Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:31

Яманда 5000 ўзбекистонлик шифокор беморлар хизматида


Ўзбекистонда рўзғор тебрата олмаган шифокорларнинг Яман ва бошқа давлатларда қадри анча баланд.
Ўзбекистонда рўзғор тебрата олмаган шифокорларнинг Яман ва бошқа давлатларда қадри анча баланд.

Тирикчилик илинжида чет мамлакатларда ишлаб юрган ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари армияси фақат ғишт терувчи, сувоқчи, бўëқчи ёки кўча супурувчилар, энага-фаррошлар, бир сўз билан айтганда қора ишчилардан иборат эмас афтидан. Сўнгги йилларда ўзбекистонлик профессионал врачлар ҳам ўзга юртларда ўрнашди.


Араб ярим оролидаги Яман давлати касалхоналарида ўзбекистонлик докторларни кўп учратиш мумкин. Пойтахт Сана шаҳридаги биргина "Ал Амал" хусусий шифохонасида тўрт ўзбекистонлик врач ишлайди. Ҳакимжон ака уларнинг бири.

- 5000 нафар ўзбек докторлари бор.

Озодлик: Ҳаммаси докторми?

- Ҳаммаси доктор, медсестра.

Озодлик: Қандай келиб қолишган улар?

- Келиб қолишнинг иккита йўли бор. Биринчи йўли, Тошкентдан туриб, бу ердаги даллолга телефон қилади. Даллол араб. У чақиради. 1000 долларга виза қилади, 700 долларга билет оладида, уни чақириб олиб келади. Виза қилиб, олиб келади. Ундан кейин битта больницага ишга жойлаб қўядида, фиктивний болницага тушунаяпсизми. Бир-икки ой ишлатадида ўша ердаги ойлигини ўзига олади. Бу дегани 1200 доллардан 2400 долларни ўзининг ëнига олади даллол, кейин “Қаëққа борсанг бор”, дейди. Тилни билмайдиган, бошқа хор-зор бўлиб юраверади. У ëққа бориб, бир ой ишлайди, бу ëққа бориб, бир ой ишлайди. Ана шунақа хор-зор бўлиб ўзини осиб қўйганлар нечта бу ерда. Қарз-ҳавола қилиб келадида бу ëққа.

Озодлик: Яманда Ўзбекистон дипломи ярайдими?

- Фақат Яманда Ўзбекистон дипломи ўтади. Саудияда, Эмиратда ўтмайди. Иккинчиси, масалан, мен шу ерда ишлайман. Танишларим бор. Мен чақираман. Мен виза қиламан, мен чақираман. Точно битта болницага келади. Қолгани ўзига боғлиқ. Агар ишласа, ишлаб кетди, бўлмаса, ҳайдаб юборади. Бу ерда конкуренция жуда катта. Медицина жуда катта бизнес бу ерда.

Энг ëмон томони, мана 5000та ўзбек келган дедимку, ўшанинг 15-20 фоизи доктор эмас. Диплом сотиб олган. Бозорда сотувчилик қилган ҳам докторлик қилаяпти, мактабда ўқитувчилик қилган ҳам докторлик қилаяпти. Қишлоқ-пишлоқларда юрибди. Пул тўлайди уларга ҳам. Шунақа қилиб, кўпинча бизнинг юзимизни ерга қаратиб қўяди. Профессионал докторлар ҳам бор. Зўр докторлар бор. Уларни араблар қаттиқ ушлайди. Қўйиб юбормайди. “Кетаман” деса, дарров ойлигини кўтаради. Доктор бўлмаган докторлар ҳам кўп. Менда жуда қизиқ маълумотлар бор.

Озодлик: Ўзингиз қандай келиб қолгансиз? Ўзингиз қандай врачсиз?

- Мен ўзим анестезиологман. Ҳарбий врач бўлганман. Пенсияга чиққандан кейин бу ëққа келдим. Просто айланишга келдим мен. Бир ойга келдим. Бу ерда танишларим бор эди. Ўртоқларим “келинг”, деди. Келдим. Мақсад ишлаш эмас эди. Келиб болалар билан бирга бир-икки кун ишлаган эдим, хўжайинга ëқиб қолдим шекилли “қоласан”, деб туриб олди. Мана беш йилдан бери шу ердамиз.

Озодлик: Оилангиз ҳам ëнингиздами?

- Йўқ, оила Тошкентда.

Озодлик: Яманда врачлар етишмайдими?

- Етишади. Охирги пайтларда кўпайиб қолди. Лекин чет элликлар ишлаëтган больницага касаллар кўпроқ келади. Яманликларга ишонмайди. Уларни “тижорат қилувчи докторлар”, дейди. “Улар сендан пул олса бўлди. Охирини билмайди”, дейди. Рус докторларининг ҳурмати бор. Рус докторлар ўтирган жойга кўп келади.

Озодлик: Ўзингиз нима иш қиласиз ҳозир?

