов ва референдум учун сарфланадиган маблағларнинг қиëс қилиб бўлмас даража фарқланиши¸ яъни референдумнинг арзонроқ бўлишини айтишим мумкин¸ деди 27 декабр куни МСК раиси.

Нурсултон Назарбоев президентлик ваколатини умумхалқ референдуми орқали узайтириш таклифини ўртага қўйган ташаббус гуруҳи 23 декабр куни Уст-Каменогорскда Қозоғистоннинг барча минтақаларидан келган делегетлар қатнашган йиғинда ўртага қўйилди. Эртаси куни ташаббусчилар ўзларини расмий гуруҳ сифатида қайддан ўтказишни сўраб Марказий сайлов комиссиясига ариза топширдилар ва душанба куни МСК улар сўрови қондириб¸ гуруҳ қўлига расмий гувоҳнома топширди.

Семипалатинск университети ректори¸ мазкур ташаббус гуруҳи раҳбари Ерлан Сидиков журналистларга ўз таклифларини қўлловчи 200 мингдан ошиқ имзо йиғишнинг кўпга чўзилмаслигини билдирди.

- Бу иш қанча тез битса¸ шунча яхши. Биз ўзимиз белгилаган муҳлатга кўра¸ 10 январгача имзо йиғиш жараëни ниҳоясига етиши керак¸ деди Сидиков.

Нурсултон Назарбоевнинг президентлик ваколати 2012 йилда ниҳоясига етади. Сентябр ойида Назрбоев маслаҳатчиси Ермуҳамед Ертисбоев¸ Назарбоевнинг яна бир муддат президентликка даъво қилажагини билдирган эди. Бир ойдан сўнг эса¸ Қозоғистон халқлари ассамблеясида сўзлаган Назарбоевнинг ўзи¸ ярим ҳазил¸ ярим чин тарзида¸ агар ëшлик эликсири топилса¸ 2020 йилга қадар президентликда қолишга ҳозирлигини билдирди.

2007 йилда Қозоғистон конституциясига киритилган ўзгартишларга кўра¸ Нурсултон Назарбоев исталган муддатга президентликка даъвогарлик қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG