Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:12

Элёр Ғаниев кўтарилди, Владимир Норов туширилди


Элёр Ғаниев 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин ҳам қисқа муддат ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган эди.
Элёр Ғаниев 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин ҳам қисқа муддат ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган эди.

Айниқса, 2009-2010 йиллар давомида Каримов ҳукуматига яхшигина хизмат қилган Владимир Норовнинг кутилмаганда Ташқи ишлар вазири лавозимидан олиниб, вазирнинг биринчи ўринбосари даражасига туширилгани баъзи таҳлилчилар фикрича, расмий Тошкентнинг ташқи сиёсатда янги даврга ҳозирлик кўраётганидан ишоратдир.

Ўзбекистон президенти фармонига мувофиқ, 28 декабр куни Элёр Ғаниев Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири этиб тайинланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти хабар қилди.

Элёр Ғаниев 2006 йилдан бери Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.

Аммо, у 2005-2006 йиллар оралиғида ҳам қисқа муддатга Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган ва у ишлаган давр 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматининг Ғарб давлатлари билан алоқалари ўта таранглашган даврга тўғри келган эди.

Таҳлилчилар назарида расмий Тошкент учун мураккаб бўлган бу даврда масъулиятли лавозимга ўтказилган Ғаниев Тошкент ишончини оқламагани ва бир неча ножўя баёнотлар билан вазиятни янада кескинлаштиргани боис бу лавозимдан олинган эди.

Аммо, шунда ҳам Ғаниев эндиликда собиқ Ташқи ишлар вазири Владимир Норов каби вазир ўринбосари даражасига туширилмаган, яъни, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири лавозимига тайинланган эди.

Асли сирдарёлик, касби инженер-геолог бўлган Элёр Ғаниев кўпроқ Россия ва Осиё давлатлари йўналиши бўйича тажрибага эга бўлган амалдор кўрилгани боис унинг яна Ташқи ишлар вазирлиги лавозимига қўйилгани, баъзи таҳлилчилар фикрича, Каримов ҳукуматининг ташқи сиёсати ҳам шу йўналишда ўзгаришидан далолатдир.

Зеро, Афғонистонга юкларни етказиш учун мўлжалланган Шимолий таъминот тармоғига тобе бўлиб қолган Ғарб ҳукуматлари энди президент Каримов иродасига итоат қилишига расмий Тошкентнинг ишончи комил, деган фикрлар бу тахминга асос қилиб келтирилмоқда.

Шу кунгача Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган ва Ғарб давлатлари билан сиёсатда яхшигина натижаларни расмий Тошкентга тортиқ қилган Владимир Норов вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

Бу ҳақда ҳам бир жумлагина хабар тарқатган Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида бунга ҳам бирор изоҳ йўқ.

Аммо айни пайтда Абдулазиз Комилов ҳам Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишламоқда.

У ҳам шу лавозимда қоладими ёҳуд вазирликда Владимир Норов учун яна битта биринчи ўринбосар лавозими очиладими - бу ҳақда ҳозирча бирор маълумот йўқ.

Шу тариқа, Ташқи ишлар вазирлиги отлиқ бинога солинган йирик амалдорлар учлигининг келгусидаги ҳамкорлиги қандоқ бўлиши ҳақидаги гаплар ҳозирча фақат тахмину фаразлар даражасидаги гаплардир.

Дарвоқе, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири лавозимига шу пайтгача Иқтисодиёт вазири ўринбосари бўлиб ишлаган ва норасмий маълумотларга кўра, ҳукумат тепасида бўлган кўплаб "бўҳрон"лардан омон чиқиб келаётган Галина Каримовна Саидова эгаллаган.

Бу аёл муқаддам Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот-таҳлил бошқармаси раҳбари ва муҳими, Кадрлар тайёрлаш бўйича Республика миллий комиссияси аъзоси бўлиб ишлагани айтилади.

Шу ўринда 2011 йилда хорижий сармояни ошириш иддоаси билан чиқаётган расмий Тошкентнинг Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири лавозимига бу аёлни тайинлашини баъзи таҳлилчилар эътиборли жиҳат ўлароқ баҳолаётганини ҳам эслатиш жоиз.
XS
SM
MD
LG