Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:52

БМТ қўмитаси ўзбек қочқинларини бадарға қилмасликни сўрамоқда


БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистон расмийларини олти ойдан буён Олмаота ҳибсхоналарида қолаётган 29 ўзбек қочқинининг экстрадициясини тўхтатиб туришга чақирди. Бу ҳақда Озодликка таниқли ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева маълум қилди.

Тожибоева хоним бу хабарни қароргоҳи Францияда бўлган Қийноқларга қарши насронийлар ҳаракати (АСАТ) вакилларидан уққанини айтади. Ҳуқуқ фаолига кўра, БМТ қўмитасининг Олмаотадаги ўзбек қочқинлари масаласига қизиқиши бу муаммонинг халқаро меъёрларга асосланган ҳолда ҳал қилиниши, пировардида уларнинг Ўзбекистонга бериб юборилмаслигига умид уйғотади.

Мўътабар Тожибоева фикрича, БМТ қийноқларга қарши қўмитасининг Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари шикоятларини қабул қилиб олиб, кўриб чиқмагунича уларни Ўзбекистонга топширмай туришни сўраб қилган мурожаати қозоқ расмийларини ҳам, ўзбек расмийларини ҳам бирдек хавотирга солиши аниқ.

- Чунки қочқинлар вазияти кўриб чиқилса, уларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани, уларнинг ҳуқуқи ўта қўпол равишда бузилгани фош бўлади, - дейди Мўътабар Тожибоева.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 6 декабридан бошлаб Олмаотанинг Олмали туман судида Қозоғистондан вақтинча бошпана топган ўзбек қочқинларининг Олмаота шаҳар миграция департаменти қарори юзасидан шикоят аризалари кўрила бошлаган.

Мазкур идора Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинларининг Қозоғистон ҳудудидан вақтинча бошпана бериш бўйича илтимосини рад қилган. Агар бу қарор ўз кучида қоладиган бўлса, ҳозирда Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинлари Ўзбекистонга қайтариб юборилиши мумкин.

Шу кунгача Олмали туман суди Олмаота ҳибсхоналарида қолаётган қочқинлардан 24 тасининг шикоят аризасини рад этди.

Олмаотадаги икки ҳибсхонада сақланаётган 29 ўзбек қочқини шу йилнинг 9-11 июн кунлари ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қўлга олинган. Ўтган ярим йил мобайнида Қозоғистонда ушланган ўзбек қочқинларидан тўртта нафари (уларнинг бири қирғизистонлик, яна бири тожикистонлик) Ўзбекистонга бериб юборилган.

Ҳибсда сақланаётганлар Ўзбекистонда таъқиқланган диний-экстремистик оқимларга мансублик ва конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ҳамда қасддан қотиллик қилганликда гумон қилинмоқда. Аммо ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг ўзлари ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини ва ўзларининг айбсиз эканларини айтиб келишади.
XS
SM
MD
LG