- Мен анестезиология, реанимация бўйича "Ал-Амал", деган госпиталда ишлайман. Наркоз бераман ва реанимацияда оғир касалларга қарайман. Ойликлар ëмон эмас.

Озодлик: Бошқа ўзбекистонликлар борми ëнингизда?

- Бор. Мана ëнимда ўтирибди. Оҳангаронлик Мадумар, деган ЛОР врач йигит бор. Фарғоналик Тиловберди, деган бола бор. Навоийдан Манзура, деган гинекологимиз бор. Ҳаммамиз мана шу болницада ишлаймиз. Битта больницада тўртта бўлгандан кейин ўзингиз кўз олдингизга келтираверинг Яман бўйича нечталигини.

Озодлик: Ëнингиздаги ўзбекистонлик ҳамкасбларингиз билан гаплашсак бўладими?

- Бўлади.

(телефон гўшагини Ҳакимжон аканинг ëнидаги ҳамкасбларидан бири олди)

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Ассалому алайкум. Келаëтган янги йилларингиз билан.

- Раҳмат. Ўзингизни ҳам ака.

Озодлик: Ишлар билан ҳорманг.

- Мана бизлар ҳам ишлаяпмиз шу ерда. Энди яшаш, ўйлайманки, ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ. Биз ҳам келганимиздан кейин бу ердагиларга ëқиб қолиб, больницанинг бошлиқлари бор, мулк эгасида булар.

Озодлик: Хусусийми больница?

- Ҳа, хусусий. Мулк эгасига яхши фойда келтирувчи доктор ëқади. Нимагаки, касалларни яхши даволайди, ҳеч қанақа асоратсиз даволайди. Касалларнинг биттаси иккитасини, иккитаси тўрттасини тортиб келади. Шунақа қилиб кўпаяверади.

Озодлик: Нима иш қиласиз?

- Мен асосан қулоқ, бурун, томоқ докториман. Лекин юз, жағ бўйича ҳам пластик операциялар қиламан.

Озодлик: Ўзбекистонда қаерда ишлагансиз?

- Ўзбекистонда Тошкент вилоятида ишлаганман.

Озодлик: Келганингизга неча йил бўлди?

- 6-7 йил бўлаяпти. Икки йилда бир бориб турамиз уйга. Оила бор.

Озодлик: Янги йилни нишонлашадими у ëқда?

- Йўқ, янги йил бу ерда нишонланмайди. Лекин фирмалар йилнинг ҳисобини қилади.

Озодлик: Ўзбеклар ўзларингиз янги йилни кутасизларми?

- Албатта. Нафақат янги йил, Ўзбекистонда нима байрам бўлса, шу ерда кутамиз,- дейди Яманда докторлик қилаëтган ўзбекистонликлардан бири.

Ҳакимжон аканинг айтишича, ўзбекистонлик манаман деган докторлар ҳам Яманда ўрнашмоқда.

- Масалан жуда кучли докторларимиз бор. Мана травмотолог укам бор. Кандидат меднаук. Унча-мунча операцияни синдириб қўяди. Докторлар унинг соясига кўрпача солиб юради. Кучли доктор у. Абдурашид ака, деган кандидат меднаук нейрохирургимиз бор. Абдурашид аканинг айтгани-айтган, дегани-деган. Кучли докторларни жуда ҳурмат қилади булар. Уй беради. Масалан, менга 4 хонали уй берган. Сувини, газини, электрини, арендасини ҳаммасини госпитал тўлайди.

Озодлик: Яман давлати врачлар учун анча хавфлироқ кўринади. Докторларни олиб қочиш ҳолатлари кузатилган. Сизларга ҳам шунақа хавф борми?

- Бор шунақа жойлари. Биздан сал узоқроқдаги жойларда бор. Товон пули олиш учун олиб қочиб кетади. Лекин рус докторларига тегингани йўқ. Немисларни олиб қочди. Ўзбек докторларидан ҳеч кимни олиб қочмаган. Портлашлар бўлиб туради. Буларнинг ҳаммаси кўчада автомат билан юради. Кийими расво бўлса ҳам, Калашников билан юради. Бир хилларида касал ўлиб қолса, касалнинг пулини тўлайсан, деб докторнинг бўйнига пул қўйиб қўяди. Бу томонлари бор. Араб давлатлари ичида маданияти паст давлат Яман ҳисобланади. Шунинг учун Саудия кўпинча ëрдам беради.

Озодлик: Иқлим қанақа?

- Бу ерда икки хил ҳаво бор. Иссиқ ва жуда иссиқ. Ҳозир иссиқ ҳаво. Бизда ҳозир 32 даража иссиқ. Бир-икки ойлардан кейин 45-50-55 градуслар бошланади. Мана жума куни биз Ҳинд океанига чўмилгани кетаяпмиз. Биздан 12 километр нариëқда. Бориб чўмилиб, шашликлар қилиб еб, қайтиб келиб янги йилни кутамиз,- дейди Ямандаги госпиталлардан бирида докторлик қилаëтган ўзбекистонлик Ҳакимжон ака.
XS
SM
MD
LG